Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448

Витр намози ҳақида

06.11.2017   51649   15 min.
Витр намози ҳақида

عن عائشة رضى الله عنها "أن النبى صلى الله عليهِ وسلم كان يصلىِّ إحدى عشرة ركعة، كانت تلك صلاته – تعنى  بالليلِ – فيسجدُ السجدة من ذلك قدْر ما يقرأ أحدُكُم خمسين آية قبل أن يرفع رأسه، ويركعُ ركعتينِ قبل صلاةِ الفجرِ ثُمّ يضطجعُ على شقه الأيمنِ حتى يأتيه المؤذنُ للصلاةِ"

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда ўн бир ракат намоз ўқирдилар. Шу  намозларида бир сажда қилсалар унинг миқдори сизлардан бирингиз ўртача эллик оят ўқийдиган даражада бўларди. Сўнг бошларини саждадан кўтарардилар ва бомдод номозидан (яъни фарзидан) олдин икки ракат намоз ўқиб,  ўнг томонларига ёнбошлардилар то муаззин намозга чақириб келгунча (яъни бомдодни фарзини масжидда жамоатга ўқиб беришни сўраб келгунча)”, дедилар.

Шарҳ: Витрнинг луғавий маъноси тоқ, деганидир. Аммо витрнинг ҳукмида мазҳаб имомлари ихтилоф қилишган. Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги “Албатта Аллоҳ сизларга бир намозни зиёда қилди, ўша намоз витрдир” сўзларига асосланиб вожиб, дейилган.

Демак, Ҳанафий мазҳабида витр намози вожиб, бошқа мазҳаблар эса вожиб эмас, дейишган. Чунки Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда фарз ва вожиб тушунчалари бир маънони, яъни Ҳанафий мазҳабидаги фарз маъносини англатади. Шунинг учун беш вақт намоз фарзлиги ҳақидаги далил ва ҳужжатларни келтириб, уч мазҳаб вакиллари витрни ҳам вожиб, десак олти вақт намоз бўлиб қолади, деган фикрга боришган. Ҳанафий мазҳабимизда эса, фарз билан суннатнинг орасида вожиб борлиги ва витр намози ҳақидаги далиллар фарздан кучсиз, суннатдан кучли бўлгани учун вожиб, дейдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда ўн бир ракат намоз ўқишни одат қилгандилар. Уни шу даражада чиройли адо этиб, қироат, рукуъ ва саждаларни узун қилардилар. Саждаларининг миқдори сизлардан бирингиз мўътадил ҳолатда Аллоҳнинг китобидан эллик оят ўқиш миқдорича бўлар эди. Бу каби амал мусулмонлар Аллоҳга юзланишга, ибодатни ғафлат пайтида кўпайтиришга ундаш маъносида эди. Рукуъ ва саждаларида “Субҳонакаллоҳумма ва биҳамдика Аллоҳуммағфирлийдеб кўп айтардилар. Шунингдек, бомдод намози фарзидан олдин икки ракат намоз ўқирдилар. Кейин муаззин келиб, масжидда жамоатга бомдод фарзини адо этишларини талаб қилиб келгунича қисқа ҳолда роҳат олиш учун ёнбошлаб олардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечани охирида бедорлик сабабли пайдо бўлган чарчоқдан дам олишлари учун кечани охирида ёнбошлаб роҳатланардилар. Ёнбошлашда ўнг томонни ихтиёр қилишлари ўнг томонни яхши кўрганликларидан  ва яна ҳикматларидан бири уйқуга чўмиб кетмаслик учун эди. Чунки қалб чап томонда жойлашган. Киши чап томонга ёнбошлаб ётгудек бўлса уйқуга чўмиб кетиши осонроқ бўлади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Витрдан кейин намоз йўқлиги.

2. Кечасидаги намозларни саждасини эллик оят миқдорида узун қилишга тарғиб этилгани.

3. Бомдодни фарзидан олдинги суннат икки ракат эканлиги.

4. Бомдод намозидаги афзал нарса аввалги вақтидан кечиктирилиши.

5. Муаззинни имомга намоз вақти бўлганидан огоҳ этиши.

Жалолииддин Ҳамроқулов

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

«Асрларни бирлаштирувчи мерос»: медиафорумда Қуръон, қўлёзмалар ва сунъий интеллектга оид лойиҳалар тақдим этилади

26.08.2026   10583   2 min.
«Асрларни бирлаштирувчи мерос»: медиафорумда Қуръон, қўлёзмалар ва сунъий интеллектга оид лойиҳалар тақдим этилади

 «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг учинчи ялпи сессияси 26 август куни «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти» мавзусида бўлиб ўтмоқда. Сессияда Қуръон мероси, қадимий қўлёзмалар, хаттотлик, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ўрин олган, хабар бермоқда iccu.uz.

Асосий лойиҳалардан бири — «114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси» бўлади. Уни Mueller & Schindler нашриёт уйи вице-президенти Александр Вильгельм тақдим этди. Шунингдек, сессияда «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар» халқаро лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Уни Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов тақдим қилди.

Санкт-Петербург ҳужжатли фильмлар студияси бош директори Алексей Тельнов «Ягона тарихий мерос саҳифалари» лойиҳаси доирасида яратилган «Масжид» фильмининг трейлерини намойиш этди. Исломшунос ва маданият арбоби Кетлин Гёбель иштирокчиларни «Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш» ноширлик лойиҳаси билан таништирди.

Алоҳида блок янги технологияларга бағишланади. Сбербанк Истиқболли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ижрочи директори Владимир Кох ҳамда Ислом цивилизацияси маркази профессори, бош илмий ходими Зоҳидулло Мунавваров «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳасини тақдим этади. Дастурдан, шунингдек, «Пайғамбарнинг фазилатлари» китоби ва «Ўзбекистон тарих харитасида: империялар, цивилизациялар, даврлар» лойиҳаси ҳам ўрин олган.

Халқаро мунозара «Жаҳолатдан маърифат сари: стереотиплар ва исломофобияни бартараф этишда медианинг ўрни» мавзусида ўтказилади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф «Журналистикада тарих ва сунъий интеллект: меросни онлайн маконда қандай сақлаш мумкин?» лойиҳасини, Ислом цивилизацияси маркази медиа бўлими раҳбари Ўктам Усманов эса «Ўзбекистонни дунёга машҳур қилган олимлар» китобини тақдим этади. Сессия «Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» тақдимоти билан якунланади. Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ турли мамлакатлар ва ислом хаттотлик мактаблари анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръонни яратиш бўйича хаттотлар ўртасидаги Жаҳон танловини эълон қилади.
 
Форумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Унда деярли 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафар вакили — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари