Кун ё туннинг ўз вақтидан бир лаҳза ортда қолмаслиги, йил фаслларининг алмашиб туриши умр бебақолигини билдирувчи ҳикматдир. Фасллар фақат табиатнинг такрорланиб келишини англатмайди. Унда инсон умри фасллари ҳам акс этади. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий ҳазратлари “Хазойин-ул маоний”даги ғазалларига умр фаслларига монанд ҳолда тартиб берган бўлса, ажаб эмас.
“Хазойин-ул маоний” болалик, ёшлик, ўрта ёшлик, кексалик каби фаслларга ажратилган. Бу фаслларни табиат фаслларига қиёсласак, болалик – баҳор, ёшлик – ёз, ўрта – куз, кексалик – қишга тўғри келади. Бунда ҳеч қандай муболаға йўқ. Ўйлаб қарасангиз, умр фасллари акси бир кунда ҳам намоён бўлар экан: тонг – болалик, бу пайтда табиат мусаффо, одам қайта туғилгандек бўлади ва ҳоказо.
“Тонгги уйқу ризқни қияди”, дейдилар. Бу ҳадиснинг ҳаётий мисоли ҳам бор. Айтайлик, кимдир чошгоҳда туради, бошқа биров эса қуёш чиқмасдан уйғонади. Орада икки соат фарқ бор, дейлик. Эрта турган одам, табиийки, шу вақт ичида бирор фойдали юмуш билан машғул бўлади. Кеч турган эса аранг ишхонасига бориб улгуради. Шу ҳисоб бўйича барвақт уйғонган одам ҳар тўрт кунда бир иш куни, бир йилда тўқсон иш куни орттирган бўлади. Бир йилда бошқалардан уч ой кўп меҳнат қилган одамнинг кўпроқ даромад топишига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Бундан ташқари, математик ҳисоб кўра, болалигиданоқ кеч туришни одат қилган киши етмиш йил умр кўрса, унинг ўн етти ярим йилини меъёридан ортиқча уйқуга сарфлар экан. Бу навқирон йигит умрига тенг вақтни совурмоқ демакдир.
Шифокорларнинг гувоҳлик беришича, кеч турган одам танасидаги ҳужайраларнинг ҳаммаси кун бўйи уйғониб улгурмас экан. Тасаввур қилинг, ярим уйғоқ ҳолда мудраб ишга, ўқишга борамиз, шу ҳолда ўқиб-ўрганамиз, ўқитамиз ва ўргатамиз, ҳужжатлар тайёрлаймиз, имзолар чекамиз... Аллоҳ таоло бизни жамики мавжудотнинг афзали қилиб яратган. Шу боис ўзимизни “ҳазрати инсон” деб улуғлаймиз. Аммо тонг маҳали тирик жон борки, Яратувчига ҳамд-у сано айтаётган чоғда “ҳазрати инсон” ғафлат уйқусида ётган бўлади.
Қуръони каримнинг “Нур” сураси 41-оятида “(Эй, Муҳаммад), Аллоҳга осмонлар ва ердаги бор жонзот ҳам, (самода) саф тортган қушлар ҳам тасбеҳ айтиб покланишини кўрмадингизми?” дея даъват қилинади. Уламоларнинг маълум қилишича, қалдирғоч эрта тонгда “Вал-фажр” (Тонгга қасам) сурасини ўқир экан. Улуғ Навоий бобомиз лутф этганларидек, Туркистон мулкининг шайхул машойихи Аҳмад Яссавий ҳасратлари:
Саҳарларда ул гуллар сано айтур булбуллар,
Ким айтурким, биру бор саҳар вақти ичинда...
– дея бу фурсатнинг қанчалик “хуш соат ва жаннат роҳати” эканини таъкидлайди.
Тонг чоғида туриб бир оз сайр қилсангиз, одамдан бошқа бирор жонзотнинг маст уйқуда ётганини кўрмайсиз. Шундай экан, тонгда туришимизга нима халақит қилмоқда? Биргина кеч ётиб, кеч туришимиз, холос. Аммо бу одатдан воз кечиш у қадар қийин эмас. Фақат бунинг учун инсон ўз вақтининг қули эмас, балки жиловдори бўлиши зарур.
Оналаримиз ўз фарзандларига беқиёс даражада меҳрибон. Шу туфайли болам тиниқиб ухлаб олсин деб уни тонгда – жамики яралмишга ризқ-у насиба улашилаётган пайтда уйғотмайди. Ўзи билиб-билмай норасидасини тонг нафасидан бенасиб қолдиради. Баногоҳ боланинг ўзи уйғониб қолса ҳам дарҳол пардаларни ёпиб хонани қоронғилатади, эмизади, бола яна ухлаб қолади. Бола пошшо-да. У қанча кўп ухласа, шунча кам хархаша қилади. Рўзғор юмушларига халақит бермайди. Бу меҳр-муҳаббат замирида онанинг озгина худбинлиги ҳам борга ўхшайди...
Бундай ҳаддан ортиқ меҳрибончиликлар боис талтайтирилган болани улғайганда “тахти равондан” тушириш қийин кечади. Онаизор ҳам қўлларида кўтариб алла айтиб юрган боласини энди уйғота олмай хуноб бўлади. Аста-секин ширин аллалар, опичлаб эркалашлар ўрнини қийин-қистовлар, аччиқ-тизиқлар, ўйиб-чимчилашлар эгаллайди. Айби нелигини билолмай бола бечора ҳайрон. Ахир, у мурғаклигиданоқ мириқиб ухлашга ўрганган-да...
Фарзандларга барвақт туриб ибодат қилишни ўргатишдан чўчиб қолган вақтлар ортда қолди. Уйқучилик, карахтликдан уйғониш фурсати етганига ҳам анча бўлди-ку. Мусаффо тонг шукуҳини сезмай ухлаб ётган фарзандининг ширин уйқусини бузиш айрим миллатдошларимизнинг мулойим табиатига тўғри келмайди, Аммо истайсизми-йуқми, тонгни ҳаммадан кечикиб қарши олган инсоннинг кун давомида қўлга киритган ютуғи ҳам ўзига яраша бўлади. Шу боисдан бунга жиддий масала сифатида ёндашмоқ лозим.
Ҳаж сафарига борган муборак зотлардан бири маккалик бир хонадон меҳмони бўлганини эслайди: эрталаб бомдодга азон чақирилганда мезбон аёл икки ойлик чақалоқни бурнини чимчилаб уйғотибди. Буни кўрган меҳмоннинг рафиқаси мезбондан болани нега безовта қилганини сўраган экан, “Бола азон билан уйқудан уйғонишни ҳозирдан одат қилмаса, кейин жуда қийналади”, деб жавоб берибди. Шуни эшитганда беихтиёр кўпчилик намозхонларнинг бомдодга туришга қийналаётганидан шикоят қилишини эсладим. Агар одам саҳар вақти туришни мурғакликдан одат қилса, эрта туришга ҳеч вақт қийналмайди, ибодатини ҳам уйқусирамасдан, завқ билан бажаради...
Катта чошгоҳда уйқудан ланж ҳолда туриб бирор дарахтнинг соясигами, чойхонагами йиғилган қўни-қўшнилар замондан, жамиятдан нолимоқни бошлаймиз. Бу пайтга келиб вақтли турган кишилар кунлик юмушининг ярмини бажариб қўйган бўлади. Инсоф билан айтганда, замондан нолиш гуноҳ. Ҳадиси шарифда “Аллоҳ Таоло айтади: Одам фарзанди менга азият бериб, замондан шикоят қилади. Ваҳоланки, замоннинг эгаси менман. Уни ўз қудратим билан кеча ва кундузга айлантириб тураман. Қачон хоҳласам уни тўхтатиб қўйишим ҳам мумкин”, дея марҳамат қилинади. Жамиятдан нолиш ҳам адолатдан эмас, унинг қандай бўлиши шу жамият аъзоларининг маънавият ва масъулияти, билими ва ҳуқуқий маданиятига ҳам боғлиқ. Жамият асоси эса сиз-у бизмиз. Биз қандай бўлсак, жамият ҳам шундай бўлади. Демак, турмушимиз ўзимиз орзу қилгандек кечмаётганига бошқаларни айбдор қилишга ҳар қанча уринмайлик, асосий айбдор ўзимизнинг инсоний савиямиз эканлиги икки карра икки – тўртдай аён.
Гоҳо айрим мамлакатлар фаровонлигидан сўзлаб оғзимизнинг суви кетади. Уларнинг бу даражада тараққий этгани сабабларини ўзимизча таҳлил қиламиз. Бироқ улар кўп ухламаслиги, кўрпа-тўшакка меҳр қўймаслиги ҳисобига шундай фаровонликка эришганини ўйламаймиз. Америка Қушма Штатларига бориб келган дўстимиз айтади: “Бир оилага меҳмон бўлдик, ётишдан олдин мезбон эрталаб соат бешда туришимизни маълум қилди. Мен саккизгача ухламоқчи эканимни айтувдим, эшитиб оғзи очилиб қолди. Чунки улар саккизгача ухлаш мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмас экан. Бундан жуда хижолат бўлдим. Шу воқеадан сўнг барвақт туришни одат қилдим.”
Ўтган йили яна бир ҳамкасбимиз уммон ортига бориб келди. Унинг айтишича, Вашингтонда тонг вақти бомдодга туриб деразадан шаҳарга боқса, кўчада ҳаёт қайнаб ётган экан. Саудия Арабистонини биласиз, иқтисоди ниҳоятда бақувват. Бу мамлакат шаҳарларининг ободлиги, халқининг фаровон турмушига овруполиклар ҳам ҳавас қилади. Тўғри, уларнинг нефти кўп, фуқароларининг ҳаммаси ҳам эрта тонгда туравермас, аммо у юртларда тонги уйқу оммавий тус олмаган. Қут-бараканинг асосий сабаби ҳам шунда.
Саҳархез кишиларнинг иши унумли ва турмуши фаровон бўлишига мисоллар ўзимизда ҳам бисёр. Кибриё Қаҳҳорованинг Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги хотираларида адибнинг кўпинча тонг чоғи ижод қилгани битилган. Тонгда ижодкорнинг мияси тиниқ, фикри равон, турли ахборотлар билан чувалашиб қолмагани боис ижодий меҳнати самарали кечган. Ҳурматли ёзувчимиз Одил Ёқубовнинг шогидлари ҳам устоз ижодий ишларини кўпинча тонг чоғи битириб қўйишга одатланганини айтиб юришади.
Бир қанча ишлаб чиқариш корхоналари ва савдо шохобчалари очган тадбиркорлардан бири тўғрисида танишларининг гапиргани қулоғимга чалиниб қолди. Бу бой бир кунда икки соат ухлар экан. Кундузи бошқа ишлар билан банд бўлиб, кечаси ярим тунга қадар фойда-зарарни ҳисоб-китоб қилармиш. Кейин эрта тонгда стадионда югуриб юрармиш. Бир кунда икки соат ухлаш соғлиқ учун фойдали демоқчи эмасмиз, албатта. Аммо мол-у давлатли одамнинг шу қадар кеч ётиб яна тонгда туришга куч топа олишига қойил қолмай илож йўқ.
Инсоннинг бир кунини умр фаслларига қиёсладик. Фикримизни ҳаётий мисоллар ёрдамида далилласак, тонг – болалик. Шу маънода, кеч туришни одат қилган мурғак жон ҳар куни болалигининг бир неча соатини уйқуда ўтказади. Мана шу уйқуда ўтган кунлар йиғилиб йилларни ташкил этади ва бола яхши тарбиячига шогирдликка берилса, қўлидан тузуккина иш келадиган ёшга бориб қолганда ҳам ўйнаб юради. Сабаби, у кўп ухлагани боис ҳали тўйиб ўйнаб ололгани йўқ.
Она эса боласининг уйқусини қизғанганидек, унинг тўйиб-тўйиб ўйнашини ҳам хоҳлайди. Чунки она учун фарзанд неча ёшга кирса ҳам гўдак бўлиб қолаверади. Шу боисдан болангизга нимадир ўргатгингиз келиб бирор нарсани уқтираверсангиз, онаси “миясини зўриқтирасиз, бола тушинадими, шуни” деб яна ўртага тушади. Табиийки, сиз ҳам боланинг миясини зўриқтирмаслик тарафдорисиз, ахир у дилбандингиз. Кейин эса мана шу зўриқишдан асралган, вақтида ишлатилиб, тобланиб, ривожланиб бормаган мия дангаса бўлиб қолади-да, зарур бўлганда “ишламай” ҳаммани қийнайди. Бу эринчоқлик Абдулла Авлонийнинг “Ялқов шогирд тилиндин” шеърида шундай ифодаланади:
Мен мактабга келмас эдим,
Кирмас, ўқимас эдим.
Мени зўрлаб юбордилар –
Ғариб онам йиғлаб қолди.
Гўдаклигида боласи бошида гиргиттон бўлган онаизор у мактабга чиққанда ҳам қайғуради. Буни сезган бола мактабда ўтилаётган дарсларни ўзлаштиришдан кўра тезроқ йўлларига кўз тикиб, хавотирланиб ўтирган онасининг бағрига қайтиш ҳақида ўйлайди. Ахир, қуёш тепага келгунча мириқиб ухлаган, кечгача ўз эркида телевизор томоша қилган ёки кўча чангитиб ўйнаб юрган болага дабдурустдан “Тонгда тур, нонуштангни қил, мактабга чоп, партада тўғри ўтир, қийшайма, лаллайма, оғзингни ёп, ёз, чиз, ўчир”, каби амирона кўрсатмалар, дўқ-пўписалар бўла бошлагач, довдираб нима қилишни билмай қолади-да.
Боболаримизнинг ўгитларига қараганда, одам қирқ кун давомида бир ишни узлуксиз бажарса, бу юмуш унга одат бўлиб қолар экан. Тарки одат эса амри маҳолдир. Айрим юртдошларимизга қуёшдан кейин уйғониш кўп йиллик одатлигини ҳисобга олсак, уларнинг вақтли туришга қийналиши ажабланарли ҳол эмас. Аммо эринмасдан узоғи билан қирқ кун жидду жаҳд этсалар, субҳи содиқданоқ кўчалар гавжумлашиб, хонадонимизга файз-у барака ёғилаверади.
Шундай экан, дилбандингизни эртароқ уйғотинг, онажон!
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист
Муаллифдан: Хорижга борганимизда эрталаб йўлда кетаётиб бир кампирнинг ўзига ўзи: “Миллат ухлаяпти, миллат”, дея минғирлаб юргани қулоғимга чалиниб қолди. Унинг гапидан ҳушёр тортиб атрофга диққат қилиб қарасам, ҳақиқатан, кўчалар бўм-бўш, биронта тирик жон кўринмасди. Бу сафар ортидан бошқа юртга борсам тонг билан саломлашгани у ернинг одамларининг ҳам кўпчилиги чиқмасдан ухлаб ётар экан. Бу ҳолни кўриб уйқучилик ҳам замонавий ифода билан айтганда, глобал муаммо экан-да деган фикрга келдим.
Ушбу мақола 2006 йил “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган эди. Орадан ўн бир йил ўтди. Аммо ҳали ҳам муҳтарама оналаримиз болаларини тонгда уйғотмаяпти. Аксинча, баъзиларининг ўзлари ҳам уларга қўшилиб ухлаб ётибди. Ёши катта юртдошларимизнинг ҳам кўплари саҳархез бўлгани йўқ. Демак, бу мавзу ҳамон долзарблигича турибди. Зора, мақолани ўқигандан сўнг юртдошларимиз уйқусида бир озгина бўлса-да, ўзгаришлар бўлиб қолса, деган яхши ниятда мақолани Интернетда ҳам эълон қилишга журъат этдим.
Аллоҳ таолонинг инсон зотига кўрсатган чексиз марҳаматларидан бири шубҳасиз сув неъматидир. Заминдаги бирор тирик жон сувдан беҳожат бўлолмайди. Ушбу ҳаётдаги барча нарса сув билан тирикдир. Лекин Яратувчи бу улуғ неъматини махсус бир сув билан хослади. Унга фазл ва баракот ато этди. Мусулмонлар курраи заминнинг турли нуқталаридан ушбу хос неъматдан баҳраманд бўлиш учун келадилар. У ҳам бўлса замзам сувидир. Хўш, замзам суви ўзи нима ва унинг қандай мўъжизакор хусусиятлари бор?
Замзам суви
Замзам суви бу - замзам қудуғидан чиқадиган сувдир. Бу қудуқ Маккаи мукаррамадаги Ҳарам ҳудудида жойлашган. Бу сув барча мусулмонлар наздида муқаддас сув ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло уни ўзига хос мў'жизавий хусусиятлар билан бошқа сувлардан афзал қилган. Дини Ислом таълимотларига кўра, замзам булоғини Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссалом ва унинг онаси учун чиқариб берган.
Замзам қудуғи Маккий Ҳарам ҳудуди ўз ичига олган муҳим тарихий унсурлардан бири ҳисобланади. У ер сатҳидаги энг машҳур булоқ бўлиб, мусулмонлар қалбида ўзига хос руҳий ўрни бор. Айниқса, ҳожилар ва умра зиёратчилари учун бу сувнинг аҳамияти катта. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ер юзидаги энг яхши сув замзам сувидир. У тўйимли таом ва касалликдан шифодир" (Табароний ривояти, ал-Мўъжам ал-Кабир, саҳиҳ ҳадис).
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса бундай марҳамат қилинади: "Замзам суви нима ниятда ичилган бўлса, ўша ниятнинг рўёбга чиқишига сабаб бўлади" (Имом Аҳмад, ибн Можа ва бошқалар ривояти).
Замзам сувининг номлари
Замзам сувининг кўп номлари бўлиб, қуйида уларнинг баъзиларини зикр қиламиз:
1. "Замзам" ва "Зумазим". Бу сўз "замма-язимму-зумуман" феълидан олинган бўлиб, бирор идишга сув лим-лим тўлиб ёнларидан оқиб тушганда ишлатилади. Замзам булоғининг суви кўп ва баракали бўлганлиги учун шундай номланган. Бошқа бир ривоятда келишича, замзам булоғи отилиб чиққан пайтда Ҳожар онамиз унга қараб "зам-зам!" яъни "кўпай ва зиёда бўл!", деган эканлар. Яна бир қавлга кўра эса замзамнинг бундай номланиши Жаброил алайиссаломнинг замзамасидан яъни, фариштанинг мазкур булоқ устида чиқарган товуши ва каломи туфайлидир. Бошқа бир фикрга кўра, мазкур булоқ илк маротаба отилиб чиққан вақтда ўзидан махсус товуш чиқариб шарқираб турган, шу сабабли замзам деб номланган. Зеро, замзама сўзи шовқин бермоқ, муттасил товуш чиқармоқ маъносини англатади. Замзама сўзининг яна бир маъноси бирор нарсанинг ёйилиб кетган четларини тўплаш, тарқалиб кетмаслиги учун жамлаш маъносини англатади.
2. "Барака" ва "Муборака". Барака сўзи ўсиш, зиёда бўлиш, кўп яхшилик ва саодат маъноларини англатади. Зеро, уларнинг бари замзамда мавжуддир.
3. "Барра". Бу сўз яхшилик, эзгулик ва вафо маъноларини англатувчи "биррун" сўзидан олинган. Чунки Аллоҳ таоло бу сув билан Исмоил алайҳиссаломга яхшилик қилган. Яна бир қавлда эса айтиладики, чунки у аброрлар, яъни яхшилар учун оқиб чиққан, фожирлардан эса тийилган.
4. "Бушро". Бушро сўзи луғатда яхшилик ва хурсандчилик хабари, мужда маъносини англатади. Замзамнинг бундай ном билан аталишига сабаб ўзи ва ўғлининг ҳаётини сақлаб қолиш учун жон ҳолатда сув қидираётган пайтда Ҳожар онамиз учун хушхабар бўлганлигидандир. Зеро, Ҳожар онамиз Сафо ва Марво орасида сув излаб умидлари узилай деган пайтда Аллоҳ таоло томонидан инъом қилинган замзамни кўриб қолгач, бениҳоя хурсанд бўлиб кетадилар ва "менга хушхабар бўлсин, ахир бу сув-ку!", деб юборадилар.
5. "Мактума" (яширилган). Журҳум қабиласидан сўнг замзам булоғи ерга кўмилиб, беркилиб кетганлиги учун шундай аталган эди. Сўнгра Абдул Муттолиб уни қайта очган.
6. "Ҳарамийя". Замзам қудуғи Аллоҳ таолонинг Ҳарами ичкарисида бўлганлиги туфайли унга "Ҳарамийя", яъни Ҳарам булоғи деган ном берилди.
7. "Ракзату Жибрийл" (Жаброилнинг қанот қоқиши), "ҳазмату Жибрийл" (Жаброил пайдо қилган қуйилик, чуқирча), "ватъату Жибрийл" (Жаброилнинг оёқ босиши). Замзам сувининг бундай номлар билан номланишига сабаб унинг Жаброил фаришта ўз қаноти билан ерга уриши ёхуд оёғи билан ерга тепиши натижасида пайдо бўлиб, ердан отилиб чиққанлигидир.
8. "Солима" (соғлом ва саломатли сув). Замзамнинг бу исм билан номланишига сабаб унда саломатлик ва офият борлигидандир.
9. "Сиқоятул ҳож" (Ҳожиларга сув бериш). Замзам суви ҳожиларни сув билан таъминлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожиларни замзам суви билан таъминлаш ишини Аббос розияллоҳу анҳу ва оиласига топширдилар.
10. "Саййида". Чунки замзам суви бошқа барча сувларнинг саййиди, энг афзали, энг шарафлиси ва энг қадри баланди ҳисобланади.
11. "Шаббўатул 'иёл" (камбағалларни тўйдирувчи) шунингдек, "шабъа" (тўқлик, тўйимлилик). Жоҳилият даврида замзам булоғи шу ном билан ҳам номланарди. Сабаби, у чанқаганни чанқоғини қондирарди, камбағалларнинг қорнини тўйдирарди.
12. "Шаробул аброр" (яхшиларнинг шароби). Сабаби ҳамма яхшилар ва солиҳ кишилар замзам сувидан ичишга ҳарис бўладилар.
13. "Шифау суқмин" (касалликлар шифоси). Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилдилар: "Замзам ер юзидаги энг яхши сувдир. Унда очиққанлар учун таом, касалликлар учун шифо бордир" (Табароний {11167, 11/98}, Ҳайсамий {3/286}, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деганлар). Унда Аллоҳ таолонинг изни билан барча касалликларга даво бордир. Ким шифо ниятида ичса, Аллоҳнинг иродаси билан, албатта, тузалиб кетади.
14. "София" (соф). Замзам барча зарарли нарсалардан пок ва соф бўлган сувдир.
15. "Тоҳира" (пок). Замзам барча айбу нуқсонлардан пок, ичувчи киши учун фойдали сувдир. Бундан ташқари, замзам ҳурмати баландлиги учун ифлос нарсаларга истеъмол қилинмайди.
16. "Тоййиба" (хуш, ширин, мазали). Замзам сувининг бу ном билан номланиши сабаб, ичган киши лаззатланади, уни ҳамма яхши кўради.
17. "Зоҳира" (зоҳир, очиқ-ойдин). Замзам сувининг манфаати доим зоҳир бўлиб, кўриниб туради.
18. "Офият". Замзам суви уни ичган инсон учун офият ва шифодир. Аллоҳ таоло мутахассис табиблар ҳам даволай олмаган қанча-қанча касалликлардан замзам туфайли шифо берган.
19. "Ғиёс" (ёрдам, қутулиш). Чунки у Ҳожар онамиз ва у кишининг фарзанди Исмоил алайҳиссалом учун ёрдам, қаттиқ қийинчиликдан сўнг қутулиш манбаи эди.
20. "Кофия" (кифоя қилувчи). Замзам суви уни ичаётган кишининг барча ҳожатларига кифоя қилувчидир.
21. "Ла тунзофу вала тузамму" (йўқ бўлмайди ва камаймайди). Замзам сувидан қанча кўп ичилмасин камаймайди ҳам, тугаб ҳам қолмайди.
22. "Маъсарату Аббос" (Аббоснинг улуғ мероси). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожиларга замзам сувини ичиришдек шарафли вазифани Аббос розияллоҳу анҳу ва унинг оиласи учун ажратиб берадилар. Бу эса Аббос розияллоҳу анҳу ва унинг оиласи учун улуғликда тенгсиз бўлган мерос эди.
23. "Муъниса" (дўст, дилдош). Замзам сувидан ичган мўмин унга ўрганиб, ўзида унга нисбатан доимий майл ҳис қилади ва уни яхши кўриб қолади. Мудом замзам сувидан ичгиси келаверади.
24. "Маймуна" (баракали). Замзам суви ҳар тамонлама баракалидир.
25. "Нофиъа" (фойдали). Замзам суви санаб тугатиб бўлмайдиган манфаатларга эга эканлиги туфайли шундай номланган.
Замзам сувининг фойдалари
Замзам суви ўзининг маънавий фойдаларидан ташқари саломатлик учун кўплаб фойдали хусусиятларга эгадир. Уларнинг баъзиларини қуйида зикр қиламиз:
1. Эрта қаришнинг олдини олади.
2. Жисмнинг ҳимоя тизимини (иммунитет) кучайтиради.
3. Овқат ҳазм қилишга ёрдам беради.
4. Саратонга қарши самарали воситалардан бири ҳисобланади.
5. Жисм учун фойдали бўлган озуқа моддаларини қонга сўрилиш жараёнини кучайтиради.
6. Жисмга куч-қувват бахш этади. Айниқса, ҳожилар ҳаж мавсимида бундай куч-қувват ва энергия манбаига муҳтож бўладилар.
7. Кўплаб касалликлардан тузалишга ёрдам беради. Жумладан, кўриш қобилиятининг пасайиши, қизамиқ, юрак-қон томир касалликлари, қон босими, қон айланиши касалликлари ва бошқа бир қатор хасталиклардан тузалишда самарали ёрдам беради.
8. Шунингдек, замзам суви қандли диабет касалига чалинганлар, буйрак хасталари учун ҳам шифодир. Шу билан бирга суяк ва бўғин касалликлари, ошқозон-ичак касалликлари, ҳазмдаги муаммолар, йўғон ичак муаммолари, қабзият ва яна бир қанча касалликларни даволашда самарали восита ҳисобланади.
Замзам сувини бошқа сувларга аралаштириш ҳақида
Агар замзам сувидан бошқа оддий сувларга аралаштирилса мазкур оддий сув унга қўшилган аралашма миқдорича баракот ва фазилат касб этади. Қанча кўп аралаштирилса, шунчалик баракоти ортади. Камроқ аралаштирилган бўлса ҳам мазкур сув замзам қўшилмаган сувдан афзалроқ ва баракотлироқ бўлади. Зеро, замзам аралаштирилган сувдан ичган кимса замзам сувининг маълум миқдорини ичган ҳисобланади. Шу туфайли, унинг файзидан бонасиб бўлади.
Имом Косоний (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: "Агар бир кимса замзам сувидан иборат бўлган бирор сувни ичмайман деб қасам ичган бўлса ва ўша (замзамдан иборат бўлган) сувга бошқа сувлардан жуда кўп миқдорда қуйилиб, натижада замзам суви ўзига қуйилган кўп миқдордаги сувга аралашиб, бошқа сув унинг устидан ғолиб келса ва шундан сўнг, мазкур сувдан ичса, қасамини бузган ҳисобланади" ("Бадоиъу-с-санои'": 3/63;).
Юқоридаги матнда айтилмоқчи бўлаётган нарса шуки, замзам сувини ичмайман деб қасам ичган киши ўзига жуда кўп оддий сув аралаштирилиши натижасида оддий сувга аралашиб кетган замзам сувидан ичса, қасамига риоя қилмаган ва замзамдан ичиб қўйган ҳисобланар экан. Бу эса оддий сувга аралаштирилган замзам буткул йўқолиб кетмаслигини англатади. Балки, у аралашган сувига баракот киргазади.
Шу маънода, замзам аралаштирилган сувга "замзам" дейилса ҳам у ҳукман замзам мақомида бўлади. Унда замзамнинг баракоти ва фазилати мавжуд бўлади. Оддий сувлардан ортиқ бўлади. Унга ҳар қанча кўп сув қуйилса ҳам барибир, ичида замзам мавжуд бўлади. Аммо фазилатда мусаффо замзамчалик бўлмайди.
Саҳобаи киромлар нафақат замзам, балки Набий алайҳиссалом таҳорат қилган сувлардан ҳам табаррукланганлар. Узоқдан келган кишилар уйларига қайтишда У зотнинг (алайҳиссалом) таҳоратдан қолган сувларини ўзлари билан олиб кетиб, уни кўп миқдордаги сувларга қўшиб кўпайтирганликлари ривоят қилинади.
Бу ҳам бўлса, табаррук нарса бошқа оддий (тоҳир ва пок) нарсага аралаштирилганда, аралаштирилган оддий нарса ҳам баракот ва фазилат касб этишига далолат қилади.
Ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом Макканинг ҳокимига одам юбориб, ундан Мадинага замзам сувидан жўнатишни талаб қилар эканлар. Бундан мақсад, Мадиналиклар ҳам замзамдан юқорида айтилганидек, оддий сувларга аралаштириб, кўпайтириш орқали баҳраманд бўлишлари учун экан.
Абдуллоҳ Камолов