Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

3600 та олимнинг шогирди Умар ибн Абдулкарим

22.06.2017   7421   5 min.
3600 та олимнинг шогирди Умар ибн Абдулкарим

Самъонийнинг “Ал-ансоб” китобида ва Заҳабийнинг “Тазкиратул ҳуффоз” китобида сайёҳ, ҳофиз[1] Абул Фитён  - Умар ибн Абдулкарим ибн Саъдувайҳ Диҳистоний Раввосий (427/1036−503/1110) раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида қуйидаги маълумотлар келади:

“Ўз асрининг ҳофизларидан эди. Илм йўлида Хуросон, Ироқ, Шом, Ҳижоз, Миср, Арабистонга сафар қилиб, илм ўрганиб уларни китобларга битган олимлардан эди. Уни  каллапуруш, деб ҳам номлашарди. Чунки, отаси Диҳистонда чорва ҳайвонларининг каллаларини сотар эди. Бир куни Абу Масъуд Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Бажалий, Розий Диҳистонга келиб, Абул Фитённинг отаси Абул Ҳасандан ейиш учун калла сотиб олади. Абул Ҳасан Абу Масъудга қараб: “Кўринишингиздан олим инсонга ўхшайсиз, сиздек инсон учун дўконда ўтириб нарса ейишингиз маъқул эмас, масжидга кирсангиз каллани ўзимиз олиб бориб берар эдик”, деди.

Шунда Абу Масъуд масжидга кириб ўтиргач, Абул Ҳасан ўғли Абул Фитёндан қовурилган чиройли калла, сирка, пиёз ва ширмой нонни бериб юборди. Абул Фитён ўшанда ҳали ёшгина бола эди. Абу Масъуд мазкур ишдан мамнун бўлиб, Абул Ҳасаннинг қилган ишига тасанно айтди. Каллани еб бўлгач, унга ташаккурлар айтдида ва менга жуда ҳам чиройли муомала қилдинг. Менда бунинг эвазига сенга берадиган ҳеч нарсам йўқ. Агар хоҳласанг, ўғлингни олдимга жўнат, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан айтиб бераман.

Отаси бундан жуда ҳурсанд бўлди. Шу билан Абу Масъуд Абул Фитённи ўзи билан Диҳистон шайхларининг олдиларига олиб борар ва унга ҳадис айтиб берар ва уларнинг баъзиларини ўзгаларга айтишини буюрарди. Шундан сўнг Абул Фитёнга бу иш жуда ёқиб, унда илмга бўлган муҳаббат пайдо бўлди. Кейинчалик ўзи ҳам сафар қилиб, жуда кўп ҳадис тўплади. Ҳатто тенгдошлари билмайдиган ҳадисларни эшитиб жамлади.

Ибн Нуқта айтадики: Аҳли илмларни жуда кўпидан эшитдим, уларнинг айтишича, Абул Фитён 3600 та шайхдан илм ўрганган экан. Адиб Хузайма ибн Али Марвазий айтади: “Умар Раввосийнинг бармоқлари сафарда юрганида совуқ сабабли узилиб тушган.

Ҳофиз Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али Ҳамадоний айтди: Бу диёрда Абул Фитёндан кўра зеҳни ўткир инсонни кўрмадим, балки бутун дунёда ҳам унга ўхшаши йўқ. Гўё саёҳатчи китоб эди. Дунёни ҳадис ўрганиб айланиб чиқди. Уни Маккада учратиб қолдим. Барча шайхлар уни мақташарди, у ҳақда гўзал сўзларни айтишарди. Сўнг Журжонда учратиб қолдим, шу ерда у билан қадирдон бўлиб қолдик.

Бу фанда (ҳадис) кўзга кўринган пешволардан эди. Ҳаттоки устози Абу Бакр Хатиб Бағдодий ва Абу Ҳомид Ғаззолий ундан ҳадис ривоят қилган. Хусусан, Абу Ҳомид Ғаззолий бу зотдан икки саҳиҳ китобини ўтказиб олган. Шунингдек, Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Журжоний ва жуда кўп муҳаддису фақиҳлар ундан ҳадис ўрганганлар.

Ибн Макуло айтади: Раввосий мендан ҳадис ёзиб олди ва айни пайтда мен ҳам ундан ҳадис ёзиб олдим. Уни заковатли эканини билдим. Самъоний айтади: “Аҳмад ибн Муҳаммад Сарахсийдан эшитдим: “Умар Раввосий Сарахсга келган пайтда у жойда ҳадис айтиб, талабаларга ёздирар эди. Унинг дарсига жуда ҳам кўп одамлар келар эди. Умар Раввосий дарслари ҳақида шундай дер эди: “Мен дарсимга келган талабаларнинг барчасини исмини биринчи бор келганларида ёзиб қўяман ва улар иккинчи бор дарсга келганларида уларнинг исмларини ёддан айтиб бераман. Улардан сўрашимнинг ҳам ҳожати бўлмайди”. Айтишларича: “У кишининг дарсига келган жамоат етмиш кишидан иборат бўлар экан”.

Абдулғофур ибн Исмоил айтди: Умар Раввосий ҳадис санадларини яхши биладиган машҳур инсон эди. Кўп китоблар ёзган ва кўп маълумотларни бобларга ажратиб жамлаган, тез ёзадиган киши эди. Ҳаёти салафлар ҳаётига ўхшаш камбағал ва кўп фарзандли эди. Найсобурдан Тусга қараб йўл олди. У ерда Имом Ғаззолий у зотга кўп ҳурмат кўрсатиб ўзининг уйига туширди ва У зотдан “Саҳиҳул Муслим”ни эшитди. Шундан сўнгина кетишга рухсат берди.

Сўнг Тусдан чиқиб Марвга Имом Абу Бакр Самъоний (“Ансоб” китоби муаллифининг отаси)ни зиёрат қилиш учун йўлга тушади. Зеро, Абу Бакр Самъоний у зотни чорлаган эди. Бундан мақсади у зотнинг илми-у ирфонларидан олиш эди. Умар Раввосий Марв томонига юрар экан ўзига ўзи: “Мен Марвга кетмоқдаман-у, лекин айтишларича йўлим устида бўлган Сарахс шаҳри “илмнинг қабристони” экан. Иш қилиб, менга ҳам бирор нарса бўлмасайди”, дейди ва йўлида давом этади. Ҳақиқатдан ҳам у зот қўрққан нарса бўлади. У зот 503 йил робиъул охир ойида, Сарахсга келганида ажали етади”. Бу маълумот Умар Раввосийнинг қабртошига ёзиб қўйилган. Аллоҳ ўз раҳматига олсин!

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Фахриддин Маманосиров

 

 

[1] Ҳадис илмида биладиганлари кўп бўлиб, билмайдиганлари кам бўлган кишига ҳофиз дейилади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг етим ҳолда туғилишларидаги ҳикматлар

22.11.2024   4963   2 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг етим ҳолда туғилишларидаги ҳикматлар

Набий алайҳиссаломнинг туғилишлари фил йилида (яъни Абраҳа Маккага юриш қилиб, Каъбаи муаззамани вайрон қилмоқчи бўлган йил)да содир бўлган. Дунёга келишлари эса Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчиси душанба кунига тўғри келади.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам етим ҳолда дунёга келганлар. Чунки оналари Омина икки ойлик ҳомиладор чоғида оталари Абдуллоҳ вафот этган. Шу билан боболари Абдулмутталибнинг қармоғида қолганлар.

Аллоҳ таолонинг расулидек улуғ зот етим ҳолда дунёга келиши, кўп ўтмай оналарию бобосидан ҳам айрилиши тасодифий ҳодиса эмас. У зот алайҳиссалом ҳаётининг илк кунлариданоқ ота тарбиясидан, бироз ўтгач она меҳридан ҳам маҳрум бўлиб улғайди.

Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг набийсини мана шу ҳолда улғайишини ихтиёр этди. Бунда кўплаб ҳикматлар бор. Ушбу ҳикматларнинг энг муҳими:

Аллоҳ таоло Ислом динини ботилга чиқариб инсонлар қалбига Муҳаммад бу даъвати ва рисолатини (чақириқ ва вазифа) ёшлик чоғидан ота ва бобосидан ўрганган деб турли шубҳаларни солувчиларга бирорта ҳам йўл қолдирмади. Зеро, боболари Абдулмутталиб қавмининг энг пешвоси ва бошлиғи эди.

Аллоҳ таолонинг ҳикмати динни ботилга чиқарувчиларга бу тарафдан бирорта ҳам йўл қолдирмади. Ҳатто, Ўз расулини энг ёшлик вақтиданоқ ота-онаси ҳамда бобосидан ҳам ажратиб улғайтирди. Балки, Аллоҳ набийсини Ҳалима розияллоҳу анҳонинг қўлига топшириб, барча оила аъзоларидан йироқда тарбия қилди. Боболари вафот этгач ҳижратдан уч йил аввалгача амакилари Абу Толибнинг ҳимоясида яшадилар.

Аллоҳнинг ҳикматининг мукаммаллигидан бири Набий алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толибнинг иймон келтирмагани бўлди. Токи бу даъват ишига амакиси дебоча вазифасида бўлган деган фикр келмасин ва бу оилавий ва бошлиқлик ишига айланиб, пайғамбарлик эмас деган тушунча пайдо бўлмаслиги учун.

 

Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.