Сурхондарёда янги барпо этилган Имом Термизий жоме масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва бошқа эътиборли меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюрди.
Имом Термизий мажмуасидаги масжиднинг очилишини, бу маросимга муфтий ҳазратларининг ташриф буюрганини эшитган вилоят аҳлининг узоқ қишлоқларда яшайдиган намозхонлари ҳам кела бошлади.
Имонли, эътиқодли одамлар уйларидан иккита олийжаноб ният билан йўлга чиққан: янги масжидда камоли ихлос ила намоз ўқиш; муфтий ҳазратларини зиёрат қилиб, амри маъруфларини тинглаш. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир” (Фурқон сураси, 64-оят), деб таърифлаган мўмин-мусулмонлар айнан шу инсонлардир.
Шу кунларда Иордания пойтахти Амман шаҳрида Иордания вақф ва ислом муқаддасотлари ишлари вазирлиги томонидан Ислом дини тинчлик, бағрикенглик, мўътадиллик экани ва уни ҳар қандай зўравонлик, куч ишлатиш, тоқатсизлик кабиларга қарши эканини ўз ичига олувчи «Амман рисоласи» нинг моҳиятига бағишланган 45 илмий-амалий семинар бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда Иордания вақф вазири Холилий, Иорданиядаги Қирол Абдуллоҳ II номидаги даъватчилар тайёрлаш, малакасини ошириш институти ректори доктор Абдуссатор, Иордания бош муфтийси Аҳмад Ҳасанот, Иордания қироллик ҳузуридаги Қуддус ишлари қўмитаси аъзоси доктор Муҳаммад Сидр ва бошқалар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Саййиджамол домла Масайитов ўз маъруза ва суҳбатлари билан иштирок этмоқда.