Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Июн, 2025   |   15 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
19:59
Хуфтон
21:37
Bismillah
11 Июн, 2025, 15 Зулҳижжа, 1446

Ҳукмий оятлар тафсири бўйича муҳим манба

30.04.2017   10666   6 min.
Ҳукмий оятлар тафсири бўйича муҳим манба

Муқаддас Ислом дини шариатининг асл моҳиятини кенгроқ тушунтириш ҳамда ўтмишдаги мужтаҳид имомлар томонидан амалга оширилган улкан ишлардан келажак авлодни бохабар қилишда бугунги кунга қадар кўплаб уламоларимиз беқиёс хизматларини тақдим қилганлар. Ана шундай хизматлардан бири имом Аҳмад ибн Абу Саъид ал-ҳанафийнинг “Тафсирот Аҳмадийя” асаридир.

Ушбу асардаги “Аҳмадия” сўзи  муаллифнинг исми Аҳмад бўлгани билан боғлиқ. асарларни муаллиф исми ёки нисбатига қўшиб номлаш ҳолатларини кўплаб муътабар манбаларда ҳам учратиш мумкин. Буюк ватандошларимизнинг “Сулосиёт ал-Бухорий”, “Илал ат-Термизий”, “Мақомот аз-Замахшарий” каби асарлари ҳам шу тариқа номланган.

Тафсирот Аҳмадийя – муаллифи Аҳмад ибн Абу Саъид ибн Абдуллоҳ ал-Ҳанафий Шайх Жийван ва Мулло Жийван[1] лақаблари билан танилган бўлиб, ҳижрий 1047 йили Ҳиндистонда таваллуд топган. маълумотларга кўра Мулла Жийван ёшлигидан ўзгача истеъдод соҳиби бўлган. Айниқса, унинг ёдлаб қолиш қобилияти билан тенгдошларидан ажралиб турган. Етти ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган. Дарслик китобларни мутолаа қилиш жараёнида берилган топшириқларга бир мата оҳиста назар ташлаш биланоқ тўлиқ ўзлаштирган. Ҳажми катта бўлган қасидаларни ҳам бир марта эшитиб, ёддан қайта айтиб бера олган. Фиқҳ, усул, ҳадис фанлари бўйича етук илмга эришган. Ҳанафий мазҳаби фиқҳи бўйича фатво бериш даражасига эга бўлган. Замонасидаги кўплаб толиби илмлар унинг илмий фаолиятидан манфаат олишган.

Мулла Жийваннинг илмий фаолияти ҳам серқирра бўлган. Айниқса, унинг қаламига мансуб бўлган “Нурул анвор фи шарҳ ал-манор” асари Ҳанафий мазҳабидаги усулул-фиқҳ фанига оид машҳур асар бўлиб, буюк аждодимиз Имом Абул Баракот Насафийнинг “Манорул анвор” номли рисоласига шарҳ ҳисобланади.

Шунингдек, олим шерият майдонида ҳам самарали ижод қилган. Унинг беш минг байтдан иборат шеърий тўплами – девони ҳозиргача сақланиб қолган.

Умрини китоб таълиф қилиш ва кўплаб толиби илмларга дарс беришга бағишлаган Мулла Жийван 1130 ҳижрий (мелодий 1718) йили Деҳлида вафот этган.

Унинг “Тафсирот Аҳмадийя” асари асосан ҳукмий оятлар тафсирига бағишланган. Муаллиф тафсирга киришиш асносида муқаддима билан сўз бошлайди. Ҳамду санодан сўнг, диний илмлар орасида Қуръон илми асосий негиз эканини таъкидлаб ўтади. Уламоларнинг Қуръони каримни ўрганишга қаратган улкан эътиборлари натижасида қироат, сарф (морфология), наҳв (синтаксис), балоғат, фасоҳат, калом, фиқҳ ва усулул фиқҳ каби фанлар қаторида тафсир илми ҳам мукаммал фан сифатида шаклланганлигига эътибор қаратади. Буни ёрқин мисоли сифатида Қуръони карим қамраган илмлардан иқтибослар келтириб, тафсир илмини ҳам инсонларга етказишда муҳим ўрин тутишига ишора қилади. Шудан келиб чиққан ҳолда тафсир илми қамраган йўналишлар – қиссалар тарихи, ваъда ва ваъидлар мавзуси, мавъиза ва ибратларни санаб ўтиб, улар орасида, шаръий ҳукмларни истинбот қилиш йўналиши асосий ўрин тутишини қайд этади.

Шу ўринда муаллиф ўзининг ёшлигида “Имом Ғаззолий Қуръони карим оятлари орасидан беш юз оятни ҳукмий оят деб алоҳида эътибор қилган”и ҳақидаги хабарни устозларидан эшитиб, умри давомида анашу гап унинг онгида қайта-қайта такрор топганини эслайди. Ҳукмий оятларга бўлган қизиқиши уларни жамлаш, фиқҳий ва усулий қоидалар асосида мўжаз бир шарҳ битишга  ундайди. Муаллиф “Тафсирот Аҳмадийя” китби ёзилиш тарихини шу тариқа ўз ҳаётига боғлайди.

Муқаддимада тилга олган маълумотларидан яна бири ўз замонасининг адолатпарвар ва инсофлик подшоҳи Муҳаммад Аврангзеб Оламгирга мақтовлардир. Муаллифнинг фикрича  ўша даврда Ҳиндистон бўйлаб ислом динининг равнақ топиши, хусусан, Ҳанафийлик мазҳабининг гуллаб-яшнаши айнан Аврангзеб Оламгир номи билан боғлиқдир. Подшоҳига чексиз мақтовларни ёзиб бўлгач, муаллиф “бу мақтов гаплар подшоҳдан пул ёки дунё тамасида эмас, балки Аллоҳ учун, ҳамда (у сабаб)  диннинг ривожини қаттиқ хоҳлаганимдандир, зеро мен ундайлардан эмасман” деб, ўзини лагамбардорлик ва маддоҳлик иллатидан йироқлигини ёзади.

Муаллиф Тафсирот Аҳмадийя китобида Ҳанафийя мазҳаби усул қоидаларига асосланган ҳолада ояти карималардан фиқҳий ҳукмлар ва ақидавий масалаларни жамлашга ҳаракт қилган. Масалалар тартиби Қуръони каримдаги оятлар тартиби бўйича жойлаштирилган.

Аввал фиқҳий ҳукм мазмунини ифодалаган оят тўлиғича берилган, сўнгра оятнинг нозил бўлиш сабаблари кўрсатилгач, машҳур муфассирлардан иқтибослар келтирилган ҳолда ўзига хос услубда изоҳланган, тафсир қилинган. Сўнгара ояти каримага мужтаҳид уламолар нигоҳи билан қаралиб, ундан олинадиган фиқҳий ҳукмларга эътибор берилган, айрим ўринларда бир масалага бир неча мазҳаб мужтаҳидларининг илмий хулосалари қиёсий таҳлил учун келтирилган. Асосий эътиборни Ҳанафий мазҳабининг мужтаҳидлари олган ҳукм ва хулосаларига қаратилган. Мазҳаб уламоларидан нақл қилинган ҳукмни ҳадислар, саҳоба ва тобеинларнинг сўзлари ила асослаш билан бир оят тафсирига умумий якун ясалган.

Китобда ёритилган ҳар бир баҳсга синчковлик нуқтаи назар билан ёндашилган. Келтирилаётган маълумотлар қайси манбадан олинганлиги қисқа тарзда кўрсатиб ўтилган. Фойдаланилган адабиётлар асосан Ҳанафий мазҳабининг машҳур манбалари бўлиб, улар қаторида буюк ватандошларимиз Жоруллоҳ Маҳмуд аз-Замахшарийнинг “ал-Кашшоф”, Абул Баракот ан-Насафийнинг “Мадорикут танзил”, Мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Тафсир Ҳусайний”, Фахрул Ислом Паздавийнинг “Усул” китоби, Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳ ақоид ан-Насафий”, Бурҳониддин Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя” ва унинг кўплаб шарҳларидан кенг миқёсда фойдаланилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда муқаддас динимизга мутлақо зид бўлган ғоявий ва мафкуравий таҳдидлар авж олган бир пайтда, ўзининг нотўғри тушунчаси билан ғаразли мақсадлари илинжида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган турли хил руҳдаги оқимларга қарши курашиш, уларнинг пуч қарашларига илмий асосда раддиялар беришда мўътабар манбаларимизнинг ўрни беқиёс. Айниқса, динимиз таълимотларини ананавий Ҳанафийлик мазҳаби асосида ўрганиш ва келажак авлодга етказиш юртимиз диний соҳа ходимларининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим юрти ўқитувчиси

Абдулбоқий Турсунов

 

[1] “Жийван” ҳинд тилига мансуб сўз бўлиб, ҳаёт мазмунини ифодалайди.

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

ИНСОН ҚАДРИНИНГ ЯНА БИР ЯҚҚОЛ ИФОДАСИ

04.06.2025   12129   2 min.
ИНСОН ҚАДРИНИНГ ЯНА БИР ЯҚҚОЛ ИФОДАСИ

Муносабат

Инсоннинг қалби биргина ширин сўздан қувониб, тўлқинланиб кетади: яйрайди, яшнайди, бошқаларга ҳам эзгулик соғинади, шодлик ва бахт улашади.

Жорий йилнинг 31 май санасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ҳаж зиёрати учун Маккаи мукаррамада бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожилар ҳолидан хабар олгани қалбларимизга сурур, хурсандчилик ва шукроналик бахш этди. Давлатимиз раҳбари барча зиёратчиларга салом йўллаб, юртимизга соғ-омон келишларини тилади. Унутилмас бу воқелик ҳожиларимизни беҳад севинтирди.

Шукрки, мамлакатимизда тинчлик-тотувлик барқарор. Ҳар бир инсон ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли умр кечириши учун барча имкониятлар мавжуд. Меҳнат қилган, ҳаракат қилган фаровон ҳаёт кечирмоқда. Ўз орзу ниятларига етмоқда. Албатта, бунда осойишталик неъматининг ўрни беқиёс.

Янги Ўзбекистоннинг ҳар тонги тараққиёт тонги сифатида отмоқда. Барча соҳаларда янгилик ва яхшиликлар бўлмоқда. Жумладан, Ҳаж ва Умра тадбирларини юқори савияда ташкил этиш, мўмин-мусулмонларнинг ушбу ибодатларини чиройли адо этишлари учун шароит ва қулайликлар янги босқичга олиб чиқилди.

Хусусан, бу йилги ҳаж мавсумига юқори даражада тайёргарлик кўрилди. Маккаи мукаррама ҳамда Мадинаи мунаввара, қолаверса, Мино водийсида зиёратчилар учун барча шароит ҳозирланди. Иссиқ кунларда юртдошларимизга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Арафот ҳудудидаги чодирлар ёпиқ тарзда барпо этилди. Уларнинг атрофи иссиқ ўтказмайдиган панеллар билан ўралди, ичкарига совутиш тизими ўрнатилди, гилам ва тўшаклар солинди.

Мамлакатимиз ҳожиларига кўрсатилаётган эътибор, улар учун яратилган қулайликларни Саудия Арабистонининг ҳаж ишлари масъуллари ва ўзга юрт ҳожилари ҳам эътироф этиб, ҳавас билан қарамоқда.

Айни пайтда зиёратчиларга 300 дан ошиқ гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, 10 дан зиёд ошпаз ва бошқа мутахассислар хизмат кўрсатиб, ҳамроҳлик қилмоқда.

Зиёратчиларимиз берилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб,  Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуо қилмоқда.

Зотан, юртимизда “Инсон қадри учун” деган улуғвор ғоя барча ислоҳотларнинг асосини ташкил этаётган айни паллада ҳожиларимиз ҳам ушбу жараёнга ўз ҳиссаларини қўшиш, юртимизга қайтгандан сўнг бор куч-ғайратларини юрт тинчлиги ва тараққиёти, оилалар тотувлигини таъминлаш, ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланиш, эҳтиёжмандларга кўмак беришдек савобли ишларга сафарбар этишларини таъкидламоқдалар.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси

ўринбосари.

Мақолалар