“Мазҳаб” сўзи луғатда “чиройли”, “гўзал” ҳамда “йўл”, “йўналиш” деган маъноларда ишлатилади. Шариат истилоҳида мазҳаб, Аллоҳ таолонинг амрлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васлламнинг суннатлари асосида ижтиҳод қилиб топилган, У Зотнинг розилигига эриштирувчи йўл, урфда эса чиройли йўл маъносини билдиради.
Халқимиз асрлар оша эътиқод қилиб келаётган диний жамоа – аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳаблари тўртта бўлиб, унинг асосчилари мутлақ ижтиҳод соҳиблари ҳисобланади. Улар мазҳаббоши ёки имом деб аталади. Уларнинг қай бирига эргашилса ҳам, тўғри йўл тутилган бўлади. Ушбу мазҳабларнинг бири бошқасидан устун кўрилмаган ҳолда барчаси бирдек қадрланади. Мусулмон киши тўрт мазҳабдан бирини маҳкам ушлаши вожиб амал.
Тўрт мазҳабнинг ҳар бири асосчилари номи билан Ҳанафий, Моликий, Шофиий, Ҳанбалий мазҳаблари деб номланган. Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” деган китобида мазҳабларга бўлган эҳтиёжни қуйидагича таърифлаган: “Аллоҳ таоло ўз ҳикмати тақозоси ила динни ушлаш ва муҳофаза қилиш учун одамларга имомларни чиқариб берди. Уларнинг билимлари, фатво ва ҳукмлар илмида кўзланган мақсадга эришганларини ҳамма тан олар эди. Барча одамлар фатвода уларга мурожаат қиладиган, ҳукмларни билишда ҳам уларга қайтадиган бўлди. Аллоҳ таоло улар учун мазҳабларини тартибга соладиган ва қоидаларни таҳрир қиладиган зотларни қоим қилди. Охир-оқибат улардан ҳар бир имомнинг мазҳаби, услуби, қоидалари ва фасллари аниқланди. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами, ушбу динни муҳофаза қилиш сабабларидан бўлди”.
Мазҳаббошилар Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан ҳукмларни оладиган мужтаҳиди мутлоқ даражасига етганлар. Уларнинг йўли бирор-бир масалани ечишда ўзлари асос қилиб олган усуллар ва истинбод қоидаларига таянгани жиҳатидан фарқ қилади.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон ҳоким ҳукм қилганда ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга икки ажр бўлур. Қачон у ҳукм қилганда ижтиҳод қилса-ю, хато қилса, унга бир ажр бўлур”, дедилар”.
Ҳанафий мазҳабининг имоми Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бирор масалани ечишда қуйидаги етти асос: Қуръони карим, суннат, саҳобийлар сўзлари, қиёс, истиҳсон, ижмо, урфга таянганлар. Қолган учала имомлар эса, урф ва истиҳсонга асосланмаган, Лекин Моликий мазҳаби истиҳсонни олган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тўртта мазҳабнинг ҳақ экани борасида мусулмонлар уммати ижмоъ қилганлар.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг, сизни Унинг йўлидан ажратурлар” (Анъом сураси, 153-оят).
Бугунги кунда дунёдаги тахминан 1.3 миллиард мусулмон аҳолисининг 92.5 фоизини суннийлар ташкил этиб, улар мазҳаблар бўйича қуйидаги нисбатда бўлинади: ҳанафийлар 47, шофиийлар 21, моликийлар 17, ҳанбалийлар 7.5 фоизини ташкил қилади.
Мусулмонларнинг мазҳабга бўлиниш эътиборидан аён бўлмоқдаки, 47 фоиз киши ҳанафий мазҳабида экани, бу мазҳабнинг моҳияти ва мазмунида одамларга енгиллик яратиб беришдек олий мақсад ўз аксини топган. Ҳанафий мазҳаби тўрт мазҳаб ичида васатийликни маҳкам тутган, шариатга хилоф қилмаган ҳолда бандаларга енгилликлар яратган мазҳабдир. Ҳанафий мазҳаби ҳеч қачон мусулмонларга қийинчилик ва машаққатни раво кўрмаган, хоҳ ибодатда бўлсин, хоҳ муомилат масалаларида бўлсин, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бундай ёндашуви таҳсин ва эътиборга сазовордир. Масалан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ кўйлакка теккан нажосатни гул ёки узум суви билан тозалаш ва меваларни хомлигида сотишга ижозат берганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ урф ва истиҳсонга эътибор бериши жиҳатидан, қолган уч мазҳабга нисбатан фиқҳий масалаларда енгил ва мўтадилроқ деб айтсак бўлади.
Хайрулло МАРДОНОВ,
Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ