Қайнатилган сувни яна қайнатиш ёки ҳатто иситиш нафақат зарарли, балки хатарлидир.
Водопровод суви ўзида — тузлардан тортиб минералларгача жуда кўп аралашмалардан таркиб топади. Сув иситилиб бошланганда, унинг кимёвий таркиби ўзгаради.
Бу ўзгарган моддалар киши организмига қайта иситилган сув билан тушиб боради.
Қайнатилган сувни яна қанча марта қайта-қайта қайнатилгани сари унинг инсон саломатлиги учун зарари шунча ортиб бораверади.
Бундай сувда инсон саломатлиги учун энг зарарли бўлган мишьяк, фторидлар, нитратлар каби моддалар ҳосил бўлиб бораверади.
Сувнинг бир марта қайнатилиши, унинг турли микроблардан тоза бўлиши учун кифоя қилади. Уни яна бир (ёки ундан кўп) марта қайнатилганида, мавжуд бўлган фойдали моддаларнинг бузилишига, зарарли ва хатарли бирикмаларга айланишига йўл очилади.
Қайта қайнатилган сувдаги зарарли моддаларнинг инсон учун хатарли таъсири:
Бутунжаҳон соғликни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, инсон саломатлиги учун энг катта хатарни айнан шу модда келтириб чиқаради. Мишьякни жуда оз ва инсон учун зарарсиз миқдорда водопровод сувига ундаги зарарли микроорганизмларни йўқ қилиш учун қўшилади.
Албатта қайта қайнатилган сувдаги мишьяк сабабидан инсоннинг ўлими узоқ йиллар бундай сувни мунтазам ичишда давом этишидан келиб чиқиши мумкин, лекин гап шундаки, бу модда йиғма таъсир қилади. Бунинг оқибати эса, энг аянчли бўлиши мумкин: периферик нейропатияни, бутун бадандаги тери касалликка чалиниб шикастланишини, ошқозон-ичак тизими фаолиятининг бузилишини, буйрак фаолияти бузилишини ва саратон касалликларини келтириб чиқариши мумкин.
Сув қайта қайнатилганида, ундаги фтор бирикмаларининг бир қисми фторид моддаларга айланади.
Гарвард университети профессорларининг бир неча ўн йиллик тадқиқотлари натижалари фторид моддалар неврологик фаолиятга салбий таъсир кўрсатишини ва ҳатто ёш болаларда ақлий қолоқликка сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатди, шунингдек, улар аёлларда бепуштлик келиб чиқиши хавфини кучайтириши мумкинлигини кўрсатди.
Бизнинг ҳаётимиз шундай ҳам нитратлар билан тўйинган — улар кундалик ҳаётда озиқ-овқат саноатида консервантлар сифатида ишлатилади.
Лекин улар юқори температурада ишлов бериш натижасида инсон саломатлиги учун янада хатарли тус олади.
Қайнатиш жараёнида нитратлар нитрозаминларга айланади, бу моддалар эса, канцерогенларга бевосита алоқадордир.
Бунинг оқибатларини етарли равишда баҳоламаслик тўғри келмайди: тушинмасдан қилинадиган бундай зарарли одат инсон организмида ичаклар, меъда, ошқозоности бези, жинсий-пешоб йўллари саратони ва лейкемиягача олиб бориши мумкин.
Жалолиддин Нуриддинов
13апрель 2017 йил
Савол: Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар тонг қуёш чиққанда икки фаришта нидо қилади. Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин ва хасис, зиқнага талофат бер” дер эканлар. Лекин биз ҳаётда бу ҳадиснинг аксини кўрамиз. Инфоқ, эҳсон ва садақа қилувчилар яшашда ўрта ҳол, баъзилари эса бироз қийналган бўлса, зиқна, хасис Аллоҳ йўлида бир чақа ҳам инфоқ қилмайдиганлар эса, дунёлари зиёда бўлиб бораётганлигини кўрамиз. Шунда киши ҳаёлига бу ҳадис саҳиҳмикан ёки ёлғонми деган ўй келади. Агар саҳиҳ бўлса нега инфоқ қилувчининг қилган инфоқини ўрни тўлмаяпти? Нега хасис, зиқна одам талофат кўрмаяпти?
Жавоб: Мазкур ҳадис саҳиҳ, муттафақун алайҳ. Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: "Ё Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин", иккинчиси эса: "Ё Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер" дейди” (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ, 445-бет, 1442-ҳадис)
Ушбу ҳадиснинг маъносига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун, Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир" (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Оятда эса: “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади (Сабаъ сураси, 39-оят). Ушбу оятни Ибни Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирларида: "Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта, У дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофот беради", деганлар.
Энди савол берувчининг фикрига келадиган бўлсак, у инсон фақатгина ҳадисдаги тўлдириш ва талофот сўзларини мол-мулк маъносида тушунганлар. Ҳадиснинг асл моҳияти эса, бундан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир. Аслида инфоқ қилувчи кишига Ғоний ва Карим бўлган Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилиши унинг инфоқига энг яхши эваздир. Аллоҳни инфоқ қилувчи бандасининг аҳлини ислоҳ, фарзандларини иқтидорли, танасини соғ, озига барака бериши ва уни тўғри йўлга бошлаши, яхшиликлар қилишга муваффақ қилиши, қалбида сакинат, инсонларни унга нисбатан муҳаббатли ва иймон ҳаловатини сезувчи қилиб қўйиши инфоқ қилувчи кишига дунё матоларидан чекланишидан кўра яхшироқдир. Зотан орифлар руҳий ризқларни кўзни қувонтирувчи дунё матоларидан кўра абадий ва қиймати баланд деб биладилар.
“Талофат” эса, фақатгина молнинг талофати дегани эмас, балки кишининг оиласини нотинчлиги, фарзандларини ноқобил, ўзгалар билан яхши алоқада бўлмаслиги, доим ташвишда, ҳаётда кишини хафа қиладиган ишлар билан яшаши, моли кўп бўлса-да фойдалана олмаслиги ва доимо танасининг дарди билан азоб уқубатда ҳаёт кечириши тушунилади. Бундай ҳолатлар эса, молнинг талофотидан кўра ёмонроқдир.
Ҳадисда келган фаришталарнинг дуоси Қуръони каримдаги ушбу оятларга мувофиқдир: "Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз. Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз" (Лайл сураси, 5-10-оятлар).
Аллоҳ барчамизни оятларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини асл моҳиятлари билан англаб етишимизни осон қилсин.
Юсуф Қорозовийнинг “Фатаава Муасира” номли асаридан
“Имом ат-Термизий” жомеъ масжиди имом хатиби
Яҳё Абдураҳмонов таржимаси