هُوَ الَّذِي جَعَلَ الشَّمْسَ ضِيَاءً وَالْقَمَرَ نُورًا وَقَدَّرَهُ مَنَازِلَ لِتَعْلَمُوا عَدَدَ السِّنِينَ وَالْحِسَابَ مَا خَلَقَ اللَّهُ ذَلِكَ إِلَّا بِالْحَقِّ يُفَصِّلُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ
У Қуёшни зиё (таратувчи) ва Ойни нур (сочувчи) этган ҳамда йилларнинг ададини ва (вақт ва замонга доир) ҳисобни билишларингиз учун уни (Ойни) манзилларга (бўлиб) ўлчаб қўйган зотдир*. Буни Аллоҳ фақат ҳақ (ҳикмат) билангина яратди. Билувчи қавм учун оятларни (У) батафсил баён қилур.
* Ойнинг ўн икки буржи ва йигирма саккизта манзили бор. Буржлар – ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадий, далв, ҳут. Ҳар бир буржда иккию учдан бир манзил бўлиб, ой ҳар кеча шу манзиллардан бирига тушиб ўтади. Агар ой 30 кун бўлса, икки кеча ой кўринмайди. 29 кун бўлса, бир кеча кўринмайди. Қуёш мазкур манзиллардан ҳар бирида 13 кун ва 1/3 кунда қўниб ўтади. 28 та манзилнинг кунлари қўшилиб бир йил бўлади.
ҲИЖРИЙ ЙИЛ ҲИСОБИ - Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилган йилларидан бошланган. Қамария (ҳижрий-қамарий йил) ва шамсия (ҳижрий-шамсий йил)га бўлинади.
Қамария бўйича йил ҳисоби 622 йилнинг 16 июли жума кунидан бошланиб, Ойнинг кетма-кет келган икки бир хил фазаси орасида ўтган вақт — синодик ой (29,530588 кун) даврига асосланган. 12 ойдан иборат бир қамарий йил 354,3671 кундан иборат. Қамарий йилда 1, 3, 5, 7, 9 ва 11-ойлар 30 кундан, қолганлари 29 кундан бутун қилиб олинган. Ойлар тартиби билан муҳаррам, сафар, рабиул аввал, рабиул охир, жумодул аввал, жумо-дул охир, ражаб, шаъбон, рамазон, шаввол, зулқаъда ва зулҳижжа деб аталишини биламиз. Қамарий йил тропик йилдан 10— 12 кун қисқа. Қамарий йилнинг баъзилари кабиса йил бўлишига сабаб йилнинг каср қисми (0,3671 кун) ҳар 30 йилда 11,013 кунни ташкил этишидир. Унинг 19 йили оддий (354 кунлик), 11 йили кабиса (355 кунлик), 38-йиллик арабча циклнинг 2, 5, 7, 10, 13, 16, 18, 21, 24, 26 ва 29-йиллари кабиса деб қабул қилинган. Қамария ҳисоби аҳолиси асосан мусулмонлардан ташкил топган мамлакатларда қўлланади.
Шамсия 622 йилнинг баҳорги тенг кунлик куни — 21 мартдан бошлаб ҳисобланади; кейинги йил бошлари эса 20, 21 ёки 22 мартга тўғри келади. Давомийлиги милодий календаридаги каби 365 ёки 366 кундан иборат. Шамсия бўйича ойларнинг номлари ҳут, ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сумбула, мезон, ақраб, қавс, жадди ва далв бўлиб, бу ойлар доимо йилнинг маълум бир вактларида келади.
Ўрта Осиёда янги услуб кенг оммавийлашгунга қадар қамария ҳисоби ҳам, шамсия ҳисоби ҳам ишлатилиб келинган. Шамсия ҳисоби бўйича йилнинг дастлабки кунларида Наврўз байрами ўтказилган.
Ҳижрий йил ҳисобланишининг саналарини янги услуб (Григорий календари)га айлантиришда махсус формулалар ва жадваллар қўлланади. Масалан, Григорий календарининг 1980 йил қамариянинг 1399/1400 йилларига ва Шамсиянинг 1359/1360 йилларига тўғри келади.
ГРИГОРИЙ КАЛЕНДАРИ (ёки янги услуб) — Рим папаси Григорий XIII томонидан Юлий календари (эски стиль) ўрнига 1582 йилда жорий этилган календарь. Перуджий университети ўқитувчиси Луиджи Лилио 1576 йилда таклиф этган лойиҳага биноан тузилган. Юлий календарида йўл қўйилган хатолик ту-затилиб, ҳисоб 10 кун олдинга сурилган. Баҳорги тенг кунлик, яъни 21 мартга тўғри келган. Хатолик яна такрорланмаслиги учун ҳар 400 йилда кабиса йил 3 кунга қисқартирилган, яъни 100 кабиса йили ўрнига 97 кабиса йили жорий этилган. Григорий календарига кўра охирги 2 раками 4 га бўлинадиган йиллар кабиса йиллардир, лекин 2 ноль билан тугаб, 400 га бўлинмайдиган йиллар бундан мустасно, масалан, 1700, 1800, 1900 ва 2100 йиллар оддий йил, 1600, 2000, 2400 ва 2800 йиллар эса кабиса йил ҳисобланади. Шу ҳисобда йилнинг давомийлиги 365,242500 суткани ташкил этиб, тропик йилга қараганда ҳар йили 26 секунд ортиб боради ва сал кам 3300 йилда 1 кун хато қилинади. Григорий календарининг бирдан-бир ноқулайлиги ойлардаги кунлар сонининг ҳар хиллигидир. Собиқ Иттифоқда (шу жумладан Ўзбекистонда) Григорий тақвими 1918 йил 14 февралдан (эски услубда 1 февралдан) бошлаб қабул қилинган.
БУРЖ — Қуёшнинг йиллик кўринма ҳаракати доирасидаги ўн икки юлдуз туркумининг номлари. Бу сўз зодиак юлдузи туркумлари Далв, Ҳут. Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадйларга нисбатан қўлланилади (жадвалга қаранг).
Улар Қуёшнинг йиллик кўринма ҳаракат йўли (эклиптика) бўйлаб жойлашган. Ҳар бирида Қуёш тахминан бир ойча бўлади. Бурж юлдуз туркумларидан Қуёш системасининг деярли барча сайёралари, кометалари ва Ойнинг ҳам кўринма ҳаракат йўллари ўтади. Юнонистонда бурж туркумларини алоҳида ажратиб, уларни махсус белгилар билан ифодалашган. Шунга кўра, осмон гумбазида баҳорги (Ҳамал) ва кузги (Мезон) тенгкунлик, ёзги (Саратон) ва қишки (Жадй) Қуёш туриш нуқталари ҳам ўша белгилар билан белгиланади. Прецессия ҳодисаси сабабли ўтган 2 минг йил ичида бу нуқталар сурилиб, қўшни юлдуз туркумларига ўтиб кетган бўлишига қарамай, шу белгилар, шунингдек Саратон ва Жавзо тропиклари деб аталувчи номлар ҳам сақланиб қолган.
Бурж жадвали
№ |
Арабча |
Форсча |
Ўзбекча |
Ҳозирги |
айтилиши |
айтилиши |
айтилиши |
ҳисобга кўра |
|
1. |
Ҳамал |
Барре |
Қўй |
22 март—20 апр. |
2. |
Савр |
Гов |
Сигир |
21 апр. —20 май. |
3. |
Жавзо |
Дупайкар |
Эгизак |
21 май—21 июнь |
4. |
Саратон |
Харченг |
Қисқичбақа |
22 июнь—22 июль |
5. |
Асад |
Шер |
Арслон |
23 июль—22 авг. |
6. |
Сунбула |
Хоша |
Бошоқ |
23 авг—23 сент. |
7. |
Мезон |
Тарозу |
Тарозу |
24 сент.—22 окт. |
8. |
Ақраб |
Гаждум |
Чаён |
23 окт.—22 нояб. |
9. |
Қавс |
Камон |
Ёй |
23 нояб.—21 дек. |
10. |
Жадй |
Бузғола |
Тоғ така |
22 дек.- 19 янв. |
11. |
Далв |
Дўл |
Қовға |
20 янв.-18 фев. |
12. |
Ҳут |
Моҳий |
Балиқ |
19 фев—21 март |
БУРЖИЙ ТАҚВИМ - 365 кунлик қуёш тақвими. Шарқ фалакиётшунослари томонидан ишлаб чиқилган (11-аср). Буржий тақвим ойлари юлдуз туркумлари номи билан аталгани учун «буржий» (яъни юлдуз туркумлари — арабча «бурж» ёки ҳозирги тасаввурда астрономик тақвим) деб ном олган.
КАЛЕНДАРЬ (лот. calendarium — қарз дафтари), тақвим — йил, ой, ҳафта ва кунлар ҳисоблашни юритиш тизими. Қуёш, Ой, сайёраларнинг кўринма ҳаракати, кун биланн туннинг алмаши-нуви, Ой фазалари ва йил фаслларининг даврий равишда такрорланиб туришига асосланади. Календарнинг пайдо бўлиши одамнинг хўжалик фаолиятини юритиш эҳтиёжи билан боғлиқ. Одамлар Қуёшнинг чиқиб ботишини кузатиб — кун, Ой ўроғининг аввал катталашиб, сўнг кичрайишига қараб — ой, йил фаслларининг давомида Қуёшнинг уфқдан қанчалик кўтарилишини кузатиб йил тушунчаларига келишган. Аста-секин вақтни яна ҳам аниқроқ ҳисоблаш эҳтиёжи билан соат, минут бирликлари, ҳафта тушунчаси киритилган. Вақт ҳисобини тўғри юритиш учун дастлабки расадхоналар қурилган, қуёш соати ўйлаб топилган.
Ўзбек тилида биринчи босма календарь Шоҳимардон Иброҳимов томонидан тузилиб, 1871 йил Тошкентда Туркистон ҳарбий округи босмахонасида чиқарилган, унинг 1872 йил 2-нашри Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида сақланади.
“ЎзМЭ” маълумотлари асосида
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади
16 март 2017 йил
Қуръони карим оятларини тафсир, шарҳлашга эҳтиёж борми? Бинобарин Қуръони каримнинг қатор оятларида Аллоҳ таоло оятларни тушуниш ва фаҳмлаш осон, енгил эканлиги таъкидланган-ку? Бундан гўёки Қуръон оятларини тушунтиришга ҳожат йўқдек кўринади. Бироқ, оятлар диққат билан ўрганилса, Қуръони каримда икки хил ҳодиса ва нарсалар баён этилиши маълум бўлади.
Улардан бири оддий воқеликка тааллуқли бўлиб, олдинги пайғамбарлар, уларнинг халқлари билан боғлиқ тарихий воқеалар, Aллоҳнинг неъматлари, осмон ва ернинг яратилиши, илоҳий қудрат ва ҳикмат, дўзах азоблари ҳақидаги ҳамда бошқа хабарларни ўз ичига олади.
Иккинчиси эса, шариат аҳкомлари, ихтилофли масалаларни ўз ичига олади.
Қуръонда зикр (дарс, ваъз, насиҳат) деб номланган биринчи турдаги мавзуни, шубҳасиз, тушуниш осон, ҳатто саводсиз деҳқон ҳам ундан ўзи манфаат топиши мумкин. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:
وَلَقَدۡ يَسَّرۡنَا ٱلۡقُرۡءَانَ لِلذِّكۡرِ فَهَلۡ مِن مُّدَّكِرٖ
"Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?!" (Қамар сураси, 22-оят).
Оятдаги "Зикр учун" сўзи асосий диққатини Қуръондан ўрганишга қаратади ва фақат шу мақсадда осон, деган маънони англатади, лекин ҳеч қандай ҳолатда бу осонлик қонунлар ва таълимотларнинг талқини билан боғлиқ эмас. Aгар бу турдаги нарсалар ва ҳодисаларнинг таъбирини ҳар ким билса эди, Aллоҳ таоло Пайғамбаримизга Китобни ўргатиш ва тушунтириш вазифасини юкламаган бўларди.
Юқорида таъкидланганидек, Қуръон оятларини тушунтириш, шарҳлашда Пайғамбар алайҳиссаломга муҳтож бўлинади. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай марҳамат қилади:
وَتِلۡكَ ٱلۡأَمۡثَٰلُ نَضۡرِبُهَا لِلنَّاسِۖ وَمَا يَعۡقِلُهَآ إِلَّا ٱلۡعَٰلِمُونَ
"Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар" (Анкабут сураси, 43-оят).
Шундай қилиб, биринчи турга оид оятларни тушуниш осонлиги, Қуръондаги амрларнинг қонуний ва амалий хулосаларини аниқлаб берадиган пайғамбарга эҳтиёжни истисно қилмайди.
"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси