Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2025   |   5 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:03
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2025, 5 Ражаб, 1447

Биродарини обрўсини сақлаганнинг мукофоти

13.03.2017   8924   8 min.
Биродарини обрўсини сақлаганнинг мукофоти

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : " مَنْ رَدَّ عَنْ عِرْضِ أَخِيهِ ؛ رَدَّ اللَّهُ عَنْ وَجْهِهِ النَّارَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ "

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимки биродарини обрўсини (тўкилишидан, яьни ғийбат қилинишидан) сақласа, Аллоҳ таоло уни юзини (бутун баданини) қиёмат кунининг оловидан сақлайди” дедилар. Термизий, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилишган.

Ғийбат деганда кўпчилик хар хил нарсани тушунади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга: “Сизлар ғийбат нималигини  биласизларми?” дедилар. Шунда улар: Аллоҳ ва унинг Расули билувчироқ дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга: “Агар биродарингиз сиз у ҳақида гапирган сўзингизни эшитса, сиздан хафа бўладиган бўлса, батаҳқиқ сиз уни ғийбат қилибсиз” дедилар. Шунда саҳобалар: Ё Расулаллоҳ, агар биз айтаётган сифат унда бор бўлсачи? дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Шунда ғийбат бўлади. Агар сиз айтаётган сифат унда бўлмаса, сиз унга бўхтон қилган бўласиз” дедилар. Имом Муслим, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилиишган.

Шунинг учун ҳам бирор киши билан гаплашаётган вақтимизда орамизда бўлмаган яьни суҳбатда иштирок этмаётган инсон ҳақида агар гапиришга зарурат туғилса, у ҳақида яхши сўз айтишимиз лозим экан. Бирор киши у ҳақида ёмон сўз айтса, обрўсини тўкмоқчи бўлса, тезда уни тўхтатиб, биродаримизни ҳимоя қилмоғимиз керак экан. Ана шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек зиммамиздаги бурчимизни адо этган бўламиз. Мана шу қилган ишимиз учун Аллоҳ таолонинг қиёмат кунида юзимизни яьни бутун баданимизни дўзахдан сақлашидек улуғ мукофотга сазовор бўлар эканмиз. Агар уни обрўсини ҳимоя қилишга, ғийбат қилаётганни тўхтатишга кучимиз етмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таьлим берганларидек, у мункар ишни қўлимиз ва тилимиз билан тўхтатишга қодир бўлмадикми, қалбимиз билан инкор этиб, у суҳбатни тарк этмоғимиз лозим бўлади. Ана шунда ўзимизни Аллоҳ таоло қайтарган мункар ишга алоқадор бўлиб қолишдан сақлаган бўламиз. Улар эса У зотга ўзлари жавоб берадилар.

Аллоҳ таоло Қурони Каримда марҳамат қилади:

“Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир”, деган (Ҳужурот, 12).

Ҳужурот сурасидаги бу оятда ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ғийбат қилмасликка амр этмоқда:

“Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар”.

Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканлигини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон эканлиги ояти кариманинг ўзида ҳам ажойиб услуб ила баён қилинмоқда:

“Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими?”

Қуръони Карим бировни ғийбат қилишни ўша шахс ўлганидан кейин гўштини ейиш билан баробар қилмоқда. Маълумки, инсоннинг гўштини ейиш нафақат ислом динида балки исломдан бошқа динларда ҳам мумкин эмас, ўлгандан кейин ейишни эса, асло хаёлга ҳам келтириб, тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун юқоридаги «яхши кўрасизми?” деган саволга ҳеч ким, ҳа, деб жавоб бермайди.

Шу боисдан оятнинг ўзи, “Ҳа, ёмон кўрасизлар!” деб таъкидламоқда.

Аллоҳ таоло ўликнинг гўштини тановул қилишни тасаввур қилолмадингизми? Кўнглингиз кўтаролмадими? Бировни ғийбат қилиш сиз учун ана шундоқ бўлсин, деб айтмоқда.

Оятнинг давомида Аллоҳ таоло юқорида зикр қилинган гуноҳни қилганларни Аллохдан қўрқишга даъват қилиб, “Аллоҳдан қўрқинглар”, демоқда.

Шу билан бирга, аввал билмасдан кимнидир ғийбат қилиб гуноҳ иш қилган бўлсангиз, тезда тавба қилиб гуноҳингизни ювишингиз мумкин деб, Аллоҳ таоло ўзининг фазли-марҳаматидан ноумид бўлмасликка чақирмоқда.

“Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир”.

Яъни, қилган ишингизга қаттиқ афсус қилиб, чин дилдан надомат чекиб, иккинчи бор бу ишни қилмасликка аҳд қилиб ва аҳдингизга вафо қилинг.  Ҳамда ўзингиз ғийбат қилган кишини қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлсангиз, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапиринг. Ана шунда Аллоҳ таоло тавбангизни қабул қилиб, сизга раҳм қилади. 

Ғийбатнинг сабаблари

Ғийбатнинг сабаблари жуда кўп, улардан баъзисини эсга оламиз:

  1. Аччиғини тўкиб солиш.

Бир одам бошқасининг аччиғини чиқарган бўлса, аччиғи чиққан уни ғийбат қилиш ила ундан ўч олишга ҳаракат қилади.

  1. Тенгдошлар ва ҳамсуҳбатларга шерик бўлиш, уларнинг гапини қўллаб-қувватлаш.

Таниш-билиш ёки улфатлар бировнинг ғийбатини қилаётган бўлса, ёқиш ва яхши кўриниш ниятида уларга қўшилади. Буни ўзича одамгарчилик деб ўйлайди. Аслида гуноҳга шерик бўлган бўлади.

  1. Ўз обрўсини кўтариш учун бировни айблаш.

Мисол учун, «Фалончи жоҳил, фаҳми йўқ», деб, ўзини илмли ва ўткир фаҳмли қилиб кўрсатишга уринади.

  1. Ҳасад.

Одамлар бир кишини мақтаётганлари учун ҳасад қилади ва уни ғийбат қилиб, обрўсини тўкиш пайидан бўлади.

  1. Ўйин-кулги ва ҳазил.

Одамларни кулдириш ва даврани қизитиш мақсадида бошқаларнинг камчилиги ва айбини айтиб, ғийбат қилинади. Баъзилар бу ишни ўзига касб қилиб олган ҳам бўлади.

Ғийбатнинг давоси

Аввало ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билиб қўйиши керак.

Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар савоби бўлмаса, нариги одамнинг гуноҳлари унга олиб берилишини ҳам билиб қўйсин.

Ғийбат пайти бўлиб қолса, ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Ўзининг айблари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Агар ўзини айблардан холи билса, ўшанга шукр қилиш ила машғул бўлсин. Ўзини ўзи энг ёмон айб – ғийбатчилик ила ифлосламасин. Ўзини биров ғийбат қилишини истамаганидек, ўзи ҳам ўзгаларни ғийбат қилишни истамасин.

Ғийбатга боис бўлган сабабга назар солсин ва ўша сабабни йўқ қилишга ҳаракат қилсин. Дарднинг давоси уни келтириб чиқарган сабабни йўқ қилиш ила бўлади.

(علوم الدين إحياء 3-жилд 146-саҳифа).

Мўмин-мусулмонлар ўзлари ғийбатдан четланибгина қолмасдан, бошқа ғийбат қилаётганларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари зарурдир. Юқоридаги ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мусулмон мусулмоннинг биродаридур. Ҳар бир мусулмон зиммасида мусулмонларнинг қони, моли ва обрўсини ҳимоя қилиш бурчи бордир” деганларидек ҳар биримиз ўз бурчимизни адо этмоқликка ҳаракат қилмоғимиз лозимдир. Аллоҳ таоло бизларни ўзи қайтарган мункар ишларни қилишдан сақлаб, бажаришимизни амр этган амалларни қилишимизга ўзи ёрдам берсин.

Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Қирқ ҳадис” асари асосида

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

СУКУТ сақлашнинг 702 та энг муҳим ФОЙДАСИ

23.12.2025   4796   51 min.
СУКУТ сақлашнинг 702 та энг муҳим ФОЙДАСИ

 СУКУТ сақлашнинг

702 та энг муҳим ФОЙДАСИ (фақат АСОСИЙЛАРИ)

(5 қисмдан иборат)

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

(1-қисм)

КАЛОМУЛЛОҲ – ҚУРЪОНИ КАРИМДА

МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ

МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 

Z «Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд шунда раҳм қилингайсиз!» (Аъроф сураси 7/204 оят)

Z «Юрганингда ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир» (Луқмон сураси 31/19 оят)

Z «Аллоҳнинг раҳмати сабабли Сиз, эй, Муҳаммад, саҳобаларга мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, гуноҳлари учун кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!» (Оли Имрон сураси 3/159 оят)

Z «Эй, Мусо! Сиз ўзингиз ва биродарингиз Ҳорун Менинг оятларимни одамларга олиб борингиз ва Мени зикр қилишда сустлик қилмангиз! Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у «Мен – худоман», деб ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки ҳалок қилишимдан қўрқса» (Тоҳо сураси 20/42-44 оятлар)

Z «Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз» (Нисо сураси 4/114)

Z «Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар. Улар беҳуда сўз ва ишлардан юз ўгирувчидирлар» (Муъминун сураси 23/1-3 оятлар); 

Z «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангиз, албатта, уларни янада зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси 14/7 оят); 

Z «Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг...» (Бақара сураси 2/83 оят)

Z «Зотан, ўнг ва чап томонда ўтирган икки ёзиб турувчи фаришта қабул қилиб ёзиб турурлар. У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир» (Қоф сураси 50/17-18 оятлар); 

Z «Ҳолбуки, сизларнинг устингизда барча сўзингиз ва ишингизни ёдлаб турувчи фаришталар бор. Улар номаи аъмолга ёзувчи улуғ зотлардир. Улар сиз қилаётган ишларни билурлар» (Инфитор сураси 82/10-12 оятлар); 

Z «Кимки тавба қилиб эзгу ишларни қилса, бас, албатта, у Аллоҳ ризоси ва мағфиратига қайтган бўлур. Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда сўз ё иш олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан ундан юз ўгирган ҳолда ўтарлар» (Фурқон сураси 25/71-72 оятлар)

Z «Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! Шунда Аллоҳ ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди» (Аҳзоб сураси 33/70-71 оятлар).

  

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ

РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ

МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:

 

¯ «Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин!» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари); 

¯ «Жим турган нажот топибди» (Имом Термизий ривоятлари); 

¯ «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига — жаннат ёнидаги бир уйга кафилман!

Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига — жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман!

Чиройли хулқли кишига — жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари); 

¯ «Ҳақиқий мусулмон – бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан озор кўрмаган одамдир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари); 

¯ «Ким сукут қилса, нажот топди» (Имом Термизий ривоятлари); 

¯ «Кимнинг гап-сўзи кўп бўлса, кўп гапирса, кўп хато қилади. Кўп хато қилган одамнинг гуноҳи ортади. Гуноҳи кўп одамга дўзах муносиброқдир»; 

¯ «Банданинг мусулмонлиги гўзал бўлишининг белгиларидан бири — уни ўзига алоқаси йўқ нарсалардан сукут қилиши» (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари); 

¯ «Одам боласининг ҳар бир сўзи унга қарши ҳисобланади, фақат яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ёки Аллоҳни зикр қилиш бундан мустасно» (Имом Термизий ривоятлари); 

¯ «Мўминларнинг имони энг мукаммали — хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари); 

¯ «Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»; 

¯ «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари); 

¯ «Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва қаерда бўлса ҳам хорланади:

–     Менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;

–     Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;

–     Ота-онаси тирик бўла туриб, уларни хурсанд қилмаган»;

 

¯   «Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса – ширин сўз билан!»; 

¯   «Ўзига тегишли бўлмаган нарсаларни тарк этиши – кишининг яхши мусулмон эканлигидан далолатдир» (Имом Термизий ривоятлари); 

¯   «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар:

сиҳат-саломатлик

ва хотиржамликдир» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

¯   «Ер юзидагиларга раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилгусидир»; 

¯   «Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш – садақадир» (Имом Бухорий ривоятлари); 

¯   «Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат билинг:

кексалигингиздан олдин ёшлигингизни,

бетоблигингиздан олдин саломатлигингизни,

фақирлигингиздан олдин бойлигингизни,

бандлигингиздан олдин бўш вақтингизни,

ўлимингиздан олдин тириклигингизни!» (Имом Ҳоким ривоятлари)

¯   «Қўшниларингиз сизни “яхши одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – яхшисиз. Агар улар сизни “ёмон одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – ёмон одамсиз»; 

¯   «Садақанинг афзали – келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилишдир» (Имом Абу Довуд ривоятлари);    

¯   «Бирор киши бор айбингизни айтиб, сизни ҳақоратласа, сиз уни унда бор айби билан ҳам ҳақоратламанг. Шунда бунинг савоби сизга, гуноҳи унга бўлур»; 

¯   «Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди»; 

¯   «Кимики бирор мўмин кишининг айби ёки гуноҳини билиб туриб, уни фош этмай яширса, гўё тиригича кўмилган гўдакни тирилтирганчалик савобга эга бўлур» (Имом Байҳақий ривоятлари); 

¯   «Кимки бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унинг айбини яширади»; 

¯   «Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур»; 

¯   «Қайси киши ўзганинг айбини кўриб, уни яширса, худди тириклай кўмилган қизни қабридан қутқарган каби бўлади» (Имом Абу Довуд ривоятлари); 

¯   «Кимки бир чумчуқни бекордан-бекор ўлдирса, Қиёмат кунида у чумчуқ Арш олдига келиб, баланд овоз билан: “Парвардигорим, бу бандадан сўрагин, нима учун мени беҳуда ўлдирди экан?” дейди»; 

¯   «Золим билан бирга юрган одам жиноят содир қилибди»; 

¯   «Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг!» (зулм илдизига болта уриш – ҳам золимга, ҳам мазлумга ёрдамдир); 

¯   «Маслаҳатни ақл эгаларидан сўранглар – тўғри йўл топасизлар. Уларнинг айтганидан чиқманг – пушаймон бўласизлар»; 

¯   «Ким бир мусулмоннинг гуноҳини яширса, Аллоҳ унинг гуноҳини дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади»; 

¯   «Кимники Аллоҳ Таоло дўст тутса, унга одамларнинг ҳожатлари тушадиган қилиб қўяди»; 

¯   «Сиз яхшиликни унга муносиб бўлганга ҳам, бўлмаганга ҳам қилаверинг. Агар сиз эзгуликка лойиқ одамни топсангиз, демак, у эзгулик аҳлидир, агар ундай одамни топмасангиз, демак, сиз ўзингиз эзгулик аҳлидансиз»; 

¯   «Кимки бирор гуноҳ иш қилишни ният қилса-ю, сўнгра ниятидан қайтса, унга бир яхшилик савоби ёзилажак»; 

¯   «Бутун умр эзгуликни тиланглар!»; 

¯   «Одамларнинг яхшиси – кишиларга манфаати кўп текканидир»; 

¯   «Умматимнинг раҳмдилларидан ва шафқатлиларидан фазилат истанглар! Чунки сизлар уларнинг қанотлари остида яшайсизлар»; 

¯   «Мазлумнинг дуосидан сақланинглар, гарчи у кофир бўлса ҳам. Чунки унинг дуоси тўсиқсиздир»; 

¯   «Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қилаолмаган одам — Худога ҳам шукр қила олмайди»; 

¯   «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча, мўмин бўла олмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари); 

¯   «Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин»;  

¯   «Кимки яхшилик кўчатини қадаса, орзу қилган ҳосилини йиғиб олади ва кимки ёмонлик уруғини сепса, афсус-надомат мевасини териб олади»; 

¯ «Гуноҳли гапни эшитган киши ҳам уни айтганнинг шеригидир»; 

¯   «Бирор банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг айбларини яширади» (Имом Муслим ривоятлари); 

¯ «Ким ўзининг ҳақ эканини билиб туриб, тортишувни тўхтатмаса, имонда ҳаққонийлик даражасига етмаган бўлади»; 

¯ «Жанжални аввал тугатган кишига жаннатдан бир сарой берилади»; 

¯ «Ким ҳақсиз бўла туриб жанжални тўхтатса, унга жаннатнинг четидан бир сарой берилади.

Ким ҳақ бўла туриб жанжални тўхтатса, унга жаннатнинг ўртасидан бир сарой берилади»; 

¯   «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади» (Имом Ибн Можа ривоятлари).

 

 

САҲОБАИ КИРОМЛАРДАН НАҚЛ:

 

o   «Биз Расулуллоҳнинг олдиларида ҳисоб-китобидан қўрққанимиз учун кўп сукут қилардик». 

o   Соиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим. Бас, одамлар мени мақтай бошладилар ва гўзал ахлоқлар билан зикр қила бошладилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Мен сизларнинг ичингизда уни энг яхши билувчиман”, дедилар.

“Рост айтдингиз! Отам, онам сизга фидо бўлсин! Сиз шеригим эдингиз. Қандай ҳам яхши шерик эдингиз.

Хилоф ҳам қилмас эдингиз. Талашиб-тортишмас ҳам эдингиз” дедим» (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривоятлари).

 

Шарҳ: ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси Соиб ибн Абу Соиб разияллоҳу анҳу авваллари Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шериклари бўлган эдилар. Икки шерик бир-бирларини жуда ҳам яхши билар эдилар. Шунинг учун улар бир-бирларини васф қилишда бошқалардан кўра афзал эдилар.

 

Соиб ибн Абу Соиб разияллоҳу анҳунинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга қилган васфларида У Зотнинг талашиб-тортишиш одатлари йўқлиги айтилмоқда.

 

 

УЛУҒЛАРДАН ҲИКМАТЛАР:

v «Сукут – ҳикмат, лекин унга амал қилганлар жуда оз». 

v «Киши фақат керакли гапни айтсин. Кераклиси кам, кераксизи кўпдир». 

v «Инсонни йиқитадиган нарсаларнинг энг кўписи — тилидир». 

v «Ким “Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга умматман, У Зотга эргашаман, У Зотдан ўрнак оламан”, деса, ҳеч ҳам талашиб-тортишувчи бўлмасин!». 

v «Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,

Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,

Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,

Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано»

(Ҳожа Аҳмад Яссавий).

 

v «Ҳар ким гапиради, лекин кам одам сукутнинг қийматини тушунади». 

v «Жаннатда фақат пок сўз. Шунинг учун дунёда ҳам пок сўз — ёхуд сукут афзал». 

v «Киши сукут орқали ўз юрагини, ақлини, вақтини ва обрўйини сақлаб қолади». 

v «Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай»

(Алишер Навоий).

 

v «Кўп сўз — кўп хато. Сукут — қутқарув». 

v «Ақлли киши аввал ўйлайди, кейин гапиради». 

v «Билимнинг кўпчилиги – сўзда эмас, сукутдадир». 

v «Агар бўлсанг ипак каби мулойим,

Мулойим сен бўлсанг, қулинг бўлайин.

Қулоғимга берган пандинг олайин,

Кишига қаттиқ сўз айтувчи бўлма»

(Махтумқули).

 

v «Сукут орқали инсон гуноҳдан, хусуматдан, фитнадан сақланади». 

v «Тилни ҳимоя қиладиган энг кучли девор — сукут». 

v «Одамнинг яхшилиги унинг тилида намоён бўлади». 

v «Агарчи ул оёқ остидадур хор –
Худо махлуқидур, оғритма зинҳор!
Такаббур қилмағил, эй, бемаъоний,
Фалоний ўғлидурман деб фалоний!
»
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу). 

v «Тилга эга бўлган инсон — ахлоқига эга бўлган инсон». 

v «Сукут – тақво аломатларидан». 

v «Сукут — ибодат сифатида ҳам бўлиши мумкин». 

v «Бурунғи ҳолиға қилма наззора,
Ани Тангрим азиз этса на чора?!?
Ишонма отаға, қолма талабдин!
Қиёматда сўралмасдир насабдин
»

(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу).

 

v «Мўминнинг сифати — фойдасиз гапдан сақланиш ва сукут билан нафсини ҳимоя қилиш». 

v «Агар сўз яхшиликка олиб бормаса, сукут афзал». 

v «Гапни фақат яхши ва ҳақ сўз билан айтиш даркор. Ножоиз, қаттиқ, фитнага олиб келадиган сўздан сукут қилиш – Аллоҳ амрига мувофиқ». 

v «Агар сен қиблага бурмасанг юзни,

Беш маҳал саждаю намозинг бекор.

Жаннатга ҳеч қачон тикмагил кўзни

Агар бир мўминга етказсанг озор»

(Абдулла Орипов).

 

v «Сидқ ва хулқнинг белгиси — назорат қилинган тил». 

v «Сўзда тежамкорлик — камсўзлик ва сукутга яқин бўлган одоб». 

v «Агар сўз рост ва ҳақ бўлмаса, сукут афзал». 

v «Қўпол сўз — илон газагидек зарарли». 

v «Маккага етти қат борганча бўлур,

Бошини силасанг ўксик инсонни»

(Абдулла Орипов).

 

v «Бекорчи ва беҳуда сўзларни гапириш ҳам нафс касаллигидир». 

v «Сукут қиладиган одам кам гуноҳ қилади, чунки ҳар сўз қайд қилинади». 

v «Беҳуда сўз ҳам “беҳуда ишлар”дан. Мўмин бундайдан ўзини олиб қочади». 

v «Қўпол сўздан сукут қилган инсон ўзини ҳам, бошқани ҳам азобдан сақлайди». 

v «Камгап бўлинг! Оғзи ёпиқ балиқни ҳеч ким қармоққа тушира олмайди. Сиз ҳам оғзингизни ёпинг. Чунки қанчадан-қанча инсонлар сизнинг хатоларингизни овлаш пайида юрган бўлади. Сиз худди майин ёмғир каби бўлингки, ёмғир қаерга ёғса, ўша ерга манфаат етказади».

 

(Давоми бор...)

 

Иброҳимжон домла Иномов 

 

Мақолалар