Диёримиздан тафсир илмига бой маънавий мерослари билан улкан ҳисса қўшган машҳур муфассирлар етишиб чиққан.
Ана шундай буюк алломалардан бири, калом илмининг имоми, мусулмонлар эътиқодининг ислоҳчиси деб эътироф этилган зот имом Мотуридийдир.
Алломанинг ислом илмига қўшган ҳиссасининг нақадар улуғлигини Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов “Юксак маънавият - енгилмас куч” асарида бундай таърифлаган эди: “Имом Мотуридий бобомизнинг ўрта асрлардаги ғоят хатарли ва таҳликали бир вазиятда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, авлодларга ибрат бўладиган маънавий жасорат намунасини кўрсатиб, ислом оламида «Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи» деган юксак шарафга сазовор бўлгани бу нодир шахснинг улкан ақл-заковати ва матонатидан далолат беради”.
Мовароуннаҳрда мукаммал тафсир асар тасниф этган илк муфассирлардан бири Абу Мансур ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандий (238-333ҳ.й.) ҳисобланади. Унинг “Таъвилоту аҳл ас-сунна” деган тафсир асари “Аҳли сунна вал жамоа” йўналишининг энг мўътабар ва асосий манбаси саналади.
Имом Мотуридий кўплаб асарлар яратган бўлиб, айниқса, унинг “ат-Тавҳид” ва “Таъвилоту аҳл ас-сунна” асарлари мусулмон оламида жуда катта шуҳрат қозонган. У калом, фиқҳ, усулул фиқҳ, мақолот каби соҳаларда ҳам улкан асарлар ёзиб қолдирган.
Имом Мотуридий ҳанафий мазҳаби вакили бўлиб, адашган фирқаларга шу мазҳаб таълимотларидан келиб чиққан ҳолда раддиялар бериш усули билан тафсир асарларини яратган. Хусусан,“Таъвилоту аҳл ас-сунна” тафсири суннат аҳилларининг йўналишини адашган фирқа ва оқимлардан ҳимоя қилиш мақсадида ёзилган.
Ушбу асар муқаддимасида аллома тафсир ва таъвил тушунчаларининг фарқи ва таърифларини келтириб ўтган ҳамда ўз ақидавий йўналишидан келиб чиқиб, тафсирда калом илми услубларидан маҳорат билан фойдаланган. Имом Мотуридий ушбу тафсирида мўътазилийлар имомларига, хусусан, Абул Қосим Каъбий ва Абу Муҳаммад Боҳилийларга раддиялар ёзган. Шунингдек, карромийлар, ботинийлар, хорижийлар, рофизийлар ва қаромитийлар каби залолатга юз тутган фирқаларга ҳам раддиялар берган.
Имом Мотуридийнинг ушбу шоҳ асари асрлар давомида аҳли сунна эътиқодининг софлигига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.
“Таъвилоту аҳл ас-сунна”нинг ёзилиш услуби қуйидагиларда намоён бўлади:
Мухтасар қилиб айтаганда, Имом ал-ҳуда, Имом ал-мутакаллимин ва Мусаҳҳиҳу ақидатил-муслимин каби юксак эътирофлар билан таърифланган Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳл ас-сунна” асари юртимизда ёзилган илк тафсирлардан ҳисобланади.
Алломанинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини пухта ўрганиб, ҳаётга тадбиқ этишимиз бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида инсонларни залолат ва қабоҳатга даъват этаётган ҳамда халқлар ўртасида нотинчликларни юзага келтираётган диний экстремистик оқим ва йўналишлар илгари сураётган бузғунчи ғояларга қарши маърифат билан кураш олиб боришда улкан аҳамият касб этади.
Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар “Қатортол” масжиди имом-хатиби
Рамазон ойи давомида бир гуруҳ уламолар, имом-домлалар ва моҳир қорилар чет элдаги ватандошлар билан маърифий суҳбатлар қилиш, Рамазони шариф билан қутлаш, уларнинг диний саволларига жавоб бериш ҳамда таровеҳ намозида иштирок этиш мақсадида АҚШ, Россия Федерацияси, Жанубий Корея сингари мамлакатларда хизмат сафарида бўлиб турибдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Музаффар домла Камолов, Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулло домла Абдуллаев, Фарғона вилояти Қувасой шаҳар “Ислом” масжиди имом-хатиби Алишер домла Наимов, , Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Имом ат Термизий” масжиди имом-хатиби Яҳё домла Абдурахмонов, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Юнус ота” масжиди имом ноиби Жамолиддин домла Қодиров, Андижон шаҳар “Чинор” масжиди имом-хатиби Авазбек домла Мўминов, Андижон тумани “Усмони Зиннурайн” масжиди имом-хатиби Фазлиддин домла Абдуллаев Жанубий Кореянинг Сеул, Ченгжу, Мокпо, Даегу каби шаҳарларидаги тадбирларда қатнашиб, манфаатли суҳбатлар ўтказмоқдалар.
АҚШнинг Нью-Йорк, Филадельфия, Орландо, Цинциннати, Чикаго, Нью-жерси шаҳарларидаги ватандошлар Тошкент шаҳар “Сирож солиҳ” масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров, Тошкент шаҳар “Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф” масжиди имом-хатиби Исмоил домла Муҳаммад Содиқ, Андижон вилояти “Эски Гумбаз” масжиди имом-хатиби Ботир домла Тожибоев, Тошкент шаҳар “Фирдавс” масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Сатторов, Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд” масжиди имом-хатиби Зохиджон домла Номонов, Тошкент шаҳар “Ҳазрати Умар” масжиди имом-хатиби Фазлиддин домла Мамадалиев, Самарқанд вилояти “Хўжа Абду Дарун” масжиди имом-хатиби Зафар домла Маҳмудов, Фарғона вилояти “Хўжа Абдуллоҳ” масжиди имом-хатиби Абдувоҳид домла Мансуралиевнинг маърузалари ва хатми Қуръонларига сомеъ бўлмоқдалар.
Мана шундай тадбирлар Россия Федерациясининг Магандан ва Хабарский каби ҳудудларига ишлаш, таълим олиш учун борган ватандошларимиз учун ҳам ташкил этилмоқда. Ушбу минтақалардаги учрашувларда Наманган вилояти “Мулла Абдуқодир” масжиди имом-хатиби Музаффар домла Ибрагимов, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани “Чоштепа” масжиди имом-хатиби Ҳакимжон домла Хотамов иштирок этмоқда.
Сафар давомида диний соҳа ходимлари ватандошлар билан мулоқотларда Ислом дини қадриятлари, Рамазон ойи фазилатлари, она-Ватанга муҳаббат ва бузғунчи ғояларга алданмаслик каби мавзуларда ҳам суҳбатлар қилмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати