Бу воқеа Лондон шаҳрида бўлган. Ўт ўчирувчилардан бирининг катта ити бўлиб, уни Боб деб чақиришар эди. Боб ёнғин бўлаётган жойга кириб, ўт ичида қолиб кетган кичкина болаларни қутқаришга ўргатилган эди.
Бир куни Боб ва ўт ўчирувчилар ёнаётган уй олдига келишди. Уй аланга ичида қолган, атрофда одамлар тўпланган эди. Одамлар ичида бир аёл уй ичида икки яшар қизчаси қолиб кетганини айтиб қаттиқ йиғларди. Ўт ўчирувчилар Бобни уй ичига юборишди. Боб аланга ичига кириб кўздан ғойиб бўлди. Бир оздан кейин кичкина қизчани кўйлагидан тишлаб олиб чиқди. Онаси қизини кўриб жуда севинди. Бобни бағрига босиб, бошини силади. Лекин Боб яна уй ичига интилар эди. Ёнаётган уйда яна кимдир бор бўлса керак, деб ўйлаб Бобни қўйиб юборишди. Боб бир зумда олов ичида йўқолди. Орадан бир оз вақт ўтди. Ҳамма нафасини ютиб Бобни кутар эди. Шу пайт олов ичидан Боб отилиб чиқди. Яна бир қизчани кўйлагидан тишлаб олиб келар эди. Ҳамма болани олиш учун унга интилди. Боб яқинлашганда қарашса, у бола деб олиб чиққан нарса каттагина қўғирчоқ экан. Ҳамма кулиб юборди. Боб эса ўзининг қилган ишидан мамнун бўлиб одамларга қараб турарди.
Баъзан жониворларнинг фидоийлиги инсонлар учун ҳавас қиларли даражада бўлади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Аллоҳга “қарзи ҳасана” (Унинг йўлида эҳсон) қиладиган киши бормики, (У) ўша (киши)га бир неча ҳисса зиёдаси билан қайтарса! Унинг учун яна яхшигина мукофот ҳам бордир» (Ҳадид сураси, 11-оят).
Абу Мусодан, у киши оталаридан, у киши эса боболаридан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор”, деганлар.
Рамазон – яхшилик қилиш ва эзгу амалларда мусобақалашиш, саховатпеша инсонлар учун эса имконият ойидир. Аллоҳнинг розилиги ва савобини орзу қилганлар учун бебаҳо фурсатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳар бир киши Қиёмат куни ўз садақасининг сояси остида бўлади. Токи одамлар орасида унга нисбатан ҳукм чиқарилгунча” (Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти).
Араб шоирларидан бири бундай ёзган:
Махфий ва ошкора тарзда садақа берувчи бўл,
Қўлинг билан қилган яхшилик сенга соя бўлиб қайтсин.
Бахиллик қилма, сахий ва эҳсон қилувчи бўл,
Одамлар қийинчиликка тушганида, уларга кўмакчи бўл!.
Ушбу сатрларда яхшилик ва эҳсон йўлида мусобақалашиш ҳамда муҳтожларга ёрдам бериш, садақа қилиш, очларни тўйғазиш, камбағалларга саховат кўрсатиш, хайрли лойиҳаларга ҳомийлик қилиш ва эзгуликка ҳисса қўшиш каби эзгу амалларга тарғиб қилинади.
Таниқли уламолардан бири шайх Али Тантовий ўзининг “Одамлар орасида” номли китобида бундай ёзади:
Агар сиз ихтиёрий очликни ҳис қилсангиз, мажбурий равишда очлик азобини тортаётганларни эсланг ва Роббингиз берган неъматлар учун шукр қилинг.
Зеро, шукр фақат тилда минг марта “Алҳамдулиллаҳ” дейиш эмас, балки бой инсон камбағалларга саховат кўрсатиши, кучли инсон эса заифларга ёрдам бериши билан намоён бўлади.
Рамазон ойида хайрли ишларга шошилинг:
Етим ва муҳтожларга ғамхўрлик қилинг.
Рўзадорлар учун ифторлик уюштиринг.
Масжидлар ва хайрия лойиҳаларига ҳисса қўшинг.
Қарздан азият чекаётганларнинг оғирини енгиллатинг.
Касаллар ва муҳтож оилаларга ёрдам беринг.
Бу ишлар Аллоҳ билан қилинган савдодир, унинг захираси Раҳмон банкида ҳеч қачон тугамайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
“Сизларнинг ҳузурингиздаги нарсалар тугаб кетур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир” (Наҳл сураси, 96-оят).
Эй бахтли инсонлар! Муҳтожларга яхшилик қилинг, камбағалларга саховат қилинг, қийналганларнинг кўз ёшларини артиб, ер юзидаги инсонларга раҳм-шафқатли бўлинг, шунда сизларга Яратган парвардигор раҳм қилади.
Хусусан, муборак Рамазон ойида саховатли бўлишга интилинг, чунки Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Энг афзал садақа – Рамазонда берилган садақадир” (Термизий ривояти).
Аллоҳдан сўраймизки, бизга сўзда ростгўйлик, амалда ихлос, яхшиликка муҳаббат, ёмонликдан узоқлашиш, эзгу ниятда бўлиш ва ибодатларимизни қабул бўлишини муяссар айласин. Албатта, У дуоларни эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир.
Доктор Солиҳ бин Али Абу Аърроднинг
“Рамазон мактублари” китобидан
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.