Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Март, 2025   |   21 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:25
Пешин
12:35
Аср
16:48
Шом
18:39
Хуфтон
19:53
Bismillah
21 Март, 2025, 21 Рамазон, 1446

Жонивор фидоийлиги

20.01.2017   7049   1 min.
Жонивор фидоийлиги

Бу воқеа Лондон шаҳрида бўлган. Ўт ўчирувчилардан бирининг катта ити бўлиб, уни Боб деб чақиришар эди. Боб ёнғин бўлаётган жойга кириб, ўт ичида қолиб кетган кичкина болаларни қутқаришга ўргатилган эди.

Бир куни Боб ва ўт ўчирувчилар ёнаётган уй олдига келишди. Уй аланга ичида қолган, атрофда одамлар тўпланган эди. Одамлар ичида бир аёл уй ичида икки яшар қизчаси қолиб кетганини айтиб қаттиқ йиғларди. Ўт ўчирувчилар Бобни уй ичига юборишди. Боб аланга ичига кириб кўздан ғойиб бўлди. Бир оздан кейин кичкина қизчани кўйлагидан тишлаб олиб чиқди. Онаси қизини кўриб жуда севинди. Бобни бағрига босиб, бошини силади. Лекин Боб яна уй ичига интилар эди. Ёнаётган уйда яна кимдир бор бўлса керак, деб ўйлаб Бобни қўйиб юборишди. Боб бир зумда олов ичида йўқолди. Орадан бир оз вақт ўтди. Ҳамма нафасини ютиб Бобни кутар эди. Шу пайт олов ичидан Боб отилиб чиқди. Яна бир қизчани кўйлагидан тишлаб олиб келар эди. Ҳамма болани олиш учун унга интилди. Боб яқинлашганда қарашса, у бола деб олиб чиққан нарса каттагина қўғирчоқ экан. Ҳамма кулиб юборди. Боб эса ўзининг қилган ишидан мамнун бўлиб одамларга қараб турарди.

Баъзан жониворларнинг фидоийлиги инсонлар учун ҳавас қиларли даражада бўлади.

 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Рамазонда оилани мустаҳкамлашнинг 5 йўли

18.03.2025   4278   4 min.
Рамазонда оилани мустаҳкамлашнинг 5 йўли

Рамазон – бу фақатгина рўза тутиш ва ибодат ойи эмас, балки оила аъзолари ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш учун энг қулай даврдир. Ушбу муборак ойда оилавий муҳитни яхшилаш, фарзандларни тарбиялаш ва бир-бирига меҳр кўрсатиш имкони янада ошиб, жамоавий ибодат ва бирдамлик ҳисси кучаяди.

Рамазон – шукр, сабр ва саховат ойи бўлиб, айнан шу фазилатлар оилада муҳаббат ва илиқ муҳитни шакллантиради. Қуйида Рамазонда оилавий муҳитни мустаҳкамлаш йўллари ва уларнинг исломий ҳамда илмий асослари ҳақида батафсил маълумот берилади.

1. Биргаликда ифторлик ва саҳарлик қилиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Одамнинг эрталаб ва кечки овқатини бирга ейиши – баракадир" (Имом Муслим ривояти).

Ҳар куни бир дастурхон атрофида жам бўлиб овқатланиш оила муносабатларини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Кундалик ҳаётда иш, ўқиш ва бошқа мажбуриятлар туфайли бу доимий амалга ошмайди. Бироқ Рамазон ойи буни одатга айлантириш учун ажойиб имкониятдир.


Амалиётда қўллаш йўллари:

Ифтор ва саҳарликни барча оила аъзолари биргаликда тайёрлаши лозим.

Болаларни кичик вазифаларга жалб қилиб, уларни жамоавий ишга ўргатиш.

Ифтордан аввал дуолар ўқиш ва оилавий маънавий суҳбатлар ўтказиш.


2. Биргаликда ибодат қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Рамазон ойи ибодатга эътиборни кучайтириш учун энг мос вақтдир. Оила аъзолари биргаликда намоз ўқиши, Қуръон тиловати қилиш ва диний суҳбатлар уюштириши – уларнинг ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамлайди.


Амалиётда қўллаш йўллари:

Камида бир вақт намозни биргаликда ўқиш.

Қуръон ўқишга ва дуоларни ёдлашга рағбатлантириш.

Таровеҳ намозини жамоат билан масжидда ёки уйда ўқиш.


3. Оилавий сабр ва қаноатни ривожлантириш.

Қуръонда бундай марҳамат қилинади: "Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари ҳисоб-китобсиз берилади" (Зумар, 10).

Рўза – сабр ва шукрни шакллантирадиган энг муҳим ибодатлардан биридир. Оила аъзолари Рамазон ойида ўзларини тарбиялаб, сабрни кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантиришлари лозим.


Амалиётда қўллаш йўллари:

Келиб чиққан муаммоларга хотиржам ва сабр билан ёндашиш.

Фарзандларни сабрга ўргатиш учун уларга кичик вазифалар бериш (масалан, бир ҳафта давомида ҳар куни дуоларни ёдлаш).

Рамазонда сабр ва қаноат ҳақида оилавий суҳбатлар ташкил этиш.


4. Саховат ва меҳрибонликни кучайтириш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Энг яхши одам – оиласи учун энг яхшисидир" (Имом Термизий ривояти).

Рамазон ойи – саховат ва меҳр-муҳаббат ойидир. Оилавий муҳитни яхшилашнинг энг яхши усулларидан бири – бир-бирига ва бошқаларга саховатли бўлиш, муҳтожларга ёрдам беришдир.


Амалиётда қўллаш йўллари:

Биргаликда хайрия ишларини амалга ошириш.

Фарзандларга садақа қилиш одатини ўргатиш.

Оила аъзолари бир-бирига меҳрибон ва самимий муносабатда бўлишлари керак.


5. Оилавий анъаналарни шакллантириш оилани бирлаштиришнинг энг яхши усулларидан бири – Рамазон ойида биргаликда амалга ошириладиган анъаналарни шакллантиришдир.


Амалиётда қўллаш йўллари:

Ҳар куни ифтордан кейин оилавий ҳикоя ёки тажриба алмашиш одатини жорий қилиш.

Фарзандлар билан Рамазон тақвими тузиш ва уларнинг ибодатини кузатиб бориш.

Рамазон охирида оилавий йиғилиш ўтказиб, йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган яхши ишларга режа тузиш.

Рамазон оила аъзоларини бирлаштириш, меҳр-муҳаббатни кучайтириш ва умумий диний муҳитни мустаҳкамлаш учун ажойиб имкониятдир. Ифтор ва саҳарликни бирга қилиш, ибодатни жамоавий адо этиш, сабр ва қаноатни шакллантириш, саховат ва меҳрибонликни ривожлантириш, шунингдек, оилавий анъаналарни яратиш орқали оила муносабатларини мустаҳкамлаш мумкин.

Рамазон – фақатгина рўза ойи эмас, балки оилани мустаҳкамлаш, меҳр-оқибатни кучайтириш ва Аллоҳга яқинлашиш учун энг гўзал даврдир. Шундай экан, бу муборак ойда оила муҳитини янада илиқ ва самарали қилишга ҳаракат қилайлик!


Осимхон Муҳиддинов,
Янги Наманган тумани “Ҳазрати Билол” жоме масжиди имом ноиби