Халқаро Юнеско ташкилотининг Париж шаҳридаги қароргоҳида, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Доктор Юсуф Усаймин ва Бирлашган миллатлар ташкилоти ҳузуридаги Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро “Юнеско” ташкилотининг Бош директори Ирина Бокова ўртасида ўзаро суҳбат бўлиб ўтди.
Учрашувда бир қатор халқаро ва минтақавий масалалар: ҳозирги таҳликали вазиятда маданий меросни муҳофаза қилиш, терроризм ва экстремизмга барҳам бериш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш, динлар ва маданиятлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида фикр алмашилди.
Шунингдек, томонлар исломофобиянинг салбий оқибатлари ҳамда унинг кенг тарқалишини бартараф этиш масаласига ҳам тўхталиб ўтишди. Учршувда, икки ташкилот ўртасида 1979 йилда имзоланган ҳамкорлик битимини янгилаш, ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва икки томон учун муҳим бўлган бир қатор масалалар борасида ҳам келишиб олишди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон АҲМЕДОВ
тайёрлади
Инсон ер юзидаги энг гўзал яратиқ ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Шундай экан, нега замон тараққий этгани сайин инсонлар бир-бирини етарлича қадрламай қўймоқда. Бари инсон учун хизмат қилишга яратилган бойлик, тилла-темир ва бошқа матоҳлар баъзан инсондан кўра кўпроқ авайлаб-асралмоқда. Бир чинни идишни авайлаганчалик бир кўнгилни авайламайдиган насллар пайдо бўляпти...
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” асарини ўқир эканман, шулар ҳақида ўйладим. Ушбу асар азиз ва мукаррам қилинган инсоннинг қадр-қиммати билан боғлиқ муаммолар муолажасига хизмат қилади. Унда одамийлик фазилатларига риоя қилиш, инсон шаънини юксалтириш, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёмон хулқ ва фитналардан узоқ юриш йўл-йўриқлари кўрсатилади.
Зеро, бугун ахборот тўқнашуви авж олган, ер юзининг турли нуқталари бир зумда алоқа боғлай оладиган бир пайтда инсоният низо ва можаролар гирдобида қолмоқда. Шундай экан, ҳозирги тараққиёт даврида одамийлик мезонларига риоя этиш, ўзаро аҳиллик муҳити яратиб, саодатли ҳаёт кечириш йўлида ушбу асар ҳам бир маёқ вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ.
“Инсон қадри” китоби ҳар бир ватандошимизга муборак ва манфаатли бўлсин!
Акбаршоҳ Расулов