Кўпчилик душанба кунини оғир кун сифатида эътироф этади. Ҳақиқатдан ҳам шундайми? Йўқ. Ҳолбуки, ушбу кунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари билан боғлиқ бўлган буюк воқеалар бор. Жумладан, Саййидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) душанба куни таваллуд топганлар. Сарвари коинотга ваҳий тушиши, яъни нубувватнинг боғланиши ҳам душанба кунига тўғри келади.
Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишга эҳтимом берардилар» (Имом Термизий ривояти).
Абу Қатода (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) душанба куни рўзаси ҳақида сўралганларида: «Бу мен туғилган кун, мен пайғамбар қилиб юборилган ва менга Қуръон нозил қилинган кун», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Амаллар ҳар душанба, пайшанба кунлари (Аллоҳга) кўрсатилади. Менинг амалим рўзадор бўлган ҳолимда кўрсатилишини истайман» (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, Расулимиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Маккадан Мадинага хижратлари ҳам айни шу кунда бўлган. Бу каби яхши воқеалар душанба кунида содир бўлсаю, биз бу улуғ кунни “оғир кун” дейишимиз хатодир. Дарҳақиқат, шундай экан, бу кунни ҳам ҳурматлаш ва хайрли амалларни айнан душанба кунидан бошлаш мақсадга мувофиқдир.
Ҳ. ХОЛБОЕВ,
Бекобод тумани
“Улуғбек”жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Падари бузрукворим қоддасаллоҳу сирроҳ айтар эдилар: "Уйда баъзи нарсалар умумий бўлади, улардан ҳамма фойдаланади. Фақат уларни ишлатиб бўлгач, тайин қилинган жойга қўйиш керак. Мисол учун чойнак, пиёла, совун...".
Ҳаммасининг тайин жойи бор. Шу ўринда муҳим гап бор — бу нарсаларни ишлатиб бўлгач, жойига қўймаслик гуноҳдир! Аммо биз бу гуноҳдан бехабармиз. Чунки ҳар куни такрорланавериб, одатий ҳолга айланиб қолган. Кимдир ўша керакли нарсани ишлатмоқчи бўлиб, топа олмаса, табиий, машаққат ва озор чекади. Бирор мусулмонга азият бериш эса, гуноҳи кабирадир. Ҳеч биримизнинг хаёлимизга бу ишнинг ҳам гуноҳ экани келмаган бўлса керак. Биз нарсаларни жойига қўйишни динга алоқасиз, балки дунёга тегишли, уйни тартиблашга оид иш деб ўйлаб келганмиз.
Ёдда тутинг! Дин кўрсатмаси бўлмаган ҳаётнинг бирор гўшаси йўқ. Барчамиз холис қарайлик, шу нарсага эътибор берамизми, ўзгаларга азият етмаслиги учун умумий нарсаларни ишлатгандан кейин уларни тайин қилинган жойига қўямизми? Аслида, бу нарсалар арзимагандек туюлади, лекин унга беэътиборлик сабабли гуноҳларга мубталомиз. Сабаби, биз динни тўла тушунмаймиз, унинг учун қайғурмаймиз, кўпчилигимизда Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш ҳисси йўқ. Иккинчи тарафдан, жоҳиллик ва бехабарлик ҳам анча урчиган.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан