Хабарингиз бор, яқинда Макка шаҳридаги Масжидул ҳаромга махсус мармардан ясалган, баландлиги беш метр, оғирлиги 5,5 тонна бўлган, олтин зар ҳошиялар билан безатилган нақшли минбар ўрнатилган эди.
Ушбу минбар ўрнатилиши муносабати билан Масжидул ҳаромнинг бош имом-хатиби шайх Абдурраҳмон ас-Судайс Масжидул ҳаром ҳудудида хизмат кўрсатиш ишлари бош директори Фарис бин Муъоз ас-Саудийга янги микрофонлар жамланмасини топширди.
Ас-Саудийнинг айтишича, янги микрофонлар тиллоранг бўлиб, олдинги микрофонлардан сифат жиҳатидан тубдан фарқ қилади. Абдурраҳмон ас-Судайсга миннатдорчилик билдирган Фарис бин Муъоз ас-Саудий, энди бу микрофонлар орқали намозхонлар жума мавъизаларини янада аниқ ва сифатли эшитишлари мумкинлигини алоҳида таъкидлади.
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади
Ўзбекистон Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади. Сўнгги йилларда бу давлат билан хайрия йўналишидаги алоқалар янада ривожланмоқда. Подшоҳлик ҳар йили юртимизга xурмо меваси, озиқ-овқат маҳсулотлари, Қуръон китобларини хайрия қилиб келади.
Бир мунча вақт олдин Саудия Арабистони томонидан “Вақф” хайрия жамоат фондига ҳадя қилинган Қуръон китоблари кеча Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига етказилди. Таъкидлаш жоизки, ҳар йили мазкур институтнинг “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсида минглаб юртдошларимиз таълим олиб, муқаддас китобни бемалол ўқийдиган бўлиб етишади. Тақдим этилаётган бу Мусҳафлар эса тингловчилар учун ҳақиқий совға бўлди, дейиш мумкин.
Жами олти минг дона Қуръон китобларини институт раҳбарияти, талабалар хурсандчилик билан қабул қилиб олишди.
Аллоҳ таоло юртимиз диний таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган мўмин-мусулмонларнинг қилган эҳсонларини Ўз даргоҳида қабул қилсин. Аллоҳ барчаларимизни илм аҳлига яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни насиб айласин.
Vaqf.uz