Бугун 31.08.2016 й. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилоят вакиллигида мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди. Тадбирда шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, вилоятда узоқ йиллардан буён самарали хизмат қилиб келаётган нуроний имом-хатиблар таклиф қилиндилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов йиғилганларни энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан қутлар экан, истиқлол даврида эришилган ютуқлар, жумладан дин соҳасида олиб борилган эзгу ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Истиқлол шарофати билан аждодларимизга кўрсатилган эҳтиром, уларнигнг меросини тиклаш борасида амалга оширилган ишлар, масжидларимиздаги ободонлик ва қулайликлар, диний таълим, ҳаж ва умра борасидаги эзгу ишлар барча-барчани қувонтираётганини мамнуят билан тилга олди.
Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Музаффаржон Камолов, “Зангиота” зиёратгоҳи ёдгорлик мажмуаси раиси Собиржон Муродов, Зангиота тумани “Умир” жоме масжиди имом-хатиби Нурали Мавлонов, Паркент тумани бош имом-хатиби Мансур Мансуровлар истиқлол даври ютуқларини, унда инсон қадри, дин эркинлиги, миллий қадрият ва урф одатларга эҳтиром кўрсатилганини яқин тарихий давр мисоллари асосида тушунтириб, бугун барчанинг дилида шукроналик ва мамнуят ҳисси тўлиб тошаётганининг гувоҳи бўлиб турганимизни таъкидлаб ўтдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига биноан вилоятда кўп йиллар давомида имом-хатиб сифатида самарали фаолият юритган Қуйи Чирчиқ тумани бош имом-хатиби Нурулло Ҳожиев, Зангиота тумани “Абдуллоҳ ибн Аббос” жоме масжиди имом-хатиби Ғуломиддин Эргашев, Оҳангарон тумани “Пайғамбар ота” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқодир Жакбаровларга байрам муносабати билан эсдалик совғалар топширилди.
Йиғилганларга байрам дастурхони ёзилди.
Юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, истиқлолимиз абадий бўлишини тилаб дуолар қилинди.
Юртимиз мустақиллиги учун жон фидо қилган аждодларимиз, шунингдек, соҳада хизмат қилиб ўтган имом-хатибларимиз хотирланиб, уларнинг ҳақларига Қуръон таловати савоблари бахшида қилинди.
М.Насриев
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сулаймон ибн Аюб раҳимаҳуллоҳ бундай ҳикоя қилади: “Мен ўн йилдан кўпроқ вақт давомида илм ўрганиш ва Қуръонни ёд олишга ҳаракат қилсам-да, Фотиҳа сурасини тўғри ўқий олмасдим. Бу ҳолат менга оғир эди. Ҳатто устозим ҳам мендан умидини узган эди.
Ёлғиз қолганимда саждага бош қўйиб йиғлаб, дуоларимда Аллоҳ таолодан тилимни бурро, хотирамни ўткир қилишини ҳамда қалбимдаги ғашликни кетказишини сўраб илтижо қилардим.
Солиҳ инсонлардан бирига ҳолимни баён этдим. У мендан: Ота-онанг борми? - деб сўради.
Мен: Ҳа, онам бор, - деб жавоб бердим.
У: Онангга яхшилик қиласанми? – деб сўради.
Мен: Ҳа онамнинг хизматларини бекаму кўст бажараман, – дедим.
Шунда солиҳ киши менга: Онангни олдига бориб, ундан Қуръони каримни ёд олишинг ҳамда фақиҳ бўлишинг учун дуо қилишини сўра, – деди.
Мен уйга бориб, бу гапларни онамга айтдим. Волидам ярим тунда намоз ўқиди, ҳаққимга хайрли дуолар қилди. Сўнгра саҳарлик қилиб, Аллоҳ учун рўза тутди.
Тонг отиши билан онамнинг дуолари қабул бўлди. Худди булутлар тарқагач қуёш чарақлагани сингари ақлим ҳам ёришиб, қувваи ҳофизам кучайганини ҳис этдим.
Шу тариқа мен зеҳни ўткир ва илмли инсонга айландим. Онамнинг дуоси баракотидан Қуръон ва ҳадисни пухта ўзлаштириб, илму-ҳикмат денгизида суза бошладим. Ниҳоят, кучли имомга айландим”.
Ким бирор мақсадини амалга оширишда қийналса, аввало, Аллоҳ таолога таяниш баробарида ота-онасининг дуосини олсин!.
Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг
“Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар” китоби асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.