Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси билан мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази мега-лойиҳаси амалга оширилмоқда. Марказ томонидан халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида бир қатор хорижий мамлакатлар илмий марказлари, музей ва кутубхоналари ва соҳага оид идоралари билан алоқалар ўрнатилмоқда.
Ана шундай мулоқотлар доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Саудия Арабистони Хаж ва Умра вазирлигининг Жидда шаҳридаги қароргоҳида масъуллар билан учрашди. Делегацияни Хаж ва Умра вазирлигининг Халқаро алоқалар департаменти раҳбари ҳамда вазирнинг Жидда шаҳридаги вакили Ҳасан ибн Яҳё кутиб олди.
Самимий руҳда кечган учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва Хаж ва Умра вазирининг Жидда шаҳридаги вакили Ҳасан ибн Яҳё ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Унда, бугунги кунда диний ислоҳотлар натижасида илмий тадқиқот, диний муассасалар ташкил этилгани ва бундан мақсад эса, диёримиздаги улуғ аждодларимизнинг маданий меросини тиклаш, асос солинган илмий таълим муассасаларини қайта ривожлантириш, фаолиятини ўрганиш, шу билан биргаликда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсад қилингани айтилди.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Саудия Арабистонидаги бой илмий, тарихий аҳамиятга эга бўлган музейлар, тарихий обидалар ва ислом цивилизациясини ўзида мужассам этган масканларни ўрганиш кўзда тутилгани ҳам эътироф этилди.
Учрашувда Саудия Арабистони ва Ўзбекистоннинг дўстона муносабатлари, дипломатик алоқалари юксак даражада эканлиги тилга олинди. Хусусан, роппа-роса бир йил аввал, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига қилган ташрифи ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга ёрдам бергани ҳам таъкидланди. Шунингдек, ўтган йили сентябрь ойида Хаж ва Умра вазири Ўзбекистонда бўлиб, кўплаб янги битимлар тузилишига эришилганини эслаб ўтди.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу марказ музейини янги мазмун билан бойитиш бўйича бир қатор топшириқлар берган. Шу асосида, илмий жамоатчилик фикрлари ҳам ўрганиляпти, қатор қарорлар қабул қилиняпти. Халқаро тажрибани ўрганиш бўйича Президент томонидан берилган топшириқлар асосида, мана бугун Саудия Арабистонидамиз. Бир неча кун давомида делегациямизга яқиндан ёрдам бергани учун Саудия Арабистони ҳукумати, Вазир жаноблари ва барча масъулларга ўзимизнинг самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Музейлар фаолиятини ўрганиш, тажрибалар билан ўртоқлашиш фойдадан ҳоли бўлмади, - деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ушбу вазирлик масъулларини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтадиган халқаро конгрессга таклиф қилди. Ўз навбатида, Хаж ва Умра вазирлигининг Халқаро алоқалар департаменти раҳбари Ҳасан ибн Яҳё бу таклифни самимият билан кутиб олгани ва албатта, иштирок этишга рози эканини билдирди.
Ҳасан ибн Яҳё Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам экани ва ўзи ҳам Ўзбекистонда бўлган вақти Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюргани, унинг очилишини интиқлик билан кутаётгани, диний-маърифий соҳада марказ музейи экспозициясини янги мазмун билан бойитишда ҳар қандай кўмакка, фикр алмашишга тайёр эканини билдирди. Айниқса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази очилишига, музей учун Саудия Арабистони Подшоҳлиги муқаддас Каъба ёпинчиғи (кисва) бўлагини туҳфа қилиш истагини алоҳида таъкидлади. У давлатларимиз ўртасидаги уч босқичли ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтди.
— Авваламбор, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон давлатлари раҳбарлари ўртасидаги дипломатик алоқалар мавжуд. Қолаверса, иккинчи босқичда – Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Хаж ва Умра вазирлиги ўртасида илмий алоқалар, дўстона муносабатлар яхши йўлга қўйилган. Мана энди эса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари бошчилигидаги делегацияни Саудия Арабистонига ташрифи эса, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги бўлиб ўтган мулоқотларнинг амалий натижаси деса бўлади. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини қурилиши таҳсинга сазовор. Негаки, айнан ислом маданияти, цивилизацияси билан боғлиқ масалаларни бир марказда жам қилиш оқилона сиёсат, - деди Ҳасан ибн Яҳё.
Учрашув асносида, келгусидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари ўзаро келишиб олинди. Ҳар икки томон ҳам ҳамкорликка очиқ эканини билдирди. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти томонидан нашр этилган китоб-альбоми туҳфа этилди. Самимий руҳда кечган учрашув ҳамкорликни янада янги босқичларга олиб чиқиши эътироф этилди.
cisc.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Улардан ҳам, биздан ҳам рози бўл, ё оламлар Робби.
Шак-шубҳасиз, коинот, жамодот, наботот ва ҳайвонот бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг айримлари жонсиз, қолганлари жонли. Баъзилари вазнга эга, ҳажми бор ва ҳ.к.
Аммо инсоният бошқа жонзотлар фарқли ўлароқ фикр юритади, тафаккур қилади. Агар инсон илм изламаса, Робби уни қўйган даражадан пастга тушади, бу эса унинг мавқеига мос келмайди. Натижада, у ўлик саналади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар” (Фурқон сураси, 44-оят).
“Улар худди суяб қўйилган ходага ўхшарлар” (Мунофиқун сураси, 4-оят).
“Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар” (Жума сураси, 5-оят).
Инсон мавжудлигининг сирини, ҳаётдан мақсадни ва ҳақиқатни излаши, ўлим нима, ўлимдан кейин нима бўлиши ҳақида фикр юритиши лозим.
Ҳар бир ақлли одам ҳам доно эмас. Ўткинчи дунё ҳаётининг майда-чуйдаларига берилиб кетмаган, ўзини Аллоҳнинг бандаси эканини унутмаган, кенглиги осмонлару ерча бўлган Жаннат учун ҳаракат қилган инсон – доно саналади. Бунга фақат илм излаш орқали эришиш мумкин.
Демак, агар ким дунёни истаса, илм изласин. Охиратни истаса, илм изласин. Агар ҳар иккисини ҳам хоҳласа, илм изласин. Аллоҳ буюкдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД