Обуна – 2024
Донишмандлардан бирининг: «Агар режангиз бир йиллик бўлса – шоли экинг. Ўн йиллик бўлса – дарахт ўтқазинг. Агар бир асрлик бўлса – фарзандларингизга таълим-тарбия беринг», деган ҳикматли гапи бор.
Ҳақиқатан, ҳар биримизнинг режамиз бир асрлик. Ниятимиз ҳам шунга яраша: хонадон аҳлларимизнинг барчасига соф Ислом таълимотини гўзал тарзда етказиш, уларни маърифатли қилиш, маънавиятини юксалтиришдир. Табиийки, бу жараёнда бизга энг яқин кўмакчи бу – “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасидир.
Мазкур нашрларга 2025 йил учун обуна мавсуми бошланди.
“Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи Даврий нашрлар бўлими мудири Т.Низомов ҳамда Маркетинг ва инновациялар бўлими мудири А.Юсупов Навоий ва Бухоро вилоятларида хизмат сафарида бўлиб, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бош имом-хатиблари билан учрашувлар ўтказди.
Йиғилишларда “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2025 йил учун обуна мавсумини ҳар йилгидан кўра уюшқоқ ва кўтаринки руҳда ўтказиш, ҳар бир хонадонга зиё ва маърифат кириб боришини таъминлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
– “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетаси йилдан-йилга мазмун-мундарижаси бойиб, шаклан жуда гўзал бўлиб боряпти, – дейди Навоий вилояти бош имом-хатиби Тоҳир домла Рўзиев. – Иншоаллоҳ, 2025 йил учун обунани кўп қиламиз. Жума мавъизаларида, тўй ва маросимларда даврий нашрларимиз тарғиботни кучайтирамиз. Аслида, бу ҳам амри маъруф ва наҳйи мункардир. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхшиликка далолат қилувчи яхшилик қилувчи кабидир”, деганлар.
Тадбирлар сўнгида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2024 йил учун обуна мавсумида жонбозлик кўрсатган масжидлар ҳамда туманлар бош имом-хатиблари “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан совғалар билан тақдирланди.
Hidoyat.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Гоҳида сеҳр ва кўз тегиши орқали ҳам бандага мусибат етади. Шунинг учун мусулмон одам мазкур икки нарсадан сақланиш йўлларини яхши билиб олиши керак. Булардан сақланиш муолажа қилишдан кўра осонроқдир. Сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш бир неча услублар билан амалга ошади:
1. Тавҳид орқали руҳни тетиклаштириш.
2. Борликдаги барча нарсанинг тасарруфини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи қилишига иймон келтириш.
3. Яхшиликларни кўп қилиш.
4. Сеҳргарлиги ва кўзи борлиги билан машҳур бўлган одамлардан узоқда бўлиш.
5. Аллоҳдан сеҳр ва кўз тегишидан паноҳ сўраб, керакли дуо ва зикрларни ўқиб юриш.
6. Мазкур дуо ва зикрлар ҳақ экани ва уларнинг фойдаси борлигига иймон келтириш. Мазкур иймон қанча кучли бўлса, таъсир ҳам шунчалик кучли бўлади.
7. Мазкур дуо ва зикрларни айтганда қалбнинг ҳозир бўлиши. Чунки ғофил қалб билан қилинган дуо қабул бўлмайди.
8. Кундузги дуо ва зикрлар бомдод намозидан сўнг, кечкилари аср намозидан кейин айтилади.
9. Оятул Курсий, Бақара сурасининг охирги икки ояти, Ихлос, Фалақ ва Ан-Нас сураларини сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш учун ўқилади. Бошқа дуолар ва зикрлар ушбу китобнинг тегишли жойида келган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.