Шу йилнинг 7 сентябрь куни Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов бошчилигида Пахтаобод туманидаги “Муаззимбой” жоме масжидида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиб ва бош мухтасиблари, тумандаги имом-хатибларнинг сайёр семинар йиғилиши ўтказилди.
Унда нотиқлар томонидан Пахтаобод туманидаги масжидларнинг фаолияти ҳақида кенг маълумотлар берилиб, туманда фаолият кўрсатаётган имом-хатибларнинг фаолият самарадорлиги ошириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, масжидларда фаолият самарадорликка эришган ва бошқаларга ҳам намуна кўрсатиб келаётган Хўжаобод тумани бош имом-хатиби Мақсудали домла Қосимов, Избоскан тумани бош мухтасиби Хасанбой Иброхимов ва Пахтаобод туманидаги “Муаззимбой” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадабдуллоҳ домла Аҳмедовлар вилоят вакиллигининг ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ривоят қилишларича, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга Ҳотамул Асом деган зот масжидда зуҳддан маъруза қилаётган эмиш деган хабар келди. Шунда у киши шогирдларига: қани бориб эшитайликчи, нималар ҳақида гапираётган экан, деб масжидга бордилар ва Ҳотамул Асомга: “Эй йигит, менга намоз ҳақида гапириб бер”, дедилар.
Ҳотамул Асом: “Намознинг одоблари ҳақида айтиб берайми ёки унинг кайфияти ҳақида сўраяпсизми?” деди.
Абу Юсуф унинг бу гапидан таажжубга тушдилар ва ичларида: “Биз ундан битта нарсани сўрасак, у иккита нарсани айтмоқчи”, дедилар. “Майли бизга намознинг одоблари ҳақида айтиб берақол”, дедилар.
Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Намознинг одоблари будир: Яратганнинг амрига итоат этиб ўриндан турмоқлик, савоб умидида намозгоҳга бормоқлик, ният ила намозга кирмоқлик, Аллоҳни улуғлаб такбир айтмоқлик, тартил билан қироат қилмоқлик, хушуъ ила рукуъ қилмоқ, хузуъ ила саждага йиқилмоқ, ихлос билан ташаҳҳуд айтмоқ, раҳмат тилаб салом бермоқ”, деди.
Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Энди намознинг кайфияти ҳақида гапириб бер”, дедилар.
Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Каъбани икки қошингиз орасига оласиз, мезонни кўз ўнгингизга келтирасиз, сирот кўпригини оёғингиз остига, ўнг ёнингизга жаннатни, чап ёнингизга дўзахни келтирасиз, ортингизда эса, ўлим фариштаси пойлаб юрибди. Ана шундан кейин намозингиз қабул бўлдими ёки рад этилдими, шуни ўйлайсиз”, деди.
Абу Юсуф сўрадилар: “Сен қачондан бери намозни шундай кайфиятда ўқийсан?”.
Ҳотамул Асом: “Йигирма йилдан бери шундай намоз ўқийман”, деб жавоб берди.
Шундан кейин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ шогирдлари томон ўгирилиб: “Юринглар, бориб эллик йиллик намозимизни қайтадан қазо қилиб ўқиб оламиз”, дедилар.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ