Аллоҳ таоло Жума сурасида бундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир» (9-оят).
Аллоҳ таоло жума куни мусулмонларга байрам қилиб берган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуёш чиққан кунннинг энг яхшиси жума кунидир, чунки у кунда Одам алайҳиссалом яратилган, у кунда жаннатга киритилган ва у кунда жаннатдан чиқарилган ва қиёмат ҳам жума куни бўлади”, деганлар.
Бу кунда Аллоҳ таоло бу умматга жуда кўплаб неъматлар ато этган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи ва саллам: “Жума кунида бир вақт борки, бирор мусулмон намоз ўқиб турган ҳолда ўшанга тўғри келиб қолиб, Аллоҳдан яхшилик сўраса, унга буни албатта беради”, дедилар.
Жума кунининг бир қанча одоблари бўлиб, уларга ҳар бир мўмин банда амал қилмоғи лозим:
1. Ғусл қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким жума куни таҳорат олса, қандаям яхши. Аммо кимки ғусл қилса, янада афзалдир!”.
2. Мисвок ишлатиш, сочни ёғлаб парваришлаш, хушбўйлик сепиш.
3. Энг яхши ва тоза либосларни кийиш.
4. Масжидга шошилмай, зикр айтиб юриб бориш.
5. Одамлар орасидан ҳатлаб ўтмаслик.
6. Каҳф сураси ўқиш.
7. Дуолар қабул бўладиган вақтни ғанимат билиш. Уламолар ушбу вақт ҳақида 2 хил фикр билдиришган.
Биринчиси – қуёш ботишидан олдинги охирги соатдир;
Иккинчиси – бу соат имом хутба айтиши билан жума намози тугагунга қадар бўлган вақт орасидадир.
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Падари бузрукворим қоддасаллоҳу сирроҳ айтар эдилар: "Уйда баъзи нарсалар умумий бўлади, улардан ҳамма фойдаланади. Фақат уларни ишлатиб бўлгач, тайин қилинган жойга қўйиш керак. Мисол учун чойнак, пиёла, совун...".
Ҳаммасининг тайин жойи бор. Шу ўринда муҳим гап бор — бу нарсаларни ишлатиб бўлгач, жойига қўймаслик гуноҳдир! Аммо биз бу гуноҳдан бехабармиз. Чунки ҳар куни такрорланавериб, одатий ҳолга айланиб қолган. Кимдир ўша керакли нарсани ишлатмоқчи бўлиб, топа олмаса, табиий, машаққат ва озор чекади. Бирор мусулмонга азият бериш эса, гуноҳи кабирадир. Ҳеч биримизнинг хаёлимизга бу ишнинг ҳам гуноҳ экани келмаган бўлса керак. Биз нарсаларни жойига қўйишни динга алоқасиз, балки дунёга тегишли, уйни тартиблашга оид иш деб ўйлаб келганмиз.
Ёдда тутинг! Дин кўрсатмаси бўлмаган ҳаётнинг бирор гўшаси йўқ. Барчамиз холис қарайлик, шу нарсага эътибор берамизми, ўзгаларга азият етмаслиги учун умумий нарсаларни ишлатгандан кейин уларни тайин қилинган жойига қўямизми? Аслида, бу нарсалар арзимагандек туюлади, лекин унга беэътиборлик сабабли гуноҳларга мубталомиз. Сабаби, биз динни тўла тушунмаймиз, унинг учун қайғурмаймиз, кўпчилигимизда Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш ҳисси йўқ. Иккинчи тарафдан, жоҳиллик ва бехабарлик ҳам анча урчиган.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан