Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Агар қарздор бўлсангиз, уни узишга шошилинг!
Агар бир инсон қарз олишга ўта мажбур бўлиб қолса, қарз олаётганида узиш ниятида бўлиши шарт. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига талофат етказади”, деганлар.
Шунинг учун, қарздор қарзни яхши ниятда олиши лозим.
Зиммасида қарзи бор одам Исломнинг рукни бўлган – ҳаж амалини адо этишга қарз олиб, эътибор беринг, ҳатто фарз ибодатни бажаришга динимиз буюрмаган. Балки қарзни узиш ёки қарз олган одамдан рухсат сўраш талаб этилади.
Бой одамнинг қарзни узмаслиги зулмдир
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бой (қодир) бўлатуриб қарзни кечиктириш зулмдир”, деганлар.
Ким қарзни қайтаришга имкони бўла туриб, қарзини узмасдан, қарз берган одамни “Худа хоҳласа бераман” деб сарсон қилса, унга зулм қилган бўлади. Бундай ҳолатлар бугунги кунда нафақат инсонлар, балки йирик ташкилот ва муассасалар ўртасида ҳам кўп кузатилмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарз олганларми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жуда зарур бўлган ҳолатдагина қарз олганлар. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда бўлганларида саҳобаларнинг биридан қарз олганлар. Мадинадага қайтганларида дарҳол қарзларини қайтариб, саҳобанинг ҳаққига: “Аллоҳ молингга ва ақлингга барака берсин”, дуо қилганлар ва “Қарзнинг ҳаққи – уни қайтариш ва Аллоҳга ҳамд айтиш”, деганлар.
Бугунги кундачи? Қарз олган одамдан ялиниб ўз қарзингизни сўрайсиз, гўёки ундан ўз ҳаққингизни эмас, эҳсон сўраётгандек бўласиз. Борди-ю, қарзингизни қайтарса ҳам, худди сизга яхшилик қилаётгандек, қовоғини солган ҳолатда, сиздан раҳмат айтишни талаб қилгандек ўзини тутади. Аслида қарздор одам сизга ташаккур айтиши, ҳаққингизга дуо қилиши керак. Зеро, қарздор одамнинг одоби шундай бўлади.
Қолаверса, шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарзни гўзал ҳолатда узиш билан бирга, зиёдаси билан қайтарганлар.
Давоми бор...
Даврон НУРМУҲАММАД
“Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.
Машҳур аллома Ибн Ражаб (1335-1393 м.й.): “Кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган (“Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” китоби).
Уламолар мазҳабларга эргашиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, 3950-ҳадис).
Мазҳаблардаги битта масалага нисбатан турлича ёндашишлик ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мазҳабларда у ёки бу масала ислом аҳкомлари, муайян жамият, халқ ёки миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мазмунини ҳам ҳисобга олган ҳолда, энг маъқул шаклда ҳал қилинган.
Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид)мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят).
Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва Суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.
Бемазҳаблар омма мусулмонлар ичида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар Аҳли сунна олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.
Мазҳабсизлар тарафдорларининг айрим иддаоларидан уларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин:
– бемазҳаблар “Қуръон битта ва Пайғамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, ҳақ битта эмасми?” дейдилар.
Мазҳаблар бир манба – Қуръон ва суннатга асосланади. Мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва суннатга эргашган бўлади.
– Мазҳабсизлик тарафдорлари “Имом Бухорий бемазҳаб бўлган”, деб далил қилади. Ваҳоланки, Имом Бухорий яшаган даврда у кишига ўхшаш илми ижтиҳод даражасига етган, ўзи ижтиҳод қилганлар кўп бўлган. Ҳамма уламолар илми мужтаҳидликка етган одам, ўзи ижтиҳод қилади, деганлар. Ҳозир эса ўша даврдаги каби мужтаҳидлар йўқ эканини ҳисобга олмайдилар.
Аксинча, Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча янги ҳукм чиқариш, фитна қўзғаш каби исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий қайд этганидек: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”.
Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Баъзида ўзлари адашгани етмагандек, ўзгаларни ҳам йўлдан урмоқдалар.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўз ҳидоятида собит қилсин.
Ғуломов ФАТҲУЛЛОҲ,
Ал-Ҳудайбия жомеъ масжиди имом ноиби