Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Август, 2025   |   9 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:48
Қуёш
05:20
Пешин
12:34
Аср
17:31
Шом
19:42
Хуфтон
21:07
Bismillah
03 Август, 2025, 9 Сафар, 1447

Илмни устоздан олиш шарт-ми? ёҳуд илм устозсиз бўлмаслигига 33 асос

30.09.2024   5898   17 min.
Илмни устоздан олиш шарт-ми? ёҳуд илм устозсиз бўлмаслигига 33 асос

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Билим ҳар бир инсон учун бирдек зарурдир. Бироқ, у тўғри ва тартибли олинмаса кўзланган натижаларга эришилмайди. Бугунги кунда тобора кўпайиб бораётган ҳар ким ўзича илм ўрганиш иллати ҳақиқий билимларни йўқ қилишга сабаб бўлмоқда. Интернет ва ижтимоий тармоқ тизимларининг ривошланиши ҳам бу офатга ўз "ҳисса"сини сезиларли даражада қўшди.

Кириш

Ҳар бир соҳада юксак малакали, ўз касбининг чинакам мутахассисидан илм олиш лозим ва лобуддир. Акс ҳолда, бундан бошқа услублар адашишга олиб келади. Биробарин, устоздан илм ўрганиш тартибига барча замонларда, ҳатто Пайғамбарлар алайҳимуссалом ва ўтган жамики солиҳлар амал қилган. Зеро, бу ишончли билимга эга бўлишнинг ягона йўли саналади. Яна илмни устоздан ўрганишнинг афзал жиҳати шундаки, талаба олимларни қандай ҳурмат қилишни ўрганади (Қаранг: "Адаб ал-ихтилаф" Шайх Муҳаммад Аввома, 162-бет ва "Маъолим Иршодийя", 159-бет).

Ўтган салафи солиҳлар қоғозни шайх (устоз) қилиб олишдан Аллоҳдан паноҳ сўраб дуо қилардилар (Шайх Муҳаммад Аввома. "Маъолим Иршодия", 179-бет).

Қуйида илмни устоздан олиш ҳақиқатига оид баъзи далиларни келтирамиз.


Қуръони карим оятларидан далиллар

  1. Бу дунё ҳаётида биладиганларнинг ҳам, билмайдиганларнинг ҳам бўлиши табиий ҳолатлар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда билмайдиганларга биладиганлардан сўрашни буюрди :

﴿فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ﴾

"Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар" (Анбиё сураси, 7-оят).

2. Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан умматнинг ҳидояти ва илми учун нозил қилинган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушунтиришларисиз Қуръон маъноларини тўлиқ ва бехато англаб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай марҳамат қилади:

﴿بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ﴾

"(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик" (Наҳл сураси, 44-оят).

Ушбу оят бу масалада энг кучли ва энг аниқ далилдир.


Ҳадислардан далиллар

عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ وَإِنَّمَا أَنَا قَاسِمٌ وَاللهُ يُعْطِي وَلَنْ تَزَالَ هَذِهِ الْأُمَّةُ قَائِمَةً عَلَى أَمْرِ اللهِ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَالَفَهُمْ حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

3. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди", дедилар (Тўртовлари ривоят ривоят қилганлар).

"Саҳиҳ ал-Бухорий"га шарҳ ёзган машҳур муҳаддис Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бундай изоҳлайди: "Демак, ишончли илм фақат пайғамбарлар (анбиё) ва уларнинг ворисларидан (уламолардан) олинган илмдир".

Аллома Айний раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу ҳадисни шундай шарҳлаган. Юқоридаги икки муҳаддис ҳам бу ҳадисни ҳасан (яхши) деб ҳисоблаганлар.

4. Аллома Шотибий раҳимаҳуллоҳ бу фикрга урғу бериб ёзади: «Бунинг далили ушбу ҳадисдир: "Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Албатта, Аллоҳ таоло бандаларидан илмни бирданига суғуриб олмайди. Балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натидажа адашадилар ва адаштирадилар", деганларини эшитдим"» (Имом Бухорий ривояти. 100-ҳадис).

Яна бундай ёзади: "Шундай экан, илм калити – унинг кўтариб юрувчилари эканига шубҳа йўқ" ("Адаб ал-ихтилаф", 174-бет).

5. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида Имом Аҳмаднинг "Муснади"дан бир парча келтиради, унда бундай дейилади: "Албатта, илм аҳлининг тарк этиши – айнан илмнинг кетишидир" ("Фатҳул-борий").


Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан мисоллар

6. Айтилишича, Довуд алайҳиссалом пайғамбар бўлгунларига қадар Луқмон Ҳакимдан кўп илмлар ўрганганлар (Тафсир ал-Қуртубий(.

7. Луқмон Ҳаким ўғлига бундай насиҳат берган: "Ўғлим, олимларга яқин ва доимо улар билан бирга бўл. Албатта, Аллоҳ таоло ерни ёмғир билан тирилтирганидек, қалбларни ҳикмат билан тирилтиради" ("Жомиъу баёнил илм"; "Маъолим иршодия", 164-бет).

8. Мусо алайҳиссаломнинг Ҳизр алайҳиссалом билан бирга бўлганлари маълум ва машҳур .

9. Юшаъ ибн Нун алайҳиссалом пайғамбарлик келишидан олдин узоқ вақт Мусо алайҳиссалом билан бирга бўлганлар.


Салафи солиҳларнинг сўзлари

10. Шунингдек, тобеинлар даврида ким бирор илми борлигини даъво қилса, ундан бу илмни кимдан олгани сўралган (Қаранг: Имом Муслимнинг "Саҳиҳ" асарининг кириш қисми).

11. V асрнинг машҳур муҳаддиси Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ўзининг "Тақйидул-илм" асарида бундай ёзади: "Классик даврнинг кўплаб олимлари вафот этганларида ўзларининг китобларини йўқ қилишди ёки бошқаларга ҳам шундай қилишни буюрдилар. Улар ҳукмларни тушунмайдиган ва китобдан фақат ташқи маъноларни оладиган жоҳиллар қўлига тушиб қолишларидан қўрқиб шундай қилдилар".

Кейин бу ишни қилган мумтоз олимларнинг номларини санаб ўтди. Улардан: Имом Обид Салмоний, Имом Шўъба ибн Ҳажжож, Имом Абу Киляба ва Имом Исо ибн Юнус раҳимаҳуллоҳ (61-62 бетлар).

12. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга масжидда ҳалқа (доира)да ўтириб, фиқҳий масалалар ҳақида баҳслашаётган бир гуруҳ одамлар ҳақида хабар берилганида, у киши: "Уларнинг раҳбари (ўқитувчиси) борми?" деган саволларига "йўқ" деган жавоб бўлганда: "Бу одамлар ҳеч қачон фиқҳни эгалламайдилар" деганлар (Шайх Муҳаммад Аввома. "Адаб ал-ихтилаф", 164-бет ва "Маъолим иршодия", 163-бет; "Ал-Фақиҳ вал Мутафаққиҳ", 2-жилд, 83-бет).

13. Бир куни Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан "Киши илм олишда олимлар билан суҳбатлашмасдан, фақат китоб ўқиб қаноатланса илм олади-ми?" деб сўрашди. Имом Молик рад жавоб берди ва бундай деди: "Илм фақат уни ёд олган, олимларга ҳамроҳ бўлган, ўз илмига амал қилган ва тўғрисўз ҳалол кишидангина олинади" ("Адаб ал-ихтилаф", 165-бет; "Маъолим Иршодия", 163-бет).

14. Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ ёзади: "Қадимги замонларда билим одамларнинг қалбида бўлган. Кейин у китобларга ўтказилди, аммо калитлар ҳали ҳамон одамларнинг қалбида қолмоқда. Шу сабабли, талаба, албатта, унга мунозаралар ва тушуниш йўлларини очадиган мураббийга муҳтож" ("Адаб ал-ихтилоф", 174-бет; "Маъолим иршодия", 174-бет).

15. Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ёзади: "Ҳар бир талабанинг қийин саволларга жавоб олиш учун мурожаат қилиши мумкин бўлган устози бўлиши керак" ("Ал-Фақиҳ вал-мутафаккиҳ", 2-жилд, 83-бет; "Ан-Насиҳа ёки Аҳлил-Ҳадис", 259-бет).

16. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Агар ўқувчига илм сирларини очиб (тушунтириб) берадиган олим бўлмаса, китобларнинг ўзи ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат" ("Адаб ал-ихтилаф", 178-бет).


Ўтган салафи солиҳларнинг тутган йўли

Ўтмиш олимларининг ҳаётини ўрганган киши улар узоқ вақт сарсон-саргардонликда ва ўз устозлари даврасида ўтказганларининг гувоҳи бўлади.

Бу саҳобалар, тобеъинлар ва уларга эргашганларнинг ҳаётида яққол намоён бўлувчи ҳолатдир. Улар илмни ўзларидан олдингилардан олганлар. Бинобарин тобеъин бу номни фақат саҳобалар билан алоқа қилгандан кейин олиши мумкин эди. Шунчаки бир неча дарсларга қатнашиш (бугунги кунда одатий ҳолга айланган) "мулозама" – қатъиятлилик ҳисобланмайди (Қаранг: "Маолим иршодия"даги изоҳлар, 177-бет).

17. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Баъзи шогирдлар ўттиз йил давомида ўқитувчиларининг дарсларида қатнашган" ("Адаб ал-ихтилаф", 171-бет).

 

10 та мисол :

1. Нуъайм Мужмир раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳузурида 20 йил яшади ("Адаб ал-ихтилаф", 171-бет).

2. Собит Бунони раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳу билан 40 йил яшади ("Адаб ал-ихтилаф", 171-бет).

3. Нофиъ ибн Абдуллоҳ айтадилар: "Мен 40 йил давомида Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг дарсларида қатнашдим" ("Адаб ал-ихтилаф", 172-бет).

4. Каънабий ҳам Имом Молик раҳимаҳумуллоҳ ҳузурида 20 йил ўтказдилар ("Тартибул мадарик").

5. Имом Абдураҳмон ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ Имом Молик розияллоҳу анҳу билан бирга 17 йил яшадилар ("Тартибул Мадарик"; Қаранг: "Сафаҳат мин сабрил улама", 116-бет).

6. Муҳаммад ибн Жаъфар 20 йил Шуъба раҳимаҳуллоҳ билан бирга бўлдилар ("Хуласатул Хазрожий", 330-бет).

7. Абу Сафвон, Абдуллоҳ ибн Абдумалик Ибн Журайж раҳимаҳуллоҳ билан 10 йил бирга бўлган ("Саҳиҳ Муслим" 3353-ҳадис).

8. Муҳаммад ибн Башар 20 йил Яҳё Қаттон раҳимаҳуллоҳ билан бирга бўлди.

9. Салама ибн Шабиб 40 йил Имом Абдураззоқ раҳимаҳуллоҳ ҳузурида бўлди ("Ал-Жомиъу ли ахлақир-ровий", 2-жилд, 265-бет).

10. Имом Муслим Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳга олти йил ҳамроҳлик қилди ("Сияр аълам ан-Нубала").

19. Ҳанафий фақиҳи Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ бунинг сабабини баён қилади: "Илмга мунтазам мурожаат қилмасдан, доимий изланиш ва устозсиз эришиб бўлмайди" ("Адаб ал-ихтилаф", 172-бет).

20. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Ўз даврида машҳур бўлган ва омма томонидан қабул қилинган ҳар бир таниқли олимнинг ўз даврида мурожаат қиладиган устозлари бўлган" ("Адаб ал-ихтилаф", 176-бет).


21. Илм йўлидаги сафарлар.

Бу ерда муҳокама қилинадиган яна бир нуқта, салафларнинг сарсон-саргардонликда ўтказган узоқ муддатларидир. Китоб билан қаноатланиш инсонни сафарга чиқиб, мусофирликда узоқ юртларда қолишга мажбурламайди.

1. Имом Боқий ибн Маҳлад раҳимаҳуллоҳ илм излаб икки марта сафарга чиқдилар. Уларнинг биринчиси 14 йил, иккинчиси эса 20 йил давом этди ("Сафоҳат мин сабрил улама", 60-бет).

2. Имом Ибн Манда раҳимаҳуллоҳ 45 йилни уйдан узоқда ўтказдилар ("Сафоҳат мин сабрил улама", 65-бет).

3. Имом Яъқуб ибн Суфён Фасави раҳимаҳуллоҳ: "Мен 35 йилдан бери сафардаман", деганлар ("Сафоҳат", 61-бет).


22. Ер юзи бўйлаб илм излаган олимлар

Толиби илмлар сафарлари чоғида бирор олим бўлган ҳеч бир шаҳар, қишлоқ ёки шаҳарчани эътибордан четда қолдирмадилар.

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳақида бундай ёзадилар: "Муснад"ини тузишдан олдин бутун (Ислом) дунёсини уч марта кезган ("Саид ал-Касир"; "Сафаҳат мин сабрил улама", 54-бет) .

Ибн Муқрий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: "Шарқдан ғарбга тўрт марта сафар қилдим ва ўн марта Байтул Мақдисни зиёрат қилдим" ("Сафоҳат мин сабрил улама", 64-бет).


23. Фақат битта устоз эмас!

Салафлар ҳеч қачон бир-икки устоз билан чекланишмаган. Уларнинг муаллимлари баъзан минглаб ададни ташкил қилган.

1. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: "Мен 1080 та устоздан ҳадис ёздим", деганлар ("Ҳадю ас-сарий", 670-бет).

2. Имом Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ дедилар: "Тахминан 2 мингдан ортиқ устоздан ҳадис ёзиб олдим" ("Тазкиратул-хуффоз", 3-жилд, 921-бет).

3. Ибн Манда раҳимаҳуллоҳнинг 1700 нафар устози бор эди ("Тазкиратул-хуффоз", 3-жилд, 1032-бет).

4. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ 4 мингта устоздан илм олган ("Тазкиратул-ҳуффоз", 1-жилд, 276-бет).

5. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг биргина тобеъинлардан 4 минг нафар устозлари борлиги хабарлардан келган (Ибн Ҳажар Ҳайсамий "Ал-Хайратул-ҳисон"; Қаранг: "Асорул-ҳадис", 176-бет(.

6. Ҳофиз Ироқий раҳимаҳуллоҳ Имом Қосим ибн Довуд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ёзади: "У зот: "6 минг шайхдан ҳадис ёздим", дедилар ("Сафоҳат"га изоҳ, 64-бет).

24. Замонамизнинг беқиёс муҳаддиси Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ "Адабул ихтилоф" китобида алоҳида таъкидлаб бунай ёзади: "Улар (уламолар) устози бўлмаган кишига ҳеч қачон эътибор бермаганлар ва бундай кишини ҳатто у билан гаплашишга ҳам лойиқ кўрмаганлар, чунки у хато қилишга мойил эди".

25. Абу Жаъфар Довудий ўз даврининг нуфузли уламоларининг фикрига эътироз билдирганда, улар бундай жавоб бердилар: "Овозингни ўчир! Сизнинг устозингиз йўқ" ("Адаб ал-ихтилаф", 164-бет).

26. Шайх Аввома раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Ҳар бир инсоннинг насл-насаби бор. Талаба ўз билими учун ўқитувчиларидан ташкил топган насл-насабга ҳам муҳтож. Ўқитувчиси бўлмаган киши, кимлиги бетайин ва насл-насаби номаълум одам кабидир. Унинг ҳеч қандай қадри ҳам, вазни ҳам йўқ" ("Олтин қўлланма", Англия, 8-бет; "Маъолим иршодия", 160-бет ва "Адаб ал-ихтилаф", 164-бет).


Хатоларнинг ўзгаришлари

27. Имомлар Муҳаммад ибн Сирин, Ҳакам ибн Атийя ва Воқий ибн ал-Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ Бани Исроилнинг адашиб кетишларига асосий сабаб ота-боболаридан қолган китоблардир, деганлар ("Тақйид ал-Илм", 61-бет ва унга оид эслатмалар).

28. Дарҳақиқат, илмларнинг жамланиши ҳам одамларнинг уламолар дарсларига кам қатнаша бошлагани сабаб бўлгани учун Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: "Илм илмли кишиларнинг оғзидан чиққанида улуғ эди. Лекин у китобларга кўчганида нури (илоҳий нури) йўқолди" ("Тақйид ул-илм", 64-бет).

Бошқа ривоятда бундай дейилади: "... китобларга кирганида, унга ҳуқуқи бўлмаганлар унга йўл олишди!" ("Сунани Доримий", 467-ҳадис).


Эслатма!

Олдинги икки иқтибосдан мақсад китобларни ўзбошимча ўрганиш нотўғри эканини исботлашдир. Асл одоби бу китобларни билимдон устоз ҳамроҳлигида ўрганишдир. Биз ўз олдимизга китоблар обрўсини туширишни мақсад қилиб қўймаганмиз.

29. Шайх Муҳаммад Аввома айтади: "Олимлардан илм олмаган, уларнинг ҳузурида узоқ вақт бўлмаган, одатларини ўзлаштира олмайдиган одамдан қандай ҳурмат кутиш мумкин? Бундай одам олимларнинг қадрини қандай тан олади? Шунинг учун, бундай одамларнинг олимларни танқид қилиши ажабланарли ҳолат эмас! Кимки уламолар мажлисларига қатнашса, ҳақиқатдан ҳам уларни ҳурмат қила бошлаши кафолатланади" ("Адаб ал-ихтилоф", 172-бет; "Маъолим иршодия", 172-бет).

30. Аллома Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Кимки илмни фақат китобдан олган бўлса, ўзгаларни йўлдан оздирувчилардан бўлибди" ("Фатво Ҳадисия"; Қаранг: "Адаб ал-ихтилаф", 165-бет).

31. Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ ёзади: "Суннатга қарши бўлган аксарият бузуқ тоифа ва гуруҳларнинг ҳеч қачон тайинли устози бўлмаган) ("Адаб ал-ихтилаф", 176-бет).


Хулоса

32. Бугунги кунда айрим одамларнинг диний илмларни мустақил равишда ўрганиши урф бўлмоқда. Энг ёмони, баъзилар ҳеч қандай устоз ёки соҳадаги малакали мутахассиснинг назоратисиз "фатво" ёки "мақола"ларини ўқиб олиб, ўзича илм тарқатмоқда.

33. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Эй биродарим! Ушбу олтита асоссиз ҳаргиз билимга эга бўлмайсиз :Сабаб, истак, қашшоқлик, саргардонлик, муаллим ва узоқ муддат устоз назорати остида машғулотлар" ("Адаб ал-ихтилоф", 162-бет; Қаранг: "Маъолим Иршодия", 174-бет).

Аллоҳ таоло муҳтарам устозларимизнинг умрини узун қилсин, уларнинг илмидан фойдаланишимизга тавфиқ ато этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар

Эн оғир ҳаром

01.08.2025   5792   9 min.
Эн оғир ҳаром

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Етимнинг ҳаққини ейишнинг катта гуноҳ, оғир жиноят ва ўта кетган пасткашлик эканини ҳеч ким инкор қилмаса керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Етимларнинг мол-мулкларини зулм билан еган кимсалар қоринларига дўзахни ебдилар, холос» (Нисо сураси, 10‑оят), дея бежизга таҳдид қилмаган.

«Фалончи етимнинг пулини ўмарибди», дейилса, ҳар қандай виждонли одам ўзи билган энг оғир гаплар билан уни қарғаши, ҳақорат қилиши табиий.

Бироқ, шариат ва воқелик нуқтаи назари билан қарасак, етимнинг ҳаққини ейишдек яна бир катта гуноҳ, оғир жиноят бор, аммо негадир кўпчилик унга бепарво. Бу ‒ омманинг молидан ноҳақ, ўғрин-ча, ейишдир.

Очиғини айтиш керак, постсовет мамлакатларда давлатнинг мулкини ўмариш одат тусига кириб, одамларнинг қон-қонига сингиб кетди. Одамлар давлатнинг мулкини худди эгасиз молдек тасаввур қиладиган бўлиб қолган. Давлатнинг мулкидан ўғрилаётганлар ўзини ҳеч ноқулай ҳам ҳис қилишмайди, худди отасидан қолган боғдан олма егандек, халқ мулкини бемалол ўпқонига тиқаверади. Ўрни келса, бу борада мусобақалашиб ҳам кетишади.

Бунинг бир қатор сабаблари мавжуд бўлиб, шулардан бири биздаги замонавий давлатчиликнинг тарихий илдизига бориб тақалади. Даҳрийлар инқилоб қилиб, Русия ҳукуматини ағдарди, уларнинг тож-тахтини, мол-мулкини талон-тарож қилиб, тортиб олди. Кейин бу талончилик давом этиб, кенгайиб, бутун бир халқнинг юқори қатламига тегишли барча нарса мусодара қилинди. Даҳрий тузумга қарши чиққанлар, зиёлилар, ҳур фикрли, онгли кишилар халқ душмани деб эълон қилиниб, ўлдирилди, қамалди, сургун қилинди. Шунинг учун ўша пайтдаги мазлум қатлам бу давлатга нисбатан аламзада бўлиб қолди, «давлат менинг насабимни, мавқеимни, мол-мулкимни тортиб олди, энди мен ҳам давлатникини совураман, чунки унда менинг ҳаққим бор» деган тушунчада бўлди. Совет даврининг охирига бориб, ниҳоятда оммалашган бу тушунча бутун халққа сингиб, давлатнинг мулкини ўғирлаш оддий иш бўлиб қолди, ҳатто уддабуронлик ҳисоблана бошлади.

Шу зайлда давлат халқнинг мулкини, халқ давлат мулкини талон-тарож қилишга одатланиб қолди. Буларнинг барчаси давлат билан халқ ўртасида жарлик, беаёв душманликни янада чуқурлаштириб юборди. Бугун ҳам мана шу руҳият кўп жойда ҳукмрон. Бу, Қуръон таъбири билан айтганда, халқнинг ўз-ўзини ўлдиришидир (Нисо сураси, 29-оятга ишора).

Минг афсуски, мустабид тузум парчаланиб, юртимиз мустақил бўлса ҳам, жуда кўпчиликда давлатнинг мулкига нисбатан ана шундай нотўғри муносабат сақланиб қолди. Жамиятни бугунгача зимдан қўпориб, емириб, заҳарлаб келаётган коррупция, порахўрлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш, бировларнинг мулкини алдов ёки фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш ана шу манфур тузумдан қолган разил сарқит, десак, хато бўлмайди.

Аслида давлат мулки омманинг моли бўлиб, уни ноҳақ ва яширинча олиш энг оғир ҳаромлардан саналади.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда омманинг молидан яширинча олиб ейиш «ғулул» дейилади. Бу сўз одатда ўлжа тақсимланмасдан олдин ундан бирор нарсани махфий равишда олишни билдиради, лекин уламолар бу нарса омманинг молидан яширинча ейишнинг барча кўринишларини ўз ичига олишини таъкидлашади.

Руммоний айтади: «Ғулул сўзи «ғолалун» сўзидан олинган бўлиб, аслида сувнинг дарахтлар орасига сингишига айтилади. Хиёнатда мулкка одамлардан махфий суратда, ҳалол бўлмаган йўл билан кирим бўлгани учун бу гуноҳ «ғулул» деб аталган».

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:

«Кимки ғулул қилса, ўлжага хиёнат қилса, Қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келади. Сўнгра ҳар бир жон қилган қилмишини(жазосини) тўлиқ олади. Уларга зулм қилинмас».

Демак, ким омманинг мулкидан яширинча бирор нарса олса, Қиёмат куни маҳшаргоҳга ўша нарса бўйнига осилган ҳолда келади, одамлардан яшириб қилган хиёнати барчага ошкор этилади. Бу ҳолатнинг тафсирини бевосита ҳадиси шарифда ўқишимиз мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда туриб, ғулул ҳақида сўзладилар. Унинг гуноҳи катталигини, иши оғирлигини гапириб, шундай дедилар: «Қиёмат куни бирортангиз елкасида маъраётган қўй билан, кишнаб турган от билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» деганини кўрмайин! Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, сенга (ҳукмларни) етказганман», демайин. Елкасида ўкириб турган туя билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», деб турмайин. Елкасида унсиз нарса билан келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», демайин. Ёки елкасида ҳилпираб турган бир парча латта билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», демайин».

Бухорий ва Муслим ривояти.

Бу ҳадиси шарифда ким омманинг молидан нимани ўғирлаган бўлса, Қиёмат куни ўшани елкасига ортган ҳолда келиши, унга ҳатто шафоатчиларнинг пешвоси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёрдам бера олмасликлари таъкидланмоқда. Бундан оғир ҳолат бўлмаса керак.

Омманинг мулкидан ўмаришнинг катта-кичиги бўлмайди, барчаси ҳаром ва оғир гуноҳ ҳисобланади. Имом Бухорий «Саҳиҳ»да бу ҳақда алоҳида боб очиб, уни «Ғулулнинг ози ҳақида», деб номлайди ва унда бундай хиёнатнинг ози ҳам оғир гуноҳ эканига далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтиради:

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларига Киркира деган киши мутасадди эди. У вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У дўзахдадир», дедилар. Бориб қарашган эди, бир абоа (чопонга ўхшаш устки кийим) топиб олишди. У буни ўлжага хиёнат қилиб олган экан».

Омманинг молидан ҳақсиз равишда, яширинча олиш ҳатто шаҳидни ҳам дўзахга улоқтиради. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Бир қул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларини тушираётган эди, тўсатдан дайди ўқ келиб, ўша қулга тегди. Одамлар: «Унга шаҳидлик қутлуғ бўлсин!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Хайбар куни ўлжалардан улушлар тақсим бўлмай туриб олган шамласи (ўраниб олинадиган устки кийим) унинг устида олов бўлиб ловуллайди», дедилар. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан буни эшитган заҳоти бир пойабзал ипини олиб келиб, «Мен мана шуни олган эдим», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу дўзахдан (олинган) пойабзалнинг ипи!» дедилар».

Қаранг, ким омманинг молидан бирор нарса олса, дўзахдан ўшанча улуш олган ҳисобланар экан. Бир ип олса, дўзахдан бир ип, бир кўйлак олса, дўзахдан бир кўйлак олган бўлади. Бу маъно бошқа ҳадисларда ҳам таъкидланади.

Имом Термизи Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаромдан битган ҳар бир эт дўзахга муносибдир», деганлар.

Имом Бухорий Хавла Ансорийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳнинг молига ўзини ноҳақ урадиган кишиларга Қиёмат куни дўзах бўлади», деяётганларини эшитганман».

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадисни шарҳлар экан, «Яъни мусулмонларнинг мол-мулкини ботил тасарруф этадиганлар», дея изоҳлайди.

Демак, мусулмонларнинг молига масъул бўлган киши уни ўзига эмас, бировга ноҳақ берса ҳам, ўзига дўхазни сотиб олган бўлар экан.

Бу ҳадиси шарифда эътибор бериладиган яна бир нукта шуки, омманинг моли Аллоҳнинг моли ҳисобланар экан. Бинобарин, халқнинг мулкини ўмараётган кимса Аллоҳнинг молидан олаётганини унутмаслиги керак.

Кимдир «Нима учун омманинг моли етимнинг ҳаққига тенглаштирилмоқда?» дейиши мумкин. Бунинг сабаби жуда оддий. Омманинг молида етимнинг ҳаққи бўлиши тайин, чунки умумий бойликда бутун халқнинг ҳаққи бор, жамиятда эса етимлар бўлиши табиий. Бинобарин, омманинг мулкидан ноҳақ олган киши қайсидир етимнинг ҳаққини ҳам олган бўлади. Аммо у қайси етимнинг қанча ҳаққини олганини била олмайди ва шу жиҳатдан бунинг гуноҳи янада оғирроқ бўлади. Бу гуноҳнинг тавбаси чин қалбдан надомат чекиш, бу ишни қайтиб қилмасликка қатъий жазм қилишдан ташқари ўша ноҳақ олинган молни тўлалигича ўз жойига қайтариш билангина бўлади.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид