Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июл, 2025   |   17 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:19
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:34
Bismillah
12 Июл, 2025, 17 Муҳаррам, 1447

Отангнинг орқасидан юр!

07.10.2024   4519   2 min.
Отангнинг орқасидан юр!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَطَاءٍ قَالَ: لَا يَؤُمُّ الرَّجُلُ أَبَاهُ وَإِنْ كَانَ أَفْقَهَ مِنْهُ.

Атодан ривоят қилинади:

«Киши отасига имом бўлмайди. Агар отасидан фақиҳроқ бўлса ҳам».

Шарҳ: Ота-бола бор. Ўғил олим, отанинг илми унчалик эмас. Шундай бўлганда ҳам, ўғил отага имомлик қилмайди.

Бу отанинг ҳурмати учун айтилган гап. Демак, ўғил отанинг олдига тушмасин, имом бўлмасин. Агар отасининг илми ўғлиникичалик бўлмаса ҳам, ота имом бўлгани афзал экан.

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ مُحَمَّدِ بْنِ عَبْدِ الْقَارِيِّ قَالَ: رَآنِي عُمَرُ بْنُ عَبْدِ الْعَزِيزِ وَأَنَا أَمْشِي إِلَى جَنْبِ أَبِي، فَقَالَ: لَا تَمْشِ إِلَى جَنْبِ أَبِيكَ، إِنَّمَا يَنْبَغِي لَكَ أَنْ تَمْشِيَ وَرَاءَهُ. قَالَ: فَإِنِّي أَتَوَكَّأُ عَلَى يَدِهِ. قَالَ: فَهَاهْ.

Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Абдулқорийдан ривоят қилинади:

«Умар ибн Абдулазиз отамнинг ёнида кетаётганимни кўриб, «Отангнинг ёнида юрма! Сен отангнинг орқасидан юришинг керак!» деди. Шунда отам: «Мен унинг қўлига таяниб кетяпман», деди. «Ундай бўлса, майли», деди».

Шарҳ: Демак, ота-бола йўлда юриб кетаётган бўлса, бола отанинг орқасида юрсин. Отанинг эҳтироми, ҳурмати, улуғланиши мана шу даражададир. Агар ота ўзи рухсат берган бўлса ёки ривоятдаги кишига ўхшаб ўғлига суянадиган бўлса ёки юкини кўтаришиб келса, майли.

Бу ривоятда Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳининг бегона бир болага отасини ҳурмат қилиш бўйича дарс беришлари диққатга сазовор. Мусулмонлар ҳамиша мана шундай йўл тутиб, жамиятда исломий одоб-ахлоқ қарор топишига ҳисса қўшадилар.

Мусулмон халқларда барча замонлар ва маконларда катталар кичикларга тарбиячи, маслаҳатчи, устоз, танқидчи бўлиб келганлар. Бу ишни катталар ўз бурчлари деб, кичиклар ўзлари учун фойдали сабоқ деб қабул қилганлар.

Шу йўл билан халқ ўзини ўзи тарбиялаб борган. Катталар ўз зиммаларидаги амри маъруф ва наҳйи мункар вазифасини адо этганлар. Кичиклар улардан дарс олганлар, тажриба ўрганганлар.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Бошқа мақолалар

Уларнинг қалблари ҳидоят чироғларидир

07.07.2025   4997   1 min.
Уларнинг қалблари ҳидоят чироғларидир

Бир куни Умар розияллоҳу анҳу масжидга чиқдилар, у ерда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида йиғлаб турган ҳолда кўрдилар.

Умар разияллоҳу анҳу ундан: "Эй Муоз, нима учун йиғлаяпсан?" деб сўрадилар.

Шунда Муоз розияллоҳу анҳу жавоб бердилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бир ҳадис туфайли йиғлаяпман. У зот алайҳиссалом айтган эдилар: "Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир. Кимки Аллоҳнинг дўстларига душманлик қилса, билиб қўйсинки, у Аллоҳга қарши уруш очибди. Албатта, Аллоҳ таоло аброр, тақводор, ўзини пинҳон тутадиган бандаларни яхши кўради. Улар шундай кишиларки, йўқликларида, ҳеч ким уларни ахтармайди, ҳозир бўлганларида ҳам ҳеч ким уларни танимайди. Уларнинг қалблари ҳидоят чироғларидир. Улар ҳар қандай қоронғу ва ғуборлик ҳолатдан йўл топиб чиқа оладилар".

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ