Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَطَاءٍ قَالَ: لَا يَؤُمُّ الرَّجُلُ أَبَاهُ وَإِنْ كَانَ أَفْقَهَ مِنْهُ.
Атодан ривоят қилинади:
«Киши отасига имом бўлмайди. Агар отасидан фақиҳроқ бўлса ҳам».
Шарҳ: Ота-бола бор. Ўғил олим, отанинг илми унчалик эмас. Шундай бўлганда ҳам, ўғил отага имомлик қилмайди.
Бу отанинг ҳурмати учун айтилган гап. Демак, ўғил отанинг олдига тушмасин, имом бўлмасин. Агар отасининг илми ўғлиникичалик бўлмаса ҳам, ота имом бўлгани афзал экан.
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ مُحَمَّدِ بْنِ عَبْدِ الْقَارِيِّ قَالَ: رَآنِي عُمَرُ بْنُ عَبْدِ الْعَزِيزِ وَأَنَا أَمْشِي إِلَى جَنْبِ أَبِي، فَقَالَ: لَا تَمْشِ إِلَى جَنْبِ أَبِيكَ، إِنَّمَا يَنْبَغِي لَكَ أَنْ تَمْشِيَ وَرَاءَهُ. قَالَ: فَإِنِّي أَتَوَكَّأُ عَلَى يَدِهِ. قَالَ: فَهَاهْ.
Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Абдулқорийдан ривоят қилинади:
«Умар ибн Абдулазиз отамнинг ёнида кетаётганимни кўриб, «Отангнинг ёнида юрма! Сен отангнинг орқасидан юришинг керак!» деди. Шунда отам: «Мен унинг қўлига таяниб кетяпман», деди. «Ундай бўлса, майли», деди».
Шарҳ: Демак, ота-бола йўлда юриб кетаётган бўлса, бола отанинг орқасида юрсин. Отанинг эҳтироми, ҳурмати, улуғланиши мана шу даражададир. Агар ота ўзи рухсат берган бўлса ёки ривоятдаги кишига ўхшаб ўғлига суянадиган бўлса ёки юкини кўтаришиб келса, майли.
Бу ривоятда Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳининг бегона бир болага отасини ҳурмат қилиш бўйича дарс беришлари диққатга сазовор. Мусулмонлар ҳамиша мана шундай йўл тутиб, жамиятда исломий одоб-ахлоқ қарор топишига ҳисса қўшадилар.
Мусулмон халқларда барча замонлар ва маконларда катталар кичикларга тарбиячи, маслаҳатчи, устоз, танқидчи бўлиб келганлар. Бу ишни катталар ўз бурчлари деб, кичиклар ўзлари учун фойдали сабоқ деб қабул қилганлар.
Шу йўл билан халқ ўзини ўзи тарбиялаб борган. Катталар ўз зиммаларидаги амри маъруф ва наҳйи мункар вазифасини адо этганлар. Кичиклар улардан дарс олганлар, тажриба ўрганганлар.
#xabar #qabul #murojaat
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан олиб бораётган очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қабуллар жараёнида ҳар бир мурожаат эътибор билан ўрганилиб, аксарияти ўз вақтида ижобий ҳал этилаётгани қувонарлидир.
Жумладан, бугун 17 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар. Қабул давомида имом-хатиблар фаолияти, ҳаж ва умра масалалари, оилавий муаммолар ҳамда моддий ёрдам билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Хусусан, оилавий масалалар бўйича мурожаат қилганларга муаммолар ечими юзасидан маслаҳатлар берилди, шаръий саволларга атрофлича тушунтиришлар қилинди ҳамда моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш ва унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Шу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати