Аввал, шу йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” номли халқаро конференция бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик. Ижтимоий тармоқлар орқали мазкур анжуманга ташриф буюрадиган мўътабар уламолар ҳақида маълумот бериб борамиз.
Назир Муҳаммад Айёд 1972 йили Қоҳира шаҳрида туғилган.
1995 йил “Усул ад-дин” бўйича “Ақида ва фалсафа” йўналишида бакалавр даражасини олган.
2000 йилда “Усул ад-дин” йўналиши бўйича “Ақида ва фалсафа” бўйича магистр даражасини, сўнгра 2003 йили биринчи даражали имтиёз билан докторлик даражасини олди.
Дастлаб Кафр аш-Шайх шаҳридаги Ислом ва арабшунослик коллежида ўқитувчи бўлиб ишлади. Мансура университетининг Усул ад-дин факультетида доцент лавозимида фаолият юритди.
2016 йилда профессор унвонига эга бўлди.
Кейинчалик “Ал-Азҳар” Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби, ақида ва фалсафа профессори, Кафр аш-Шайхдаги Ислом ва арабшунослик коллежи декан ўринбосари лавозимларида ишлади.
Шунингдек, у бошқа кўплаб вазифаларда фаолият юритган. Ал-Азҳар битирувчилари халқаро ташкилоти аъзоси, Ал-Азҳар ал-Шариф илмий тадқиқот ходимлари касаба уюшмаси қўмитаси аъзоси, Миср Оила уйи аъзоси ва Вазирликнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва гиёҳвандликка қарши кураш гуруҳи аъзоси саналади.
Доктор Айёднинг илмий журналларда кўплаб мақолалари, илоҳиёт, фалсафа, мантиқ, динлар, мазҳаблар, тасаввуф ва бошқа соҳаларга оид ўттиздан ортиқ китоблари чоп этилган.
Др. Профессор Назир Муҳаммад Айёд кўплаб илмий конференциялар ва семинарларда қатнашган, Ливия ва Саудия Арабистонидаги хорижий университетларда дарс берган.
Профессор Назир Муҳаммад “Ал-Азҳар” университети, “Олтинчи октябрь” университети, Ливиядаги “Ал-Асмария” университети, Саудия Арабистонидаги “Тоиф” университети ва Мисрнинг Жиддадаги консуллиги томонидан кўплаб мукофот ва гувоҳномалар билан тақдирланган.
Др. Профессор Назир Муҳаммад Айёд 2024 йил 11 августдан Миср Араб Республикаси Бош муфтийси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
“Ражаб” сўзи қандай маънони англатади?
– Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади.
Ражаб ойи қандай ой?
– Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) ойлардан биридир.
Ражаб ойида қандай тарихий воқеалар юз берган?
– Ер юзини сув босган тўфонда Нуҳ алайҳиссалом кемага ражаб ойининг биринчи куни минганлар;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган;
– Машҳур қавлга кўра, Исро ва Меърож воқеаси ражаб ойида содир бўлган.
Ражаб ойининг қандай фазилатлари бор?
– Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш кеча борки, унда дуолар рад этилмайди: ражаб ойининг аввалги кечаси; шаъбон ойининг ярмидаги кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).
?Ражаб ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказганлар?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.
?– Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона” (Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин!”) деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Уламолардан бири: “Ражаб шамолга, шаъбон булутга, рамазон ёмғирга ўхшайди. Кимки ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, рамазон ойида қандай ҳосил олади?” деган.
Шундай экан, рамазонда олажак ҳосилимиз мўл бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга астойдил дуолар қилишни ҳам унутмайлик!
Ғафлатда қолмайлик, азизлар, вақт ғанимат, умр бевафо!
Даврон НУРМУҲАММАД