Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Машҳур фақиҳ, усулий аллома шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш 1970 йил 17 ноябрда Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топган.
Мисрнинг “Ал-Азҳар” университетининг бакалавриати (шариат ва қонун факультети) ва магистратура босқичини (усулул фиқҳ) тамомлаган.
Усулул фиқҳ йўналиши бўйича фан доктори илмий унвонига эга.
«Абдулазиз Бухорийнинг усулул Баздавийга шарҳи “Кашфул асрор” асарининг илмий таҳқиқи» мавзусидаги магистрлик илмий ишини ҳимоя қилган.
“Ибн Ҳожибнинг усулдаги фикрлари” докторлик илмий иши биринчи ўринга сазовор бўлган.
Дамашқ шаҳри ва вилоятидаги ўрта мактабларда мударрислик қилган.
1989 йилдан Фатҳ Ислом институтида, 2006 йилдан ушбу таълим даргоҳининг юқори университет қисмида дарс бериб келади.
2014 йилдан буён Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Сабоҳуддин Заим масжидида мударрис сифатида фаолият юритмоқда.
Шом олий маъҳадида фиқҳ ва мазҳаблар фиқҳи бўйича ҳам мударрислик қилган. Дамашқ вилоятидаги Ҳуда маъҳадининг асосчиси ва мудири саналади.
Ўтган забардаст уламолар, хусусан Имом Суютийнинг “Саҳиҳи Муслим”га ёзилган “Дебож” номли шарҳини, Имом Косонийнинг “Бадоиъус-саноиъ” китобини, “Ҳидоятул Фаттоҳ фи зикри адиллати нурул ийзоҳ” китобини, Мерос илмига оид “Сирожия” китоби шарҳини, Мунзирийнинг “Арбаъийн фи истисноъил маъруф” китобини, Имом Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини, Имом Мусилийнинг “Ихтиёр” китобини, “Саҳиҳул Бухорий”нинг энг катта шарҳларидан бўлмиш “Нажоҳул қорий бишарҳил Бухорий” китобини шарҳлаган ва таҳқиқ қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади. Сўнгги йилларда бу давлат билан хайрия йўналишидаги алоқалар янада ривожланмоқда. Подшоҳлик ҳар йили юртимизга xурмо меваси, озиқ-овқат маҳсулотлари, Қуръон китобларини хайрия қилиб келади.
Бир мунча вақт олдин Саудия Арабистони томонидан “Вақф” хайрия жамоат фондига ҳадя қилинган Қуръон китоблари кеча Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига етказилди. Таъкидлаш жоизки, ҳар йили мазкур институтнинг “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсида минглаб юртдошларимиз таълим олиб, муқаддас китобни бемалол ўқийдиган бўлиб етишади. Тақдим этилаётган бу Мусҳафлар эса тингловчилар учун ҳақиқий совға бўлди, дейиш мумкин.
Жами олти минг дона Қуръон китобларини институт раҳбарияти, талабалар хурсандчилик билан қабул қилиб олишди.
Аллоҳ таоло юртимиз диний таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган мўмин-мусулмонларнинг қилган эҳсонларини Ўз даргоҳида қабул қилсин. Аллоҳ барчаларимизни илм аҳлига яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни насиб айласин.
Vaqf.uz