Азизлар, хабарингиз бор, 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хивада «Ислом – тинчлик ва эзгулик дини» мавзусида халқаро анжуман (https://t.me/islomuz/34907) бўлиб ўтади. Анжуманда Урдун Халқаро исломий илмлар дорилфунунининг доктори шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари ҳам қатнашадилар. У кишининг «Ҳанафий фиқҳига теран нигоҳ» мавзусида олиб борган давра суҳбатлари таржима қилиниб, китоб шаклига келтирилди ва бу китоб шу ном остида «Hilol Nashr» матбаа-нашриётида чоп қилинмоқда (https://t.me/HilolNashr/23402).
Бу китоб тўрт мазҳабнинг, хусусан, ҳанафий мазҳабининг аҳамиятини, унинг Ислом уммати, мусулмонлар ҳаётида тутган ўрнини кўрсатиб беради. «Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китоби – Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг фиқҳини, манҳажини ўрганиш, динимизни ўрганиш сари қўйилган муҳим қадамдир. Китобда ҳанафий мазҳабининг тарихи, шаклланиши ва моҳияти баён қилинган, айни пайтда асримизнинг вабоси бўлган фитнага – мазҳабсизликка қарши ақлий ва нақлий, илмий асосланган, аниқ ва ишончли далиллар келтирилган. Халқимиз асрлар давомида амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабига билиб-билмай туҳмат тошлари отилаётган, мазҳабга эргашувчилар Қуръону Суннатга эмас, бир шахсга кўр-кўрона эргашишда ноҳақ айбланаётган бугунги кунда «Ҳанафий фиқҳига теран нигоҳ» китобининг чоп қилиниши давр тақозоси ўлароқ, айни муддао бўлди.
14 октябрь куни соат 10:00 да «Hilol Nashr» нашриётининг мажлислар залида ушбу китобнинг тақдимоти ўтказилади. Тақдимотга китоб муаллифи ҳам ташриф буюрадилар.
Илмий суҳбатга марҳамат, азизлар!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан шу йил 6 – 7 октябрь кунлари Андижон вилоятида имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган илмий-амалий семинар юқори савияда ўтказилди.
Анжуманда тарғибот ишларини тизимли олиб бориш, имом-хатиблар касб-маҳоратини ошириш, аҳоли билан мулоқот қилиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда хайрия тадбирларини амалга оширишдаги замонавий услуб ва янгича ёндашувлар билан ўртоқлашилгани айтиб ўтилди.
Мазкур анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан берилган кўрсатма ва тавсияларининг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 11 октябрь куни Қашқадарё вилоятидаги 186 та масжид имом-хатиблари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда 2025 йил 9 ой давомида соҳа ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, мутаассиблик ва радикаллашувни олдини олиш, имом-хатиблик масъулиятини янада ошириш, шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича вазифа ва топшириқлар белгилаб олинди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакили Раҳматилло домла Усмонов томонидан барча имом-хатиблар ўзларига бириктирилган МФЙлар билан мунтазам алоқада бўлиши, халқ ичида бўлиб, уларнинг дарду ташвишларига ҳам шерик бўлиши кераклиги, қариялар ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжмандларга руҳий таянч бўлиш, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, илм-маърифатга қизиқтириш ва ёш авлод келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратиш, оилаларни тинч-тотув яшаши, фарзандларни бевақт тирик етим бўлмаслиги учун ажримларни олдини олиш, қўшничилик одобларига риоя қилиш кабиларни тарғибига алоҳида эътибор қаратиши, бир сўз билан айтганда бугун дин учун, миллат ва ватан учун қайғуриш – имом-хатибнинг ҳақиқий бурчига айланиши шарт эканлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида вилоятдаги диний соҳа ходимлари фаолиятини янада яхшилаш юзасидан муҳим тавсия ва кўрсатмалар берилди. Бугунги кунда мураккаблашиб бораётган, инсоният турли синовларга, таҳдидларга ва ўзгаришларга гувоҳ бўлаётган бу замонда имом-хатибларнинг фаолликларини ошириш, ОАВдаги чиқишлари мазмун-моҳиятини янада яхшилаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини қондириш борасида тинимсиз хизмат қилиш каби жиҳатларига эътибор қаратилди.
ЎМИ Қашқадарё вилояти Матбуот хизмати