Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳнинг ﷺ оламларга раҳмат экани бир жиҳатдан у зотнинг ҳар бир ишларида инсоният учун улкан фойда борлигини англатади. Ибрат назари билан боқажак одам Ислом уммати вакили бўлса, у учун Расулуллоҳ ﷺ тамомила ўрнак бўлади. Зеро, иймоннинг тақазоси ҳам шу!
Расуллуллоҳни ﷺ ўзи учун юксак намуна дея бу гапини иймон билан тасдиқ этган киши учун у зотнинг уйқудан уйғонишларидан тортиб барча кунлик ишларида ҳам буюк ҳикмат бўлади. Расулуллоҳнинг ﷺ феъллари шаръан эътиборли эканидан шариатда унга алоҳида суннат деган ҳукм жорий бўлди. Тўғри, биз кунлик такрорланадиган ишларни баъзида суннат ёки мустаҳаб эканини билмаган ҳолда ё унутиб қилишимиз мумкин. Айни вақтда бу ишларни фойдали деб ҳисоблагани учун қиладиган кишилар ҳам йўқ эмас. Аслини олганда мусулмон қандай йўл тутиши керак?! Қандай ният қилса, амалига ажр олади?! Бу икки саволга бериладиган ягона жавоб: Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган мўъмин Расулуллоҳга иқтидо қилиши зарур. Чунки бу Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг шарти ҳамда нажот калитидир. Расулуллоҳга ﷺ иқтидо қилиш замон ва макон танламайди. У зот вафот этган бўлсалар ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилиш, суннатларига астойдил эргашиш орқали иқтидо маъноси юзага чиқаверади.
Одатда, одам кунини уйқудан уйғониш билан бошлайди. Турган заҳоти юзни ювиб, оғизни чайиб ва шу каби бошқа ишларни эл қатори бажариш ҳам мумкин. Лекин! Келинг, Ислом аталмиш шарафли байроқ остида турган шахс сифатида фикр юритиб кўрамиз: шу вақтда Расулуллоҳ ﷺ нималар қилган эканлар:
- Уйқу дангасалиги ва уйқу асоратини қўл билан ююздан артмоқ
Бу орқали уйқунинг таъсирини кетказишни ният қилардилар
Имом Нававий ва ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ бунинг суннат эканига қуйидаги ҳадисни келтирганлар:
«Расулуллоҳ ﷺ уйғониб, ўтирдилар ва юзларини ишқалаб уйқуни артдилар». (Имом Муслим ривояти).
Демак, бу жараён уйқу таъсири тезроқ тарқалишига ёрдам берар экан. Уйқудан уйғонган одам қўли билан юзларини артиб, баданини ишқаласа, тананинг фаоллиги ортиб, ётоқдан туриши осон кечади. Биз биринчи рақам остида келтирганимиз мазкур ҳадис сиртдан уйқудан турган одам қўлини уч маротаба ювмасдан туриб, идишга қўл урмаслиги борасидаги ҳадис билан ўзаро зиддек кўринади. Аммо аслида ундай хулоса қилишга шошилмаслик зарур! Чунки мутақаддим ва мутааххир уламолар идишга ювиқсиз қўлни солишдан қайтариқ ривоят қилинган ҳадисдаги наҳйга амал қилмасликка макруҳи танзиҳий ҳукмини берганлар. Соддароқ қилиб айтганда, уйқудан турган кишининг қўлида нажосат бўлмаса, унинг қўлидаги бир нав нопоклик нажосат ҳисобланмайди. Шунинг учун ҳам уйқудан уйғонган киши биринчи ҳадисга амал қилиб, юз-кўзларини ишқашининг зарари йўқ.
- Дуо қилиш. «Бизларга руҳимизни олганидан кейин қайта ҳаёт бахш этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Қайта тирилиб бориш унинг ҳузуригадир» (Имом Бухорий ривояти).
Дуо ибодат бўлиб, банда Раббисига нақадар муҳтож, нотавон эканини изҳор қилади. Дуо баъзилар тушунгани каби фақат сўровларни тақдим қилиш эмас. Бу жараён талаб деб аталади. Унда на руҳ бўлади ва на зорланиш. Дуо эса ихлос, тазарруъ, ожизлик изҳори каби муҳим нуқталарни ўз ичига қамраб олиши баробарида дуо қилаётган мўъмин киши дуосининг қабул бўлишидан умидвор ҳамда рад этилишидан қўрқиб. Уйқудан эсон-омон туриб олган киши ҳам, тавба қилиш учун берилган яна бир имконият, солиҳ амалларни қўлга киритиш фурсатини тақдим этгани учун Раббисига ҳар қанча ҳамд айтса ҳам кам. Қандай дуо қилишни эса Расулуллоҳнинг ﷺ суннатларидан ўрганиб оламиз:
- Мисвок тутиш. «Расулуллоҳ тунда уйқудан турганларида оғизларини мисвок билан тозалар эдилар» (Муттафақун алайҳ).
Инсон уйқудан турган пайти оғиз бўшлиғидан ноҳуш ҳид тарқалиши кузатилади. Бу эса одамнинг дилини ҳира қиладиган ҳолатдир. Бу муаммога ечим ўлароқ шариатда мисвок таклиф қилинмоқда. Ҳозирги кунда тиш пасталаридан фойдаланиш оммалашди. Бироқ, бу мисвакни қўйиб, фақат тиш пасталаридан фойдаланиш керак жегани эмас. Сабаби мисвок табиий восита ва унинг таркибида кўплаб фойдали кимёвий моддалар борки, уларнинг ҳаммасини инсон қўли билан бир ўринда жамлаш имкониз. Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат злароқ табиат бағрида арок дарахтини яратди. Унинг томирлари мисвок сифатида ишлатиладиган бўлди. Расулуллоҳга ﷺ суюкли бўлган амаллар орасида машҳури мисвок ишлатишдир. Мисвокнинг аҳамияти камайиб кетмаслиги учун ундан мунтазам фойдаланиб туришимиз ҳамда фарзандларимизни ҳам бунга одатлантиришимиз керак. Шу тариқа ҳам суннатга эргашган ҳам суннатнинг барҳаётлигига ҳисса қўшган бўламиз. Бу иккиси ҳам улкан иноятдир!
- Бурунни қоқиш. У зот ﷺ айтадилар: «Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, бурнини уч марта қоқиб ташласин, зеро шайтон унинг димоғи тунаган бўлади» (Муттафақун алайҳ).
Шайтон қандай қилиб инсоннинг бурнида тунаб қолишини билиш, Одам боласининг тоқати ва ақли етмайдиган масаладир. Расулуллоҳ айтдиларми, демак, мўъмин одам бу хабарни сўзсиз қабул қилади. Бу жиҳати тушунарли бўлди. Энди бошқа бир тарафдан олиб қаралса, шайтоннинг душман экани Қуръон ва ҳадисда келган. Унинг ҳам ўз лашкари бор. Биз уларни кўрмасак ҳам уларда бизни кўра олиш хусусияти мавжуд. Ҳаётда душманингиз бўлса, у нима қилади? Пайт пойлайди! Албатта, уйқу ҳам душман учун қулай фурсат ҳисобланади. Демак, душманнинг бу сафарги найрангги бизнинг бурнимизда тунаши экан.
- Қўлларни уч марта ювиш. У зот ﷺ айтадилар: «Сизлардан бирингиз уйқудан турса, идишга қўл солмасдан қўлларини 3 марта ювсин»
Бу ҳадисга доир мубоҳасани мухтасар тарзда юқорида тақдим этдик.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, биз мусулмон ўлароқ Расулуллоҳнинг ﷺ суннатларига мукаммал ҳолда амал қиладиган бўлсак, У зотнинг итобларига қолмай, аксинча нажот топганлардан бўламиз.
Зокир Алихон,
Тошкент ислом институти талабаси
Имом Суфён ибн Саъид Саврий раҳматуллоҳи алайҳ ўз замонида ҳадис ривоят қилувчиларнинг кўпайиб кетганини зикр қилиб, шундай деган: “Бир кемада бир нечта бошлиқ денгизчи бўлса кема ғарқ бўлади!”. Айни шу гапни ҳозирги кунда шариатнинг номидан гапириб фатво бериб юрганларга ҳам қарата айтса бўлади. Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони карим нозил бўлиш даврига ҳамаср бўлсалар ҳам, шариатни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни шахсан ўзларидан ўрганган бўлсаларда, шариат номидан бирон гап айтишга шошилмаганлар. Улардан бирон масала сўралса, хато гапириб қўйишдан қўрқиб, ўзларидан илмлироқ бўлганларга ҳавола қилиб юборардилар. Саҳиҳ Муслимда ривоят қилинади: Бир киши Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан масала сўради. У эса: “Буни Баро ибн Озибдан сўрагин”, деди. Баро ибн Озиб эса: “Зайд ибн Арқамдан сўра”, деган экан. Абу Муҳаммад Ромаҳурмузий “Ал-Муҳаддис ал-фосил” китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагини ривоят қилади: “Мен ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирмадан ортиқ ансор саҳобалар билан кўришганман. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш масъулиятини билганлари сабабли ўрнига бошқа киши ҳадис айтиб беришини истар эдилар. Шуниндек, улардан биронтасидан бирон масала сўралса, ўрнига бу масалада бошқа илмлироқ киши жавоб беришини ҳохлардилар. Имом Шаъбийдан бир киши: “Агар сизлардан бирон савол сўралса қандай жавоб берардингизлар?”, деб сўраган экан. Шаъбий роҳматуллоҳу алайҳ: “Агар кимдир биздан бир савол сўраса, биз ёнимиздаги шергимизга, сен жавоб бер, деб ҳавола қилар эдик. Шу тариқа савол яна биринчи сўралган кишига қайтиб келар эди”, деб жавоб берган эканлар.
Агар салафи солиҳлар илмни яшириб қўйиш гуноҳидан қўрқмаганларида эди, умуман фатво беришга журъат ҳам қилмаган бўлар эдилар. Бу борада салаф уламолардан жуда кўп ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар фатво бериш масъулиятидан нақадар эҳтиёткор бўлганларини яққол кўрсатиб беради. Аммо бугунги кунда аҳвол бутунлай бошқача, одамлар фатво беришга ошиқадиган, масъулиятни ўйламай, бир-бири билан биринчи бўлиб саволга жавоб беришга мусобақалашадиган бўлиб қолдилар. Шунингдек, мазҳабсизликни даъво қилувчи гуруҳларнинг ҳар бир мавъиза ва насиҳат мажлисида ҳам ақида ва фиқҳ масалаларида асоссиз фатволар кўп айтилади. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда оддий бир ҳайдовчи ҳам энг мураккаб ва чуқур масалаларда одамларга фатво беришдан тортинмайди. “Мен катта бобомдан эшитганларим бор”, ёки “Уйимдаги эски китоблардан ўқиб олганман”, деб ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб қўйиш ҳолатлари жуда кўп. Бу каби шахсиятлар ўқиган китобидаги маълумотлар ёки эшитган гаплари ҳақиқатга қанчалик мос, адашиш ва оғишлардан холи экани текшириб ўтирмайдилар ҳам. Аслида, бундай масалаларда ҳатто катта уламолар ҳам хато қилиб қўйиши мумкин, қолаверса, оддий устоз кўрмаган шахсиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Энг хатарли томони шундаки, агар китоблар устозларнинг назоратисиз ўқилса, турли манбалардан чиққан фатволар бир масалада “шариат номидан” бири ҳалол, бири ҳаром, бири тўғри, бири нотўғри, деб чиқарверади. Бу эса бирдам, хотиржам жамиятнинг парчаланишига, одамларнинг шариатга нисбатан беэътибор бўлиб қолишига олиб келади. Оқибатда, уммат қалбидан фатвонинг ҳурмати, шариатнинг улуғворлиги ва уламоларнинг обрў-эътибори сўниб боради. Ҳар ким ўзича фатво беравириши сабабли одамлар орасида, масжид имомлари ва юрт уламолари ҳақида “Буларни фақат ойлик оладиган пайтидагина эшитамиз”, “Буларнинг барчаси ҳақни гапира олмайдилар”, деган гаплар кенг тарқаб қолди. Аслида бу гапларни тарқатганларнинг мақсади мусулмонлар орасида низо ва фитна уруғини сочиш, ўз юртининг уламоларининг гапига ишонмайдиган ҳолатга олиб келиб қўйишдир. Натижада мусулмонлар биродар бўлиб елкадош туриш ўрнига, ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини ёмонлаб, душманлашиб кетадилар.
21 аср ижтимоий тармоқ асри деб айтамиз. Мусулмонлар диний масалаларда жавоб олиш учун ижтимоий тармоққа мурожат қилишлари табиий. Ҳечким, буни инкор ҳам қилолмайди, қолаверса бу ишни ман қилиб қўйиш мантиққа тўғри келмайдиган иш. Лекин, азиз халқимиз билиши лозим бўлган нарса шуки, ижтимоий тармоқлардан бериладиган аксар фатво ва саволларга жавоблар Ўрта Осиёда амалда бўлиб турган ҳанафий мазҳабига тамоман зид бўлади. Бу фатволарда келтирилаётган ҳадислар ва шунга ўхшаш сиз номини биринчи маротаба эшитаётган китоблардан келтирилган нақллар сизни алдаб қўймасин. Аслида эса бу фикр на бирор саҳобадан, на бирор тобеиндан, на салaф уламоларидан ҳеч биридан ривоят қилинмаган бўлади.
Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг фатвоси, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қози сифатида чиқарган ҳукми, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақллар, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг амали ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тутган йўли ишончли ривоятлар билан бизгача етиб келган. Қолаверса, буларнинг барчаси саҳобалар орасида эътирозсиз қабул қилинган. Демак, саҳобаларнинг барчаси ҳам ўзларича ижтиҳод қилмаганлар, балки ичларидаги энг илмли кишиларга эргашганлар. Шунингдек, тобеинлар ва улардан кейинги авлод фуқаҳоларининг ижмоси ҳам бор. Бу ижмоъ уларнинг фатволари асосида тузилган манбаларда очиқ кўринади. Бу каби манбалар сифатидан Абдурраззоқ, Вакиънинг ва Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Саид ибн Мансурнинг, Байҳақийнинг “Сунан”лари, Ибн Абдулбаррнинг “Тамҳид”и ва “Истизкор”и каби асарларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси ушбу масалада соҳта салафий ва бемазҳаблар томонидан айтилган шоз, яъни барчага хилоф гапларни мутлақо инкор қилади. Бундай масала ҳақида илм аҳли бўлган инсон, юқорида зикр этилган манбаларга ўхшаш китобларни кўрмасдан туриб, гапиришга ҳақли эмас. Саҳобалар ва тобеинларга нисбат бериладиган фикрларнинг манбаи айнан шу каби китоблардир. Кимки бу асарларни кўрмасдан туриб, бирор фикрни саҳоба ёки тобеинларга нисбат берса, у илм аҳли олдида уятли ҳолатга тушади ва уларнинг назарида қадри тушади. Бу эса қандай оғир оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирон масалада фикр билдиришдан эҳтиёт бўлинг. Унутманг илм ота-боболардан мерос бўлиб қолмайди. Илм китоблардан, устозлардан ўрганилади. Демак, етти аждодингиз уламолар катта эшон боболар бўлса ҳам сизда бирон масалада шариат номидан гапиришга ҳаққингиз йўқ. Қолаверса, охиратининг ғами бўлган мусулмон одам фатво беришдан жуда эҳтиёт бўлиши керак. Зеро, хато айтилган бир фатвонинг оқибати жаҳаннам бўлиши ҳеч гап эмас. Гапимизини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақлни келтириб тугатамиз. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар орасида фатво беришга энг журъатли бўлганингиз — дўзахга киришга ҳам энг журъатли бўлганингиздир”. (Доримий ривояти).
Маҳмуджон Мухторов
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси