Халқаро анжуманда иштирок этган турли мамлакатлар муфтийлари, таниқли уламолар, исломшунос тадқиқотчи ва диний соҳа вакиллари нуфузли тадбирдан сўнг Хива шаҳридаги муборак қадамжоларни зиёрат қилдилар.
Мартабали меҳмонлар Хива шаҳридаги Ичан қалъа мажмуасида жойлашган Муҳаммад Раҳимхон, Шерғозихон, Муҳаммад Амин Иноқ мадрасалари, Саййид Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳи ҳамда Жума масжиди сингари табаррук масканлар билан яқиндан танишиб, мутахассислардан улар тўғрисида атрофлича маълумот олишди.
Дунё уламолари Ўзбекистон замини қадим маданият, буюк цивилизация ва улуғ мутафаккирлар юрти эканига бевосита гувоҳ бўлдилар.
Мажмуада Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, азиз авлиёларнинг руҳи покларига бағишланди. Шу билан бирга, фазилатли уламолар юртимиз ва бутун дунёда тинчлик ва фаровонлик ҳукм суриши, динимиз ривожи ва Ислом олами халқлари тинчлик ва эзгулик йўлида доимо ҳамкор бўлишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Ҳазорасп туманида янгидан қуриб битказилган “Ҳазрати Шайх Мухаммад Амин” жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, Ҳазорасп тумани ҳокими Мақсудбек Абдуллаев, шаҳар-туман бош имом-хатиблари ва масжид имом-хатиблари, маҳалла аҳли жам бўлишди.
Қуръони карим тиловатидан сўнг масжиднинг то қиёматгача Ҳақ таолога ибодат қилинадиган саждагоҳ бўлишини, халқимиз эътиқоди, маърифатини мустаҳкамлашда ҳидоят ва зиё маскани бўлиб хизмат қилишини сўраб, бу хайрли ишга кўмакчи бўлган барча эзгу ниятли кишилар ҳақига дуолар қилинди.
Маълумот ўрнида замонавий талабларга жавоб берадиган, барча қулайликларга эга бўлган мазкур масжид 1600 нафар намозхонга мўлжалланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати