Cавол: Ҳожатдан кейин авратни сув билан эмас, нам салфетка билан поклаш мумкинми? Буни узоқ масофага катта юк машиналарда юрадиган дўстим сўраган эди.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Нажосат чиққан жойидан атрофига ёйилмаган бўлса, қоғоз, тош каби нарсалар билан тозаланиш мумкин. Агар дирҳам (катта танга) миқдоридан кўп ёйилган бўлса, сув каби суюқлик билан поклаш лозим бўлади. Чунки бундай ҳолатда баданга нажосат теккан ҳукмида бўлиб, уни фақат ювиш билан кетказилади.
ثم الاستنجاء بالأحجار إنما يجوز إذا اقتصرت النجاسة على موضع الحدث فأما إذا تعدت موضعها بأن جاوزت الشرج أجمعوا على أن ما جاوز موضع الشرج من النجاسة إذا كانت أكثر من قدر الدرهم يفترض غسلها بالماء ولا يكفيها الإزالة بالأحجار
“Тош билан истинжо қилишнинг ўзи билан кифояланиш ахлат ёки бавл чиққан жойидан ташқарига ёйилмаган ҳолатда жоиз бўлади. Агар ахлат ёки бавл нажосат ўрнидан атрофига дирҳам миқдоридан кўп ёйилса, сув билан ювиш фарз бўлади. Тош билан кетказиш кифоя қилмайди” (“Фатовои Оламгирия” китоби).
Суюқликдан бошқа барча нарсалар, ҳатто у нам нарса бўлсин, тош билан бир хил ҳукмда бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даво излашлари:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳромдалик пайтларида бошлари қаттиқ оғриганда қон олдирдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни намоз ўқиётган пайтларида чаён чақиб олди. Намозни тугатганларидан сўнг: “Бу чаёнга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! Намоз ўқувчини ҳам, бошқани ҳам қўймайди”, дедилар. Кейин сув ва тузни у(яра)нинг устига сурта бошладилар ва “Кафирун”, “Ихлос”, “Фалақ” ва “Нос” сураларини ўқидилар” (Ҳайсамий, Табароний ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлса, бошлари оғрир эди. Шунда унга ҳина боғлардилар” (Ҳайсамий ривояти).
Ҳишом ибн Урва ибн Зубайр айтади: “Урва Оиша розияллоҳу анҳога шундай дер эди: “Эй онажон, мен сизни фаҳмингиздан ажабланмайман. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларива Абу Бакрнинг қизи” дейман. Мен араб кунлари(тарихи) ҳақидаги шеърларни билишингиздан ҳам ажабланмайман. Абу Бакрнинг қизи, энг билимдон, ёки инсонларнинг энг билимдони дейман”. Лекин тибни билишигизга ҳайратда қоламан. Уни қандай, қаердан (билгансиз). (Ровий) айтади: Оиша онамиз унинг елкасига қоқиб: “Эй, Урия Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг сўнги пайтида ёки умрларининг охирида менинг олдимда бемор бўлгандилар. У зотнинг олдиларига турли жойлардан араб элчилари келиб турарди. У зот оғирлашиб қолардилар. Мен муолажа қилардим. (тибни билишим) Шу туфайли” дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадислар умумий тарзда даволаниш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари, тутган йўллари эканини эканини ифодалайди. У зот алайҳиссаломга беморлик етса, Қуръон ва дуолар ўқиб ўзларига дам солиш билан бирга шифонинг зоҳирий сабабларини ҳам қилганлар.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқаларни даволаганлари ёки дори ичишни тавсия қилганлари:
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қаттиқ касал бўлиб қолган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Қўлларини кўкрагим орасига қўйган эдилар, юрагимда уни муздек (тафтини) ҳис қилдим. Шунда менга:“Сен юраги касал кишисан. Сақиф иниси Ҳорис ибн Калданинг олдига бор. У табиблик қиладиган киши. Унгабуюргин, Мадина ажваси[1]дан етти дона қурутилганини олиб, данаги билан уриб (майдалаб) сўнгра уни суртсин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбнинг олдига табибни жўнатдилар. Табиб унинг томирини кесиб, сўнг уни куйдирди (Имом Муслим ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умму Салама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳижома қилдириш учун рухсат сўрадилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Абу Тийбага уни ҳижома қилиб қўйишини буюрдилар”. (Ровий) Айтади: “Ўйлашимча, у Умму Саламанинг эмикдош инилари ёки балоғатга етмаган бола бўлган”(Имом Муслим ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иситма жаҳаннам(иссиқлари)дан чиқувчидир. Уни сув билан совутинглар”,деганлар (Имом Муслим ривояти).
Мазкур ҳадислар қалблар табиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини руҳий тарбия қилиш билан чекланиб қолмай, уларнинг таналаридаги дардларини ҳам даволаганлари ва зарур тавсияларни берганларини кўрсатади. Яна бошқа кўплаб ҳадиси шарифларда турли ҳолатларда бир неча саҳобалар у зотнинг ҳузурларида дарларига шифо топганлари баён қилинган.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан
[1]Мадинадаги меваси юмшоқ сифатли хурмо дарахти.