Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Сув ўрнига нам салфетка ишлатиш

17.10.2024   2888   1 min.
Сув ўрнига нам салфетка ишлатиш

Cавол: Ҳожатдан кейин авратни сув билан эмас, нам салфетка билан поклаш мумкинми? Буни узоқ масофага катта юк машиналарда юрадиган дўстим сўраган эди.
 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Нажосат чиққан жойидан атрофига ёйилмаган бўлса, қоғоз, тош каби нарсалар билан тозаланиш мумкин. Агар дирҳам (катта танга) миқдоридан кўп ёйилган бўлса, сув каби суюқлик билан поклаш лозим бўлади. Чунки бундай ҳолатда  баданга нажосат теккан ҳукмида бўлиб, уни фақат ювиш билан кетказилади.

ثم الاستنجاء بالأحجار إنما يجوز إذا اقتصرت النجاسة على موضع الحدث فأما إذا تعدت موضعها بأن جاوزت الشرج أجمعوا على أن ما جاوز موضع الشرج من النجاسة إذا كانت أكثر من قدر الدرهم يفترض غسلها بالماء ولا يكفيها الإزالة بالأحجار

“Тош билан истинжо қилишнинг ўзи билан кифояланиш ахлат ёки бавл чиққан жойидан ташқарига ёйилмаган ҳолатда жоиз бўлади. Агар ахлат ёки бавл нажосат ўрнидан атрофига дирҳам миқдоридан кўп ёйилса, сув билан ювиш фарз бўлади. Тош билан кетказиш кифоя қилмайди (“Фатовои Оламгирия” китоби).

Суюқликдан бошқа барча нарсалар, ҳатто у нам нарса бўлсин, тош билан бир хил ҳукмда бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Агар закотни бермасалар

27.11.2024   797   3 min.
Агар закотни бермасалар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Тобароний, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади», деганлар.

Камбағалларнинг ҳаққини поймол қилган ҳар қандай жамият ана шу офатга лойиқдир. Оч-наҳор юрган кишиларнинг ҳаққини бермаган бойларнинг ўзлари ҳам қаҳатчиликка учраб, ноилож ҳолга тушишлари, оч-наҳор қолишлари мумкин. Ҳозирги кунда баъзи юртларда очарчилик-қаҳатчилик бўлиб тургани ҳам бежиз эмас. Ана шу юртларда бўлаётган қаҳатчилик бошқаларга сабоқ бўлиши лозим.

Имом Ибн Можа, Байҳақий, Баззор ва Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Молларининг закотини бермасалар, албатта, осмондан ёмғир ёғмас», деганлар.

Демак, баъзи юртларда бўлиб турган қурғоқчиликлар ҳам бежиз эмас. Бу ҳодисалар ҳам бева-бечора, камбағал-мискинларнинг ҳаққини поймол қилган жамиятларда юзага келади.

Имом Бухорий, Имом Шофеъий, Имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси молга садақа-закот аралашган бўлса, албатта, уни бузади», деганлар. Яъни, закотини бермаса ҳам, бой бўла туриб, закот олиб, молига қўшиб олса ҳам ўша закот молнинг ҳаммаси қирилиб кетишига сабаб бўлар экан.

Моллари тез-тез ҳалокатга учраётган кишиларни кўрганимизда бу иш бекорга бўлмаётганини ўйлаб, хулоса чиқаришимиз ҳамда молимиз нисобга етиши билан дарҳол закотини бермоғимиз керак.

Яна шуни унутмаслик керакки, закотни бермайдиганларга шариатимиз томонидан белгиланган жазо ҳам бор. Бу жазо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида ўз аксини топган.

Имом Насаий, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Муовия ибн Хайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким у(закот)ни ажр тилаб берса, унга ажр бор. Ким уни ман қилса, албатта, биз ҳам унинг молининг ярмини оламиз. Бу Роббимизнинг азиматларидан биридир. Оли Муҳаммадга ундан бирор нарса ҳалол бўлмас», деганлар.

Хулоса шуки, мусулмон киши молининг закотини ажру савобдан умидвор бўлиб, бериши керак. Закотини бермаган одамнинг закоти ва унга қўшимча равишда молининг ярми ҳам исломий ҳукумат томонидан олиниб, закотга ҳақдорларга тарқатилади. Закот ёки у сабабли олинган мол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига ҳалол бўлмайди. Шунингдек, закот олишга ҳаққи йўқ бўлган бой кишиларга ҳам ҳалол бўлмайди. Бу мол фақир-фуқаро, бечора камбағалларникидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар