Cавол: Ҳожатдан кейин авратни сув билан эмас, нам салфетка билан поклаш мумкинми? Буни узоқ масофага катта юк машиналарда юрадиган дўстим сўраган эди.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Нажосат чиққан жойидан атрофига ёйилмаган бўлса, қоғоз, тош каби нарсалар билан тозаланиш мумкин. Агар дирҳам (катта танга) миқдоридан кўп ёйилган бўлса, сув каби суюқлик билан поклаш лозим бўлади. Чунки бундай ҳолатда баданга нажосат теккан ҳукмида бўлиб, уни фақат ювиш билан кетказилади.
ثم الاستنجاء بالأحجار إنما يجوز إذا اقتصرت النجاسة على موضع الحدث فأما إذا تعدت موضعها بأن جاوزت الشرج أجمعوا على أن ما جاوز موضع الشرج من النجاسة إذا كانت أكثر من قدر الدرهم يفترض غسلها بالماء ولا يكفيها الإزالة بالأحجار
“Тош билан истинжо қилишнинг ўзи билан кифояланиш ахлат ёки бавл чиққан жойидан ташқарига ёйилмаган ҳолатда жоиз бўлади. Агар ахлат ёки бавл нажосат ўрнидан атрофига дирҳам миқдоридан кўп ёйилса, сув билан ювиш фарз бўлади. Тош билан кетказиш кифоя қилмайди” (“Фатовои Оламгирия” китоби).
Суюқликдан бошқа барча нарсалар, ҳатто у нам нарса бўлсин, тош билан бир хил ҳукмда бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Юртимиз азалдан ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Мустақиллик шарофати ўлароқ диний ва миллий қадриятларимиз тўлалигича тикланди, улуғ аждодларимизнинг хотираларига муносиб эҳтиром кўрсатилди, улар қолдирган диний-илмий ва маънавий-маърифий меросни ўрганиш учун имкониятлар яратилди.
Мусулмон ренессанси, яъни илмий-маърифий уйғониш даврига асос солган улуғ аждодларимиз томонидан яратилган ва бугунги кунда ҳам маърифатли дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий меросини ўрганиш, илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, улар яратган илмий йўналишлар ва мактаблар анъаналарини давом эттириш бугунги авлод олдида турган долзарб вазифалар сирасига киради.
Буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, уларнинг инсонпарварлик, адолат ва маърифатпарварлик ғояларини замонавий жамият ҳаётига татбиқ этиш давлатимизнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда бугун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Бурҳониддин Марғиноний илмий меросининг замонавий ислом маърифатидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ташаббуси билан Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Мотуридидй халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов, Афғонистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдул Ғаффор Теравий, делегация раҳбари, Таржима маркази раҳбари Шайхулҳадис Азизуллоҳ Шинворий, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков кириш сўзи билан очиб беришди.
Конференцияда Ўзбекистон билан бир Афғонистоннинг нуфузли илмий ва диний-маърифий муассасаларидан етакчи олимлар, исломшунослар, фиқҳ мутахассислари ва тадқиқотчилар иштирок этди. Хусусан, афғонистонлик олимларнинг иштироки тарихан муштарак илмий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳанафийлик мактабининг минтақавий тараққиётига оид тажриба ва илмий ёндашувлар алмашинувини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Тадбир давомида “Аллома Марғиноний “ал-Ҳидоя” асарининг баъзи тавсифлари”, “Имом Марғиноний ғоялари ва Янги Ўзбекистонда ислом маърифатини ривожлантириш сиёсатининг уйғунлиги”, “Марғиноний асарларида адолат ва инсоф тамойиллари: ижтимоий барқарорликнинг асоси”, “Ўзбекистонда Имом Марғиноний илмий меросини ўрганиш ва унинг халқаро даражада тарғиб қилиш тажрибалари”, “Ҳидоя” асаридаги бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларининг радикаллашувга қарши курашдаги ўрни”, ъҲидоя” асарининг таркибий тузилиши ва ёзилиш услуби” каби мавзулардаги маърузалар тингланди.
Мазкур халқаро илмий-амалий анжуман аждодларимиз меросини чуқур англаш, минтақавий илмий ҳамкорликни ривожлантириш, ислом маърифатини кенг тарғиб этиш ҳамда халқлар ўртасида маданий-маънавий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.