Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент ва Хива шаҳарларида ўтказилган «Ислом – тинчлик ва эзгулик дини» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция унинг иштирокчиларида катта таассурот уйғотди. Бу жиҳатлар хориждан келган иштирокчиларнинг фикрларида ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда.
Аҳмад Ол Қосимий, “HEDAYAH” зўравон экстремизмга қарши кураш бўйича халқаро маркази раиси ижрочи директори (Бирлашган Араб Амирликлари):
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига ушбу муҳим анжуманни ташкил этгани учун тузилмамиз номидан самимий миннатдорлигимни билдираман.
Анжуман доирасида Дин ишлари қўмитаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиб олдик. Сўнгги йилларда марказимиз ва Ўзбекистондаги диний соҳага оид илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланди.
Бугунги таҳликали даврда динни нотўғри талқин қилиш оқибатида кўплаб зиддиятлар содир бўлаётгани ачинарли, албатта. Шахсан мен бунинг сабабини илмсизликда ва динни тўғри англамасликда, деб биламан. Ёшларни бундай таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг бир қанча йўллари мавжуд ва уларнинг аввалида илм ва яна илм туради.
Ўзбекистондек буюк алломаларга Ватан бўлган юртда бўлиб ўтган ушбу анжуман ислом маърифатини теранроқ англашга ёрдам беради.
Шу маънода, ушбу конференцияни эзгулик анжумани, деб аташ мумкин.
Н.Усмонова, ЎзА
Бир куни Умар розияллоҳу анҳу масжидга чиқдилар, у ерда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида йиғлаб турган ҳолда кўрдилар.
Умар разияллоҳу анҳу ундан: "Эй Муоз, нима учун йиғлаяпсан?" деб сўрадилар.
Шунда Муоз розияллоҳу анҳу жавоб бердилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бир ҳадис туфайли йиғлаяпман. У зот алайҳиссалом айтган эдилар: "Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир. Кимки Аллоҳнинг дўстларига душманлик қилса, билиб қўйсинки, у Аллоҳга қарши уруш очибди. Албатта, Аллоҳ таоло аброр, тақводор, ўзини пинҳон тутадиган бандаларни яхши кўради. Улар шундай кишиларки, йўқликларида, ҳеч ким уларни ахтармайди, ҳозир бўлганларида ҳам ҳеч ким уларни танимайди. Уларнинг қалблари ҳидоят чироғларидир. Улар ҳар қандай қоронғу ва ғуборлик ҳолатдан йўл топиб чиқа оладилар".
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ