Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб сўради:
- Эй Аллоҳнинг Расули, қайси садақанинг савоби кўп?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: - Сен соғлом ва очкўз ҳолингда, фақирликдан қўрқиб, бойликни умид қилиб туриб берган садақангнинг савоби кўпдир. Жонинг ҳалқумингга келгунича кечиктириб, кейин: «Бу фалончига, бу пистончига» деб юрма! Ўшанда сен айтмасанг-да, фалончиники бўлган бўлади!
Инсон соғлом пайтида ибодатга тўйиб олиши лозим. Кун келиб, ибодат қила олмай қолиши мумкин.
Куч борида саждалардан лаззатланинг. Ҳали ажин тушмаган пешанангизни ерга қўйинг. Кун келиб, курсига ўтириб, сажда қилишга кучингиз етмай қолиши мумкин. Тўғри, Аллоҳ стулга ўтириб қилган саждангизни ҳам қабул этади. Эҳтимол, ўшанда сизнинг қалбингиз билан қилган саждангиз бошқаларнинг пешанаси билан қилган саждадан афзал бўлар. Аммо Аллоҳ таоло бандасининг офиятда турганида, соғ-саломат юрганида қилган саждасини яхши кўради. Беморлик инсонни синдириб қўяди. У инсонни Аллоҳга яқинлаштиради. Бу инсоннинг фитрати. Аммо соғлом ва кучли инсон саждага бош урганида худди Роббига: «Мана, бу бошнинг ташвишлари кўп бўлса-да, Сенга сажда қилди. Бу қалбнинг чалғитувчи нарсалари кўп бўлса-да, Сенга хушуъ қилди!» дегандек бўлади.
Куч борида ҳаж қилиб лаззатланинг. Бошқа бир киши сизни ногиронлар аравачасига солиб айлантирмасидан олдин ўз оёғингиз билан Каъбани тавоф этинг. Сафо ва Марва орасида саъй қилинг. Ҳожар онамиз қадамларини тезлатган жойда қадамингизни тезлатинг. Тош отишда бошқаларни вакил қилишдан олдин ўз қўлингиз билан шайтонга тош отинг!
Тўғри, Аллоҳ таоло бандасининг қудрати етганича қилган ибодатларини қабул этаверади. Эҳтимол, аравачада киши кучли умид ва хавф билан тавоф қилар. Аммо белида қувват борида қилган ибодатга ҳеч нарса тенг кела олмайди!
Кучли пайтингизда тўйиб-тўйиб рўза тутиб олинг. Умр ўтиб кетиб қолмасидан, рўза учун Фидя бериб юришдан олдин, соғлом ҳолатда рўза тутишни орзу қилишдан, қон босими, қандли диабет, ошқозон яраси сизни безовта қилмасидан олдин рўзадан лаззатланинг. Тўғри, Аллоҳ таоло бандасига раҳмати ўлароқ унинг фидя ва каффоратларини қабул қилар, эҳтимол. Аммо ибодатлардан тўйиб олмасидан олдин ибодатни кўнгилдагидек адо қила олмаслик жуда ҳам аламли! Агар, қариялар каффоратини беришади-да, кейин маза қилиб юришади, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Аллоҳга қасамки, беморлик ва қарилик туфайли рўза тута олмасдан каффорат ва фидя бериб юрадиган беморлар қалбида ёриқ бор!
Имкониятли эканингизда садақадан лаззатланинг. Рўзғорга ишлатаман десангиз, мингта маош ҳам етмайди. Турмушнинг талаблари кўп. Уни тўла-тўкис қилиб бўлмайди. Ҳамма нарса кетади, аммо садақа қолади. Озгина бўлса-да, маошингиздан садақа чиқаришга одатланинг. «Электр пули», «телефон пули» ва «дўкондаги қарзга» деганга ўхшаш «садақага ажратилган пул» деб номланган пулингиз ҳам бўлсин!
Мол жамловчи бўлманг. Барибир уни меросхўрлар олади. Сиз эса ҳисоб берасиз. Ожиз бўлиб, қариб тўшакда михланиб қолишни кутиб ўтирманг. Бу пайтда сизга мол керак бўлмайди. Бу пайтда «Фалончига», «пистончига» дейишнинг фойдаси йўқ. Айтмасангиз ҳам уларни бўлади. Тўғри, Аллоҳ таоло садақани қанақанги ҳолда берсангиз ҳам, қабул қилаверади. Аммо молни ишлатишга имкони ва ўрни бўлганда садақа қилиш билан молни ишлатишга қодир бўла олмай қолганида садақа қилишнинг фарқи бор!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
МУАММО
Олимларнинг фикрича адоват ёки кек сақлаб юриш инсон саломатлиги учун зарарли бўлиб, юрак-қон томир ва иммун тизимининг бузилишига, бош ҳамда бўғимлар оғриғига олиб келади. Бундан ташқари инсонда депрессия, хавотир, жиззакилик каби муаммоларни келтириб чиқарар экан.
ТАДҚИҚОТ
Доктор Майкл Берри ўзининг “Саратонни даволаш” номли китобида бундай ёзади: “Дарҳақиқат, кечиримли ва саховатли бўлиш инсон саломатлигига ижобий таъсир қилади. Илмий тадқиқотларда, асабий таранглик, гина-адоват сақлашлик овқат ҳазм қилиш ва қон айланиш тизимига салбий қилиши ва бу – саратон касаллигини келтириб чиқариши аниқланган”.
НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Психологлар бундай ҳолатдан чиқиб кетишнинг йўли инсон кечиримли бўлишга ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлашади. Кечиримли бўлиш инсонлар ўртасидаги яхши муносабатларни таъминлашга ҳамда уни мустаҳкамлашга кўмак беради.
Аммо айримлар кечиримли бўлиш қўлидан келмаслигидан шикоят қилади. Тўғри, кечиримли бўлиш анча қийин иш бўлсада, аммо уни ўзлаштириш мумкин.
Кечиримлик инсонга руҳий енгиллик беради, бандани ич-ичидан кемираётган иллатлар: хафагарчилик, нафрат, адоватга бархам беришга ёрдам беради. Шунинг учун кечиримли бўлишга ҳаракат қилиш инсон саломатлиги учун ниҳоятда фойдалидир.
БИР ОЯТ
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила дафъ қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса худди содиқ дўстдек бўлур. Унга фақат сабр қилганларгина эришур. Унга фақат улуғ насиба эгаси бўлганларгина эришур” (Фуссилат сураси, 34-35-оятлар).
Демак, ёмонлик қилган инсонга яхшилик билан жавоб қайтариш сабрли ва олийжаноб мўминларнинг хулқи экан.
ҲАДИС
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қиёмат бўлганида нидо қилувчи: “Инсонларни кечирувчи кишилар қани? Роббингиз ҳузурига келинг ва ажрингизни олинг”, деб нидо қилади.
ХУЛОСА
Демак, бақириб ёки жиззакилик қилиб, асабийлашган инсон бу билан қаршисидаги одамга зулм ўтказаётганини эмас, энг аввало ўз саломатлигига путур етказаётганини унутмасин! Бу гўёки заҳар ичган одам унинг таъсири бошқа инсонга етишини кутишга ўхшайди...
Даврон НУРМУҲАММАД