Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Илк ваҳий келган вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрқиб кетганлари боис онамиз Хадича разияллоҳу анҳо амакиси Варақа ибн Навфал олдига бориб, вазиятни тушунтирадилар. Анча ёшга кириб қолган Варақа: “Сенга қавминг душманлик қилиб, юртингдан чиқарган вақтда, қанийди мен ҳам бўлсам эди, сенга ёрдам берган бўлардим!”, дейди – Имом Бухорий ривояти.
Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Агар унда яхшилик бўлса, имконсиз нарсани хоҳлаш, орзу қилиш мумкинлигига бу ҳадис далилдир. Варақа яна ёш йигит бўлишни хоҳлади, лекин бу имконсиз нарса, яъни инсон умри давомида бир марта ёшлик даврида яшайди” – “Фатҳул Борий”, 1/26.
Маълумки, инсонда истаклар мавжуд. Баъзан вақт, умр каби ортга қайтмайдиган жиҳатларни орзу қилади. Болаликка қайтгиси ёки бошқа ҳудудларга кетгиси келади. Мана шундай вазиятларда ният қилаётган нарсаси яхшилик, хайрли бўлса, уни орзу ва ният қилса бўлади. Кўпгина одамлар пайғамбарлар, саҳобалар даврида бўлиб қолсам, фалон-фалон хайрли ишларни қилар эдим, деб ўй суради. Воқеликда уларнинг даврига қайтишнинг иложи йўқ, лекин шундай бўлса-да, Варақа ибн Навфал каби хайрли ният қилса, бунинг ёмон томони йўқ.
Варақа ибн Навфал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба ҳисобланмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Варақани ёмонламанглар! Зеро, тушимда унинг учун тайёрлаб қўйилган бир ёки икки жаннатни кўрдим”, деганлар – Имом Баззор ва Ҳоким ривоятлари. Ҳоким бу ҳадисни имом Бухорий ва Муслимлар шартига кўра саҳиҳ, деган. Манбалардан маълумки, пайғамбарларнинг тушлари ҳам ваҳий ўрнидадир.
Юқоридаги фикрларга шуни қўшимча қилиш мумкинки, инсон яхши нияти эвазига Аллоҳдан савоб, мукофот олади.
Абу Кабша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “… Бир бандага Аллоҳ бойлик ва илм беради. У Раббига тақво қилади, силаи раҳм қилади ва унда Аллоҳнинг ҳаққини билади. Бу энг афзал даражадир. Яна бир бандага Аллоҳ илм беради, аммо бойлик бермайди. Шунга қарамай унинг нияти тўғри, агар Аллоҳ менга ҳам бойлик берганида фалончининг амалини қилган бўлардим, дейди. У ниятига яраша ажр олади ва у иккисининг савоби бир хил” – Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти.
Ҳадисдан кўриниб турибдики, банда моддий-жисмоний имкони бўлмай туриб, бирор хайрли ишни қилишни истаб ният қилса, эвазига ўша ишни қилгандек савоб олади.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.