Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Сентябр, 2025   |   2 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:54
Қуёш
06:12
Пешин
12:20
Аср
16:30
Шом
18:21
Хуфтон
19:33
Bismillah
24 Сентябр, 2025, 2 Рабиъус сони, 1447
Мақолалар

Идда тугамасдан турмуш қуриш

29.10.2024   20474   2 min.
Идда тугамасдан турмуш қуриш

Cавол: Аёл кишининг эри вафот этса ёки талоқ қилса идда ўтиришини биламиз. Кўпчилик буни ҳомиладорликни аниқлаш учун жорий этилган деб тушунади. Шунинг учун бугунги кунда баъзи аёллар УЗИ аппаратига тушганда ҳомиладорлик аниқланмаса, янги турмуш қуриб кетмоқдалар. Шаръий жиҳатдан идда тугамасидан қилинган ушбу никоҳлари дуруст бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шариатимиз эри вафот этган аёл учун тўрт ойу ўн кун идда ўтиришни белгилаган. Агар у ҳомиладор бўлса, бола туғиши билан иддаси тугайди. Бурҳониддин Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳ “Ҳидоя” китобида қуйидагиларни айтади: “Агар аёл ҳомиладор бўлса унинг иддаси ҳомиласини туққуничадир. Чунки Аллоҳ таоло: “Ҳомиладор аёлларнинг идда муддати ҳомилаларини туққунларигачадир”, деган (Талоқ сураси 4-оят)”. Эри вафот этганда озод аёлнинг иддаси тўрт ой ва ўн кундир. Чунки Аллоҳ таоло: “Сизлардан вафот этиб, хотинларини қолдирган бўлсалар, (бева хотинлари) тўрт ою ўн кун ўзларини кузатиб (идда сақлаб) ўтирадилар”, - деган (Бақара сураси 234-оят)”.

Бироқ, ҳомиладор бўлмаса, айтилганидек, унинг иддаси тўрт ой ва ўн кундир. Идда чиқмасидан турмуш қуриши мутлақо жоиз эмас ва у шаръий жиҳатдан ҳақиқий никоҳ ҳисобланмайди. Чунки, идда ўтиришнинг сабаби фақатгина ҳомилани аниқлаш эмас. Балки, ортда қолган никоҳнинг ва ушбу никоҳда жуфти ҳалол бўлган эрнинг эҳтироми учун ҳам аёл идда ўтиради. Шунинг учун эрлари вафот этган муслима аёллар, агар ҳомиладор бўлсалар болани туғмагунча, ҳомиладор бўлмасалар, эрларининг вафотидан тўрт ойу ўн кун ўтмагунча бошқага турмушга чиқишлари жоиз эмас. Шунингдек, эрлари талоқ қилган аёлларнинг ҳам, агар ҳомиладор бўлсалар болани туғмагунларича, ҳомиладор бўлмасалар тўлиқ уч ҳайз кўрмагунларича иддалари тугамайди. Ҳайз кўрмайдиган аёллар эса уч ой идда ўтирадилар.  Ушбу муддат ичида уларнинг бошқа никоҳ қуришлари жоиз бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мавзуга оид мақола:
Идда сақламаслик саратонга сабаб бўлади

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺ "Сизларнинг яхшиларингиз" деган инсонларнинг 7 тоифаси

18.10.2024   6582   1 min.
Расулуллоҳ ﷺ

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизнинг энг яхшиларингиз – Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизнинг яхшиларингиз – аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларингиздир”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизнинг яхшиларингиз – умри узун ва амали гўзал бўлганингиздир”, дедилар (Имом Аҳмад, Имом Ибн Ҳиббон, Имом Байҳақий ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизнинг яхшиларингиз – яхшилигидан умид қилинувчи ва ёмонлигидан омонда бўлинувчингиздир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизнинг яхшиларингиз (одамларга) таом берадиган ва саломга алик оладиганингиздир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир", дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизнинг энг яхшиларингиз ахлоқи яхшиларингиздир", (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). 

Даврон НУРМУҲАММАД