Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Дарахтлар ҳар хил бўлади. Соя берадиган дарахтнинг соясидан, мевали дарахтнинг мевасидан истеъфода этамиз. Умуман айтганда, дарахтлар Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматларидандир.
Бу дунёда инсон сахийлик дарахтининг шохидан ушласа, у шох уни жаннатга йўллайди. Аммо инсон бахиллик дарахтининг шохини ушласа, у шох уни дўзахга элтади. Бу ҳақда жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Сахийлик жаннатдаги бир дарахтдир, унинг шохлари дунёга тушиб туради. Ким унинг бирорта шохини тутса, у шох уни жаннатга йўллайди. Бахиллик ҳам дўзахдаги бир дарахтдир. Унинг шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан тутса, у шох уни дўзахга элтади”.
Шу сабабли бу дунёда инсоннинг қисмати унинг қайси дарахтнинг шохини ушлашига боғлиқ. Агар инсон ҳаётлик даврида сахий дарахтининг шохларидан ушласа, у икки дунё яхшилигини ушлаган бўлади. Аллоҳнинг розилигида сахий киши чин кўнгилдан яримта хурмони бўлса ҳам муҳтожларга берса, унинг бу ҳиммати катта ажру-савобларга сабаб бўлади. Бу ҳақда шоир бундай ёзади:
Оч қолган гўдакка саховатли зот,
Яримта хурмони дилдан илинди,
Билгилки, бу ҳиммат шу зум, шу заҳот,
Бус-бутун савоб деб қабул қилинди.
Мабодо инсон бахиллик дарахтининг шохларидан ушласа, у дунё ва охират яхшилигидан бебаҳра қолади. Шунинг учун ҳам халқимиз бекорга “Бахилнинг боғи кўкармас” деб бекорга айтмайди.
Аллоҳ таоло барчамизни бахиллик дарахт шохларидан ушлашдан асраб, сахийлик дарахтининг шохларидан ушлашни насиб этсин!
Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига еткарсин!
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
ЎМИнинг Қашқадарё вилояти
вакиллиги ходими Руҳиддин Акбаров
#ҳаж
64-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Мен пиёда ҳаж қилмоқчиман, шу масалага динимизда нима дейилади?
ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Пиёда ҳаж қилиш тўғрисида мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ макруҳ, деганлар. Чунки пиёда ҳаж қилишда сафар машаққати одамнинг хулқига салбий таъсир кўрсатиб, киши феълини тажанг қилиб қўяди. “Мажмаъул анҳур” китобида: “Уловда ҳаж қилиш пиёда ҳаж қилишдан афзалдир ва фатво ҳам шунгадир”, дейилади.
Ҳозирги кунда ватандошларимизнинг хавфсизлиги ва қулайлигини ҳисобга олиб, фақат уюшган ҳолда ва ҳаво йули орқали ҳаж сафари қилинади. Ҳар бир ҳожининг хавфсизлиги, соғлиги ва ибодатларни тўлиқ бажариши махсус ишчи гуруҳ диққат-эътиборида бўлади.
Демак, якка тартибда пиёда ва автомобилларда ҳаж сафари қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки пиёда сафар қилинганда бир нечта хорижий давлатлар чегаралари кесиб ўтилади ва йўлнинг хавфсизлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Ҳукуматимиз томонидан барча қулайликлар яратилиб турганда бир пайтда, жонимизни хавфга қўйиб, пиёда ҳаж қиламан, дейиш маъқул эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar