Шу йил 6 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида "Долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар" мавзусида республика илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси мутасадди вакиллари, Фатво маркази ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг илмий ходимлари, олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланган тадбирни Тошкент ислом институти Ўқув ишлари бўйича проректори Жаҳонгир Рўзиев олиб борди.
Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов тадбирни табрик сўзи билан очиб, кейинги пайтда динимизга оид турли ақидавий ва фиқҳий ихтилофлар юзага чиқаётгани, ёшларни ёт ғоялардан асраш зарурати, олим ва тадқиқотчиларнинг фаолиятини жадаллаштириш анжуманнинг асосий мақсадларидан эканини қайд этди.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков эътиборли олим ва тадқиқотчиларни бирлаштирган анжуман билан иштирокчиларни қутлаб, бугунги глабаллашув даврида қадрият ва маданиятлар бирлашиб кетаётгани, шу боис уламолар динимиз софлигини асрашга жидду жаҳд қилишлари лозимлигини таъкидлаш баробарида замонавий дунёда фатво бериш масаласида илмий маъруза қилди.
Шунингдек, сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун домла Ғафуров анжуман ишига муваффақият тилаш асносида унинг мавзуси нақадар долзарблиги, халқаро ва республика анжуманларини фаол ўтказиб келаётган Тошкент ислом институтининг илмий салоҳияти тобора ортиб бораётганини баён этишди.
Илмий-амалий анжуман давомида олим ва тадқиқотчилар “Калом илми ва ақидавий масалаларга оид замонавий илмий тадқиқотлардаги ёндашувлар”, “Соғлом эътиқоднинг жамият тараққиётидаги ўрни”, “Ақидага оид оят ва ҳадисларни тўғри талқин қилишнинг аҳамияти”, “Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг адашган оқимларга раддиялари”, “Мотуридия таълимотининг асослари ва хусусиятлари”, Замонавий фиқҳий масалалар бўйича фатволар ва уларнинг таҳлили” каби мавзулар бўйича маъруза қилиш билан бирга айни масалаларнинг ечими борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Анжуман якунида бугунги кундаги долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалаларга оид муаммоларни таҳлил этиш баробарида уларнинг ечими бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўтган солиҳлардан қоида ва мерос бўлган сўз бор:
من رام العلم جملة ذهب عنه جملة
."Кимки илмнинг ҳаммасини бирданига ўрганишни истаса, илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади"
Оз вақтда илмнинг ҳаммасини ўрганиб оламан, дея хомтама бўлган талаба, илмнинг ҳаммасидан бебаҳра қолади. Ҳеч нарсага эришмайди.
Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида нозил бўлган...
Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ "Ҳидоя" асарини 13 йил мобайнида рўзадор ҳолда ёзганлар...
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "Саҳиҳул Бухорий"ни 16 йилда, таҳорат олган ҳолда ва икки ракат нафл намоз ўқиб, ёзганлар...
Илм китоблари ҳарфма-ҳарф ва калима-калима изоҳлаб ўрганилади. Игна билан қудуқ қазишга сабр-тоқат, олий ҳиммат, интизом ва узоқ вақт зарур. Шошқалоқлик ва пухталик бир-бирига зид – ҳеч қачон жамланмайди.
Муҳтарам толиби илм! Илмнинг боши сабрдир: китобга сабр қиласиз, устозга сабр қиласиз, яшаётган шаҳрингизга сабр қиласиз, ҳамдарсларингизга сабр қиласиз ва ҳоказо.
Илм олиш лаззатига эришгач, сабр мақомидан розилик ва муҳаббат мақомига ўтиб олгач ҳаётингиз мазмуни китоб ва устозлар суҳбатига айланади.