Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аҳқоф сурасининг охиридаги оятда:
(فَاصْبِرْ كَمَا صَبَرَ أُولُو الْعَزْمِ مِنَ الرُّسُلِ وَلَا تَسْتَعْجِلْ لَهُمْ)
"Бас, эй Муҳаммад, Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг ва уларга тушадиган азобни қистаманг!", деб Аллоҳ ўз пайғамбарига алоҳида бир ахлоқда, яъни сабрда, олдинги пайғамбарлардан ўрнак олишни буюрган. Бу билан сабрнинг улуғ мақомига ишора қилиб, унинг зарурлиги ва нафс учун қийин эканлигини таъкидлайди.
Тур сурасида эса Аллоҳ бундай дейди:
(وَاصْبِرْ لِحُكْمِ رَبِّكَ فَإِنَّكَ بِأَعْيُنِنَا وَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ حِينَ تَقُومُ)
"Эй Муҳаммад, Сиз Роббингизнинг ҳукмига сабр қилинг! Зотан, Сиз Бизнинг кўз ўнгимиздадирсиз. Тонгда турган пайтингизда Роббингизга ҳамд билан тасбиҳ айтинг!". Бу қисқа оятда пайғамбар алайҳиссаломни тарбиялаш, кучайтириш, тасалли бериш ва уни рози қилишнинг бир неча жиҳатлари бор.
У зоти муборак Парвардигорининг ҳукмига сабр қилишга амр этилди. Унинг ҳукми фақат адолат ва ҳақиқатдир. У – энг одил ва энг яхши ҳукмдордир.
Бу оятда яна бир ҳикмат шундаки, Аллоҳ таоло бундай дейди:
(فَإِنَّكَ بِأَعْيُنِنَا)
“Сен бизнинг кўз ўнгимиздасан”. Кимки Аллоҳнинг назарида ва нигоҳида бўлса, у йўқолмас ва енгилмас. Мусога ҳам шундай дейилган:
(وَلِتُصْنَعَ عَلَى عَيْنِي)
"Менинг кўз ўнгимда бўлишинг учун", аммо бу ерда кўз “айн” сўзи кўпликда келган – (أَعْيُنِنَا), яъни Аллоҳнинг марҳамат ва муҳаббатида мустаҳкам ва бардавомликни кўрсатади.
Оятда учинчи амр –
(وَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ)
"Роббингизга ҳамд билан тасбиҳ айтинг", яъни Парвардигорни улуғлаб тасбеҳ айтишдир. Сабр қилиш буйруғи кетидан тасбеҳ буйруғи келган. Бунга сабаб шундаки, тасбеҳ одамга маънавий куч бағишлаб, сабрнинг аччиқлигини ширин қилади ва кўнгилнинг торлигини кенгайтиради. Бу каби ҳолатда Аллоҳ бундай дейди:
(وَلَقَدْ نَعْلَمُ أَنَّكَ يَضِيقُ صَدْرُكَ بِمَا يَقُولُونَ فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَكُنْ مِنَ السَّاجِدِينَ وَاعْبُدْ رَبَّكَ حَتَّى يَأْتِيَكَ الْيَقِينُ)
"Шаксиз, Биз уларнинг сизни масхаралаб айтаётган сўзларидан юрагингиз сиқилаётганини билиб турибмиз. Бас, Сиз Раббингизга ҳамд билан Унга тасбиҳ айтинг ва сажда қилувчилардан бўлинг! Сизга аниқ нарса (ўлим) келгунига қадар Роббингизга ибодат қилинг!".
Шунингдек, бу ерда “Аллоҳга ҳамд билан тасбеҳ айтиш” қуйидаги икки муҳим маънони қамраб олган.
Биринчи маъно: Аллоҳни, улуғлаб тасбеҳ айтиб, Унинг бирор нарсани беҳуда ёки ўз камолоти ва ҳикматига мос бўлмаган ҳолда қилмаслигини англашдир. Аҳир У меҳрибон, билимдон ва ҳикматли зот эмасми?! Агар Аллоҳ айрим танланган бандаларини синовга солса, бунинг донолик билан боғлиқ бир сабаби бор. Улар буни билмасалар ҳам, Аллоҳ билур.
Иккинчи маъно: Ҳар бир мусибатда Аллоҳнинг инъомлари бор. Ҳар бир офатда бир неъмат бор. Бу неъматларни эслаб шукур қилиш керак. Шунинг учун тасбеҳ “ҳамд” билан бирга келган.
Бу ерда “Робб” калимаси “к” (сенинг)олмоши қўшимчаси билан келган, яъни У пайғамбарга мурожаат қилмоқда, бу ҳам улуғ бир тарбия, ғамхўрлик ва яқинлик ҳиссини уйғотиб, ишончни мустаҳкамлаб, ғамни кетказади ва кўнгилни кенгайтиради.
Юсуф Қаразовийнинг "Сабр китоби"дан Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ таржимаси
Жаҳонгир Ниғматов
Тошкент ислом институти талабаси