Фарғона вилояти вакиллигида 2023-2024 ўқув йилида диний таълим муассасаларини тамомлаб, соҳада фаолият бошлаган ёш ходимлар иштирокида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, бош имом-хатиб ўринбосари Алишер домла Наимов, Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Низомов ва бошқа мутасаддилар қатнашди.
Семинарда ёш имомлар билан самимий мулоқот қилиниб, уларнинг фаолияти, амалга ошираётган ишлари ўрганилди ҳамда келгусидаги мақсадлари билан танишилди. Маърузачи устозлар имомлик шарафи ва масъулияти, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, ёшларга берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида сўзлаш билан бир қаторда ҳаётий тажриба ва малакалари билан ҳам ўртоқлашдилар.
Аждодларимиз азалдан Аҳли сунна вал-жамоа ақидаси, Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий таълимотларига амал қилиб келганликлари, давримизда эса миллатни ушбу йўлдан оғдиришга бўлаётган уринишларнинг ортиши ва уларнинг салбий оқибатлари хусусида "Динимизда мазҳабларнинг ўрни ва аҳамияти" мавзусидаги маърузада тўхталинди. Уламоларнинг йўллари, илмий ва ҳаётий мисоллар билан семинар янада манфаатли ўтди.
Семинар давомида Марғилон шаҳридаги "Бурҳониддин Марғилоний" ёдгорлик мажмуасига сафар ташкилланиб, давлат раҳбари ташаббуслари билан мазкур мажмуа устида катта ислоҳот бошлангани эътироф этилди.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.
Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати