Бир аёл Қуръони каримни тиловат қилар, ёнида турмуш ўртоғи эса жим тингларди. Шунда аёл Нисо сурасидаги бир нечта аёлларга уйланиш ҳақидаги оятга келганда овозини пасайтириб ўқий бошлади. Буни кўрган эри кулиб: “Сен менинг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи аёлимсан”, деб эркалади.
Бугун айримларимиз аёлимизга яхши муомала қилишни унутиб қўймоқдамиз. У эса бизни, фарзандларимизни, қолаверса, ота-онамиз, ака-укаларимиз бўладими, ҳамма яқинларимизнинг кўнглини олишга ҳаракат қилади. Доим оилага ғамхўрлик қилиш билан банд.
Шундай экан аёлимизнинг қадрига етайлик, имкон қадар кўнглини олайлик. Аёлга қандай муомала қилишда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига боқайлик.
Зеро, ҳадиси шарифларда: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, дея марҳамат қилинган (Имом Термизий ривояти).
Акбаршоҳ Расулов
Наманганда «Инсон қадри» китоби тақдимоти ва соҳа ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Наманган шаҳридаги тақдимот маросимида Мусохон домла Аббосиддинов ва бошқа мутасаддилар иштирок этиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг янги асари мазмун-моҳиятини таҳлил қилдилар. Сўзга чиққанлар китоб жамиятда меҳр-оқибат ва одоб-ахлоқ туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим дастуриламал бўлишини таъкидладилар.
Шунингдек, тадбир доирасида вилоят ва туман бош имом-хатиблари учун янги дизайндаги махсус либослар тақдим этилди.
Тадбир якунида йил давомида энг фаол бўлган имом-хатиб ва отинойиларга ташаккурномалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати