Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ ثَوْبَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِي عَلَى الْحَقِّ، ظَاهِرِينَ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ يَخْذُلُهُمْ، حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَمُسْلِمٌ.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимдан бир тоифа ҳақда устун бўлган ҳолларида бардавом бўладилар. Уларни хорламоқчи бўлганлар Аллоҳнинг амри келгунча уларга зарар етказа олмаслар», дедилар». Термизий, Абу Довуд ва Муслим ривоят қилганлар.
Шарҳ: Дунё қанча ўзгарса ҳам, одамлар қанча бузилса ҳам, барибир мусулмон умматидан бир тоифа Қиёмат қойим бўлгунича ҳақда собит туради. Уларга бошқаларнинг душманлик қилиши, уларни хорлаши ёки бошқа чора-тадбирлари зарар етказа олмайди. Ўшалардан бири Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар.
زَادَ مُسْلِمٌ: «فَيَنْزِلُ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَيَقُولُ أَمِيرُهُمْ: تَعَالَ صَلِّ لَنَا، فَيَقُولُ: لَا، إِنَّ بَعْضَكُمْ عَلَى بَعْضٍ أُمَرَاءُ، تَكْرِمَةَ اللهِ هَذِهِ الْأُمَّةَ».
Имом Муслим:
«Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи васаллам тушганида уларнинг амири: «Келинг, бизга намоз ўқиб беринг», дейди. Шунда у зот: «Йўқ. Сизлар бир-бирингизга амирсизлар. Бу – Аллоҳнинг ушбу умматга қилган икромидир», дейди», деб зиёда қилган.
Шарҳ: Мусулмонларнинг ўша пайтдаги амири Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар. Охирзамонда Ийсо алайҳиссалом тушсалар ҳам, ўзларига топширилган ишларни қилсалар ҳам, мусулмонларга намоз ўқиб бериш учун имом бўлмас эканлар, чунки ўша вақтда ҳам мусулмонларнинг орасидан бу ишга салоҳиятлилар бўлар экан.
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّكُمْ مَنْصُورُونَ وَمُصِيبُونَ، وَمَفْتُوحٌ لَكُمْ، فَمَنْ أَدْرَكَ ذَلِكَ مِنْكُمْ فَلْيَتَّقِ اللهَ وَلْيَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَلْيَنْهَ عَنِ الْمُنْكَرِ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ».
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сизлар – нусрат берилган, ҳақни топган, фатҳ берилган умматсиз. Сизлардан ким ўша кунга етишса, амри маъруф, наҳйи мункар қилсин. Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги жойига тайёрланаверсин».
Шарҳ: Мусулмон уммати ичида ҳақда бардавом бўлган тоифага Аллоҳ таоло доимий равишда нусрат беради, уларнинг ишлари тўғри бўлади, ҳидоятдаги имомлар билан бирга бўлганлари учун Аллоҳ таоло уларга фатҳу нусрат ҳам беради. Охирзамонда ўша ҳолга етишган банда амри маъруф ва наҳйи мункар билан машғул бўлиши керак, аммо зинҳор-базинҳор Пайғамбар алайҳиссаломнинг номларидан ёлғон тўқиб гапирмаслиги керак.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا كَانَ أُمَرَاؤُكُمْ خِيَارَكُمْ وَأَغْنِيَاؤُكُمْ سُمَحَاءَكُمْ، وَأُمُورُكُمْ شُورَى بَيْنَكُمْ، فَظَهْرُ الْأَرْضِ خَيْرٌ لَكُمْ مِنْ بَطْنِهَا، وَإِذَا كَانَ أُمَرَاؤُكُمْ شِرَارَكُمْ، وَأَغْنِيَاؤُكُمْ بُخَلَاءَكُمْ، وَأُمُورُكُمْ إِلَى نِسَائِكُمْ، فَبَطْنُ الْأَرْضِ خَيْرٌ لَكُمْ مِنْ ظَهْرِهَا». رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Яхшиларингиз амир бўлса, бойларингиз сахий бўлса, ишларингиз ўзаро машварат бўлса, сизлар учун ернинг усти унинг остидан яхшидир. Ёмонларингиз амир бўлса, бойларингиз бахил бўлса, ишларингиз хотинларингиз қўлига ўтса, сизлар учун ернинг ости унинг устидан яхшидир».
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бундан мусулмон умматида яхши сифатларга эга бўлган кишиларнинг ишбоши бўлишига, бойларнинг сахий бўлишига, ишни машварат асосида олиб боришга аҳамият бериш зарурлиги келиб чиқади.
«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан
#xabar #haj2025
Макка шаҳрида зиёратчилар жойлашган меҳмонхоналарда маърифий суҳбатлар ўтказилиб, улуғ ибодат аҳкомлари ва ҳожилик одоблари ҳақида мавъизалар қилинмоқда. Юртимизда кейинги йилларда ҳаж ва умра сафарларини юқори даражада ташкил этилаётгани, юртдошларимизга ушбу ибодатларини чиройли адо этишлари учун ҳар томонлама қулайлик ва шароитлар ҳозирлашга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Қуръон ва тажвид бўлими мудири шайх Алижон қори Файзулла Махдум ўғли, Фатво маркази директори ўринбосари Ғуломжон домла Холбоев, Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов, Тошкент шаҳар вакили ўринбосари Абдуллоҳ домла Йўлдошев, “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадамин домла Алихонов, “Эшон Бобохон” жоме масжиди имом-хатиби Таваккал домла Кенжаев, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Муҳаммадбобур домла Йўлдошев каби уламолар ҳожиларга суҳбатлар қилиб беришмоқда.
Учрашувларда табаррук шаҳарлар қадр-қиммати, бу ерларда зиёрат ва ибодат қилиш улкан саодат экани, бу улуғ жойларда Расул алайҳиссалом юрганлари, Ислом тарихидаги муҳим воқеалар содир бўлгани, ҳаж улуғ ибодатлиги, бундай шарафга етказгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтиш, ҳар бир зиёратчи ҳақиқий ҳожилик мақомига етишиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб билан ҳаракат қилиш тавсия этилмоқда.
Шунингдек, маърифий суҳбатлар чoғидa, аввало, ниятни тўғри қилиш, дoимo Аллоҳ таолонинг зикpи билан банд бўлиш, иcтиғфоp, дyoлар ва Қypъoни кapимни тилoвaтини кўпайтириш, тилни бeҳyдa cўзлapдaн тийилиш, қўлидaн кeлгaничa oдaмлapгa яxшилик қилиш, қaлбни мaшғyл қилувчи нарсалардaн xoли бўлиш, ўзини камтар тyтиш, зeбy зийнaтгa эътибop беpмacлик сингари ҳаж одобларига амал қилиш ҳажнинг мабрур бўлишига сабаб бўлиши ҳақида шаръий далил ва ҳаётий мисоллар асосида эслатиб ўтилмоқда.
Суҳбатлар ниҳоясида зиёратчилар билан ҳаж ибодатига доир савол-жавоблар ҳам бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати