Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Юсуф алайҳиссалом Мисрга подшоҳ бўлганларидан кейин бир куни қасрдан кўчага қараб турсалар, жулдур кийимдаги нотавон бир йигитга кўзлари тушди. Унинг ҳолатига раҳмлари келиб, қалблари эзилди.
Шу онда Жаброил алайҳиссалом келиб: – Эй Юсуф, сиз бу йигитни танидингизми? – деб сўрадилар.
Юсуф алайҳиссалом: – Йўқ, – дедилар.
Жаброил алайҳиссалом: – Эслайсизми, Миср азизининг хотини сизни ортингиздан қувиб кийимингизни орқадан йиртиб юборганда, Миср азизига гувоҳлик учун бешикда ётган эмизикли болани олиб келишган ва у гўдак сизни беайб эканингизга гувоҳлик берган эди. Шу гўдакнинг гапига кўра Азиз сизни кечирган эди.
Юсуф алайҳиссалом: – Ҳа, албатта эслайман, – дедилар.
Жаброил алайҳиссалом: – Ўша гўдак мана шу йигит бўлади, – дедилар.
Юсуф алайҳиссалом йигитни ҳузурларига чақиртириб келдилар ва унга жуда катта илтифот кўрсатдилар, эгнига янги либослар кийдирдилар.
Буни кузатиб турган Жаброил алайҳиссалом табассум қилдилар.
Жаброилнинг табассум қилганини кўрган Юсуф алайҳиссалом: – Эй Жаброил, нега табассум қиляпсиз? Мен унинг ҳақидан озроқ нарса бердимми? – деб сўрадилар.
Жаброил алайҳиссалом: – Йўқ. Менинг табассум қилишимнинг боиси, Сиз унинг бир мартагина гувоҳлик бергани учун шунча иззат-икром кўрсатдингиз. Аллоҳ таоло Ундан бошқа илоҳ йўқ эканига бир кунда бир неча марта шаҳодат калимасини айтиб гувоҳлик берадиган бандасига қанча иззат-икром кўрсатишини ўйлаб табассум қилдим, – дедилар.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
таржимаси
Савол: Қуръон ўқиётганда фарзандлар шовқин қилиб қолса, уларга жим бўлинглар дейилади-да, кейин яна Қуръон тиловатида давом этиб кетилади. Шунда қайта аъузу ёки бисмиллаҳ айтиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда "Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм"ни айтиб тиловатни давом эттириш мустаҳабдир. Чунки Қуръон тиловати асносида қироатга алоқаси бўлмаган гапларни гапирса, қироатни аъузуни айтиб давом эттиради. Агар Қуръон қироатига алоқадор гапларни гапиргандан кейин қироатни давом эттирса, аъузуни айтмасдан давом этаверади. Бу икки ҳолатда ҳам "бисмиллаҳ" айтилмайди (“Ан-нашр фил қироатил ашр” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.