Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Камтарлик либосининг қиёси йўқ, уни ҳеч нарсага таққослаб бўлмайди. Аллоҳга дуо қилишнинг энг самарали йўли бу – камтарликдир. Имом Аҳмад Рифоий ўзининг китобларидан бирида бундай дейдилар: “Аллоҳга олиб борадиган йўл иккита қадамдан иборатдир. Биринчи қадамда, оёқингизни бўйнингизга қўясиз, иккинчисида эса, Аллоҳ таолога тўғридан-тўғри мурожаат қиласиз. Бўйингга оёқни қўйиш нима дегани? Яъни бу камтар бўлишни англатади. Камтарлик одамлар учун эмас, балки Аллоҳ азза ва жалла учундир.
Яна бошқа олимлардан бири, ҳозир исмлари эсимда йўқ, айтадилар: Аллоҳ таолога олиб борадиган йўлларни кўрдим. Уларнинг аксарияти тирбанд экан. Камтарлик йўлига назар солдим, унинг бўш, очиқ ва қисқа эканини кўрдим. Нима учун?
Агар сиз амалларингиз билан мағрурланиш йўлидан ўтмоқчи бўлсангиз, қанчадан-қанча одамлар ўзларининг амаллари билан мағрурланишининг гувоҳи бўласиз.
Агар сиз Аллоҳ ризолиги учун курашиш, жанг қилиш йўлидан ўтсангиз, ўзингиздан фахрланишни сезасиз. Албатта ҳар бир инсон бундан фахрланиши мумкин. Бундай қиладиганлар кўп.
Агар сиз Аллоҳ розилиги учун мол-дунё, маблағ сарфлаш, эхсон, хайрия қилиш йўлидан ўтмоқчи бўлсангиз. Ё Аллоҳим мен фалон нарсаларни берганман, камбағалларга миллион пул сарфладим дейишингиз мумкин. Бунда ҳам нафс ўзини-ўзи мағрур ҳис қилади ва бундай қиладиганлар ҳам кўп.
Аммо камтарлик йўли билан Аллоҳнинг розилигини излайдиган киши ўзини ожиз ва кучсиз ҳис қилади. Аллоҳнинг ҳақларини, ибодатларини бажаришда ўзининг нуқсон, камчиликларини кўради. Бу ажойиб туйғу, ажойиб. Бу туйғуни ким сезиши мумкин? Қалби кирлардан холи бўлганлар. Улар ўзини ҳеч нарсага, ҳеч нарсага қодир эмасликларини англайдилар. Аммо Аллоҳ таоло улар учун ҳамма нарсани пайдо қилади.
Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий
раҳимаҳуллоҳ маърузаларидан Даврон Нурмуҳаммад таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан