Савол: Эҳромдаги киши баданига атир суртса, жиноят бўлишини биламиз. Кийимига тегса ҳам шундай бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эҳромдаги шахснинг кийимига хушбўйлик тегиб, шу заҳоти ювиб ёки ишқалаб йўқ қилиб юборса, ҳеч қандай жарима вожиб бўлмайди. Агар хушбўй ҳолатда бир кун турса, жонлиқ сўяди. Бир кунга етмасдан ечган, алмаштирган ёки ювиб ташлаган бўлса, ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг пулини садақа қилади. “Иршодус сорий” китобида бундай дейилади:
وإن أصاب الطيب ثوبه فحكه أي أزاله بالحك أو غسله فلا شيء عليه وإن كثر وإن مكث أي دام عليه أي علي ثوبه يوما فعليه دم وإلا فصدقة
“Агар (эҳромдаги шахснинг) кийимига хушбўйлик тегса ва уни ишқаб ташлаб ёки ювиш орқали йўқ қилса, хушбўйлик кўп бўлса ҳам, бирор жарима вожиб бўлмайди. Агар хушбўйлик кийимида бир кун давомида турса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Бир кунга етмаган бўлса, садақа вожиб бўлади”.
Шуни билиш лозимки, бу эҳромга киргандан бошлаб, сочини олиб, эҳромдан чиққунича бўлган вақт оралиғига тегишли. Эҳромда бўлмаган вақтларда бадани ва кийимига хушбўйлик суртишининг зарари йўқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Дунёда бир касаллик бор. Унинг номи "неъматга ўрганиб қолиш"дир.
Бунда неъматларга шу қадар ўрганиб қоласизки, гўё улар неъмат эмасдек.
Уйингизга кирасиз. Аҳлингиз соғ-саломат. Бунинг учун шукр қилмайсиз. Чунки бу неъматга ўрганиб қолгансиз.
Истаган нарсангизни сотиб оласиз. Буни сизга инъом қилган Зотга шукр қилмайсиз. Чунки сотиб олишга ўрганиб қолгансиз.
Уйқудан уйғонасиз. Соғ-саломатсиз. Ҳамд айтмайсиз. Чунки аъзоларингиз шу қадар яхши ишлаяптики, уларнинг ичингизда борлигини ҳатто унутиб юборгансиз.
Энди билдингиз. Ҳамд ҳамроҳингиз бўлсин!
Алҳамдулиллаҳ....
Абдулқодир Полвонов