Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Биз яшаётган дунё ҳаёти битмас-туганмас имтиҳонлардан иборат. Ундаги синовларнинг ниҳояси йўқ, бирининг ортидан тўхтамай иккинчиси, учинчиси..... етиб келади. Зеро, бу дунё – Аллоҳ таолонинг вақтинчалик, жуда оз муддатга берган синов майдонидир, холос.
Аллоҳ таоло ҳар бир бандани абадий дунё учун синайди. Мўмин банда абадий дунёси – жаннатдаги маскани обод бўлишлиги учун яшайди. Роббисининг ҳузурига борганида пушаймон бўлиб қолишдан, азобига дучор бўлишдан қўрқади.
Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай огоҳлантиради: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз” (Бақара сураси, 155-оят).
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига имон келтирган банда ҳаётда дуч келадиган ҳар бир ҳолатда фақат Роббисига юзланади, ёлғиз Ундангина умидвор бўлиб, Унинг розилигини топишга уринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, унга мусибат беради", деганлар.
Шу боис, Аллоҳ таолонинг энг маҳбуб бандалари Пайғамбарлар алайҳимуссалом ҳаммадан кўра кўпроқ азият, озор чекишган. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида мусибати энг оғири пайғамбарлардир. Сўнгра уларга эргашган солиҳлар, ундан сўнг ўшаларга эргашган солиҳларга бўлади”, деганлар.
Юнус алайҳиссалом мусибатга учраганларида: «Лаа илааҳа иллаа анта субҳаанака инний кунту миназ золимийн» (Анбиё сураси, 87-оят) деб Аллоҳ таолога илтижо қилдилар. Аллоҳ таоло дуоларини қабул этди: «Биз унинг дуосини ижобат қилдик ва ғам-ғуссадан нажот бердик» (Анбиё сураси, 88-оят).
Айюб алайҳиссаломга мусибат етганда: «(Эй, Раббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан» (Анбиё сураси, 83-оят), деб Роббул аъламийнга юзландилар. Аллоҳ таоло илтижоларини қабул этди: «Биз унинг дуосини ижобат қилдик ва унга етган зарарни кетказдик» (Анбиё сураси, 84-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қийинчилик вақтида «Ҳасбуналлоҳ ва ниъмал-вакил!» (Оли Имрон сураси, 173-оят) деб Аллоҳга суяндилар. Аллоҳ таоло: «Улар Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила қайтдилар, уларга асло зарар етмади» деб марҳамат қилди (Оли Имрон сураси, 174-оят).
Демак, ҳар бир банда синовга дучор бўлар экан. Банданинг синовга мубтало бўлиши унга Аллоҳ ғазаб қилганини англатмайди. Акс ҳолда, пайғамбарлар мусибатга учрамаган бўлишарди.
Шундай экан, мўмин банда Аллоҳ таолонинг синовига учраганида ёлғиз Роббисига юзланиб, Унгагина илтижо қилиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мўмин худди навниҳол ўсимликка ўхшайди. Барги шамол эсган томонга қайрилаверади, (шамол) тинса, тикланиб қолади. Худди шунингдек, мўмин ҳам бало-мусибатга қайишади. Кофир эса худди қарағайга ўхшайди, то Аллоҳ уни Ўзи хоҳлаган пайтда синдиргунича ғўдайиб, типпа тик тураверади", дедилар (“Олтин силсила” китобидан. Саҳиҳул Бухорий).
Аллоҳ таоло Ўз фазли ва раҳмати ила барча мўмин-мусулмонларга офият ато этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Шукуҳ
Мамлакатимизда муборак Қурбон ҳайитини кўтаринки кайфиятда нишонлаш яхши анъанага айланган. Байрам кунлари юртимизда меҳр-оқибат, инсонпарварлик, шукроналик, саховат ва бағрикенглик каби халқимизга хос эзгу фазилатлар янада ёрқин намоён бўлади.
Ушбу муборак айёмда қариндош-уруғлар, яқинлар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинади, кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам берилади, қисқача айтганда, жамиятда бирдамлик ва аҳиллик муҳити яна ҳам мустаҳкамланади.
Кези келганда, бугун мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига чиққанини, барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам кўплаб ислоҳотлар амалга оширилаётганини, ютуқларга эришилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Янги Ўзбекистондаги бу муваффақиятлар замирида фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги янгилик ва енгилликларни алоҳида қайд этиш, хусусан, икки муҳим ҳужжатни эслаб ўтиш лозим.
Биринчиси — “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун, иккинчиси — Президентимизнинг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони. Ушбу икки муҳим ҳужжат том маънода диний-маърифий соҳа самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлди.
Фармонга асосан, кўҳна Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Бу халқимиз, хусусан, диний-маърифий соҳа вакиллари учун катта хушхабардир. Ушбу марказ том маънода буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш каби асосий вазифаларни бажаради. Нақшбандийлик таълимотининг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этади. Тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилади ва сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади.
Сирасини айтганда, ушбу марказ ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази сингари учинчи Ренессансни қарор топтириш йўлидаги яна бир мустаҳкам илм ва ақл маркази бўлади, албатта.
Шу ўринда, Ўзбекистон Президентининг Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган табригида таъкидланганидек, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси — Самарқанд шаҳри 2025 йилда Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Пойтахтимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ҳамда халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин тимсоли сифатида янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланажак, албатта.
Шукрки, мақтансак арзийдиган бу каби хушхабар ва янгиликлар бисёр. Айниқса, айни ҳайит кунларида бу юртдошларимиз кайфиятини янада кўтариши, байрамга ўзгача шукуҳ қўшиши муқаррар.
Кези келганда айтиш жоизки, муборак Қурбон ҳайитининг аҳамияти янги Ўзбекистонда ижтимоий давлат барпо этиш жараёнлари ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги шароитда тобора ортиб бормоқда. Бу муборак кунда яқинлар билан кўришиш, узоқлашган дўстлар билан ярашиш, қариндош-уруғларга зиёратга бориш — барчаси меҳр-оқибат ва инсонлар ўртасидаги узвий алоқаларни мустаҳкамлайди.
Ҳайит фақат байрамгина эмас, балки минг йиллар давомида шаклланган қадриятларимиз тараннуми ҳисобланади. Одатда ушбу айёмда ҳамма бир-бирини байрам билан самимий муборакбод этади, қурбонликлар қилинади. Қурбонлик гўштидан ва таомидан эҳтиёжманд, кам таъминланган инсонлар, турли миллат ва дин вакилларига улашилади. Бу, ўз навбатида, сахийлик, шукроналик, жамиятдаги тенгликни таъминлашга қаратилган улкан ибрат ҳамда муҳтожлар, етим-есирлар ва эътиборга муҳтож инсонлар ҳақида қайғуришнинг амалий ифодаси, қолаверса, ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг янада мустаҳкамланишига сабаб бўлади.
Ҳайит айёмингиз муборак бўлсин!
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.