Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:02
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2025, ,
Мақолалар

Умавийлар давридаги фатҳлар

15.11.2024   29396   11 min.
Умавийлар давридаги фатҳлар

Умавийлар даврида фатҳлар уч жабҳада олиб борилди. Кичик Осиёда румликларга қарши фатҳлар. Бу фатҳлар жуда кенг кўламли бўлиб, Қустантинияни, Ўрта ер денгизидаги баъзи оролларни фатҳ қилиш орқали амалга ошди.

Шимолий Африкадаги фатҳлар

Бу Атлантика океанигача етиб борди. Ниҳоят Жабали Ториқ номли жойдан ҳам ўтиб, Испаниягача етди.

Шарқий жабҳа

Шарқ томонда Ироқ, ундан кейин шимолга қараб Мовароуннаҳр, жануб тарафлар, Синд юртлари фатҳ қилинди.

Бироқ Бану Умайядан кейин Исломнинг кенгайиши тўхтаб қолди. Аббосийлар давлати ҳарбий жиҳатдан ривожлана олмади, бир қадам ҳам олдинга силжимади. Ислом дини даъватчилар, тожирлар фаолияти ёрдамида узоқ юртларга тарқалишда давом этди, лекин ҳарбий жиҳатдан юксалиш бутунлай тўхтаб қолди. Бу соҳадаги кенгайишлар кейинчалик, ғазнавийлар ва усмонийлар даврида яна олдинга силжий бошлади.

Муовия ибн Абу Суфён давридаги фатҳлар

У кишининг халифалиги даврида жуда катта фатҳлар амалга оширилган. Улар асосан икки асосий жабҳада бўлган. Биринчиси – ғарбий жабҳа. Ҳозирги Туркия давлатининг ўрни Рум деб аталиб, у ерларда доимий равишда чегаралар кўрилган ва фатҳ ишлари тўхтовсиз давом этиб турган.

Асосий мақсад Қустантинияни фатҳ қилиш эди. Ҳижрий 50 (милодий 670) йилда Қустантиния қамал қилинди, сўнг ҳижрий 53-61 (милодий 673-680) йилларда ҳам қамал қилиш ишлари давом этди. Лекин бу юртни фатҳ қилишнинг имкони бўлмади. Муовия розияллоҳу анҳу Ўрта ер денгизида бир минг етти юзта кемадан иборат денгиз флотини ташкил қилди ва унинг ёрдамида жуда кўп ғалабаларга эришди.

У киши ҳижрий 49 (милодий 669) йилда Сиқиллия – ҳозирги Сицилиядаги Журба оролини, ҳижрий 53 (милодий 673) йилда Урдус оролини, ҳижрий 55 (милодий 675) йил­да Кирит оролини фатҳ қилдилар. Шунингдек, ҳижрий 57 (милодий 677) йилда Эгей денгизидаги ороллар, Қустантинияга яқин ерлар фатҳ қилинди.

Африкада эса жуда кўп жойлар, жумладан, ҳижрий 41 (милодий 661) йилда Бинзерт, 45 (милодий 665) йилда эса Қайрувоннинг ёнидаги Қумуния фатҳ қилинди. Ўша йилнинг ўзида Суса шаҳри ҳам фатҳ этилди.

Уқба ибн Нофеъ розияллоҳу анҳу томонидан Сирт, Ғидамис, Тароблус (Триполи) шаҳарлари фатҳ қилинди. Вуддон қайтадан фатҳ қилиниб, унинг ерлари Фаззон ва Қафсага қўшилди. Ҳижрий 50 (милодий 670) йилда Қайрувон шаҳрини кўрди. Шунингдек, Уқба ибн Нофеъ Судан юртларидаги жойларни фатҳ қилди. Фатҳлар кенгайиб бориб Мағрибга, Жазоиргача етди. Уқба ибн Нофеъ Фиҳрий ўша майдондаги энг катта қўмондонлардан ҳисобланган.

Шарқий жабҳа

«Шарқий жабҳа» деганда Мовароуннахр юртлари, Синд юрти, Ҳиндистон кўзда тутилади. Икки дарё – Сайҳун ва Жайҳун дарёлари орасидаги ва унинг атрофидаги ерлар Мовароуннаҳр юртлари ҳисобланади. У ерда ўша пайтда Тоҳористон (пойтахти Балҳ), Софониён (пойтахти Шумон), Суғд (пойтахти Самарқанд ва Бухоро), Фарғона (пойтахти ўша вақтда Хўжанд бўлган), Хоразм (пойтахти Журжония), Ашрусна (Усрушона, пойтахти Панжикент), Шош (пойтахти Бинкет) каби юртлар машҳур бўлган.

Ўша пайтларда мазкур ўлкаларда истиқомат қилувчи аҳолининг кўп қисми бутпарастлардан иборат эди. Мусулмонлар Мовароуннаҳр юртларини фатҳ қилишни ҳижрий 41 (милодий 661) йилда бошладилар. Улар, аввало ҳижрий 43 (милодий 663) йилда Сижистонни фатҳ қилдилар. Ҳижрий 45 йилда Тохористоннинг баъзи юртлари фатҳ қилинди. Ниҳоят улар Куҳистонга етиб бордилар. Ҳижрий 55 (милодий 675) йилда Убайдуллоҳ ибн Зиёд Бухорогача етиб борди. Ҳижрий 44 йилда мусулмонлар Синд ва Ҳинд юртларига қадам босдилар. Бу юртларнинг аҳолиси маълум бир вақт бўйсуниб туришди, сўнг яна орқага қайтиб, вазият барқарор бўлмади. Ниҳоят Валид ибн Абдулмаликнинг даврита келиб мусулмонлар у ерларда ўз ҳукмларини мустаҳкамладилар.

Муовия ибн Абу Суфён давридаги вилоятлар

Уша пайтда Ислом давлатида бир неча вилоятлар мавжуд бўлиб, уларнинг баъзилари бир неча амирликлардан ташкил топган эди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида олтита вилоят бор эди.

1.  Шом вилояти

Шом вилояти асосий вилоят ҳисобланиб, унинг ҳудудлари жанубда Арабистон яриморолининг шимолидан бошланар, шимоли эса Турус тоғларигача етиб борар эди. Шара­да Фурот дарёсидан бошланиб, ғарбдаги чегараси Ўрта ер денгизигача етиб борган эди.

Бу вилоятда жумладан, Ҳимс, Қунсурайн, Антокия, Тароблус ва бошқа амирликлар бор эди.

2.  Куфа вилояти

Ироқнинг шимоли, курдлар, Озарбойжон ва шу тарафдаги бошқа ерлар ушбу шаҳардан туриб бошқарилар эди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ва у кишининг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо мана шу шаҳарда фаолият олиб борган эдилар. Муовия розияллоҳу анҳу бу вилоятга Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳуни волий қилиб тайинлади. У киши волийликни яхшилаб адо этиб, гўзал ўрнак бўлди.

3.  Басра вилояти

Бу вилоят Куфага яқин бўлса ҳам, Форс, Хуросон, Сижистон каби минтақалар айнан у орқали бошқарилар эди.

4.  Хуросон вилояти

Бу вилоятга тегишли ерлар авваллари Басрага қарар эди. Муовия розияллоҳу анҳу ушбу вилоятга Зиёд ибн Абийҳни волий қилиб тайинлади. Ундан кейин бошқа волийлар ҳам у ер да иш олиб бордилар.

5.  Мадинаи мунаввара вилояти

Асосий пойтахт бўлган Мадинаи мунаввара Ислом давлати учун энг аҳамиятли вилоят ҳисобланган, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, рошид халифалар ҳам Ислом давлатини мана шу шаҳардан туриб бошқарган эдилар. Ислом миллатининг етакчи кучлари – саҳобаи киромлар, муҳожир ва ансорлар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлар ва уларнинг авлодлари мана шу муборак шаҳарда яшаб келганлар. Шунинг учун бу вилоятга волий бўлган шахснинг обрўси ҳам катта бўлар эди.

Маккаи мукаррама ва бошқа вилоятларнинг сиёсий аҳамияти кам бўлгани учун тарихчилар уларни камроқ эслашади.

6.  Миср вилояти

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу бошчилигидаги фотиҳлар Мисрни фатҳ қилдилар ва уларнинг рахбари у ерга волий бўлиб қолди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларида Мисрга Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ розияллоҳу анҳуни волий қилдилар.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг даврларида Мисрга бир нечта волийлар тайинланди.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг даврида Мисрга яна Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу волий бўлди.

 

Хаворижлар

Хаворижлар, аввал айтиб ўтилганидек, Алий розияллоҳу анҳуни Сиффиндаги урушни тўхтатиб, Қуръони Каримнинг ҳукмига тушишга мажбурлаган, кейин ҳакамликни инкор қилган, Ҳарура деган жойда тўпланиб, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга қарши чиққан одамлар эди.

“Хавориж” сўзининг маъноси “қарши чиқувчилар”дир. Улар ер юзида фисқу фасод, бузғунчилик қилишди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу Наҳравон жангида уларни енгганларидан кейин кўпчилик хаворижлар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг лашкарларига қўшилиб олишди ва улардан бири имконини топиб, у киши розияллоҳу анҳуни қатл қилди.

Муовия ибн Абу Суфённинг даврида улар Куфа ва Басрада бир неча марта қўзғалон уюштиришди. Муовия розияллоҳу анҳу уларга қарши уруш олиб бориб, қўзғалонни бостирди.

Басранинг волийси Зиёд ибн Абийҳ ва унинг ўғли Убайдуллоҳ хаворижларга қарши ниҳоятда қаттиқ турар, сира шафқат қилишмас эди.

Хаворижлар асли сахролик қўпол, дағал, бераҳм, шафқатсиз одамлар эди. Улар одамларни иккига бўлиб – ё мўмин, ё кофир бўлади дейишар, ўзларининг фикрига қўшилганларни мўмин, қарши чиққанларни кофир ҳисоблашар, ҳатто ҳазрати Усмон, Алий, Муовия розияллоҳу анҳумни ҳам кофирга чиқариб қўйишган эди. Ҳаворижлар ўз жамоасига қўшилмаганларга қарши уруш қилишар, уларнинг қонини ҳалол санашарди. Натижада улар жуда кўп бало-офатларга сабаб бўлишди.

Мулоҳаза қилинадики, умавийлар давлати даврида ҳаворижлар жуда кўп ғалабаларга ҳам эришишган. Уларнинг турлича фирқалари бўлиб, азрақийлар, нажадотлар, ибозийлар, ажоридалар, сафариялар каби номлар билан аталган.

Язидга байъат қилиниши

Муовия розияллоҳу анҳу ўзи ҳаётлик чоғида ўғли Язид­га байъат қилдирди. Бу ишни қилган биринчи мусулмон айнан Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бўлди. Бунинг учун унга кўпчилик қарши чиқди. Ҳусайн ибн Алий розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абдурраҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳулар шулар жумласидандир. Шариатда жоиз бўлмаган бу иши учун Муовия розияллоҳу анҳу жуда кўп мусибат ва мушкулотларга, шиддатли қаршиликларга учради, лекин уларнинг ҳаммаси бостирилди.

Мусулмонларнинг раҳбарлик иши ҳисобланган халифаликни бундай масъулиятли ишга иқтидори бор, сифатлари талабга жавоб берадиган шахс зиммасига олиши керак эди, уни меросга айлантириш жоиз эмасди.

Муовия розияллоҳу анҳунинг вафоти

Муовия розияллоҳу анҳу одамлар орасида яхши сийрат билан яшади. Бутун ғайратини мусулмонларни бирлаштиришга сарфлади. Баъзи хаворижларни ҳисобга олмаганда, унга қарши турувчилар қолмади. Оз сонли хаворижларнинг таъсири эса жуда оз эди.

Муовия розияллоҳу анҳунинг даври узоқ давом этди. Шу билан бирга, жуда кенг қамровли бўлди. Шунинг учун тарихчилар унинг даври исломий халифаликнинг энг гўзал ва фаровон даврларидан бўлганини таъкидлайдилар. Бу даврда ички тинчлик ва омонлик қарор топди, турли қарши унсурларнинг ҳаммаси мағлуб қилинди, ташқи жабҳалардаги фатҳ, ишлари бардавом бўлиб, чор атрофга тарқалди. Ҳар тарафдаи ғалабалар тўғрисида хабарлар келиб турди.

Саҳобалар ва уларнинг ўғилларининг Муовия розияллоҳу анҳуга қарши туришига сабаб бўлган бирдан-бир нарса унинг ўзи тириклик чоғида ўғли Язид учун байъат олиши бўлди.

Муовия розияллоҳу анҳу ҳижрий 60 йил ражаб ойида (милодий 680 йил апрель ойида) вафот қилди. У кишининг халифаликлари йигирма йил давом этди. Муовия розияллоҳу анҳу Исломда биринчи бўлиб почта хизматини ва муҳр девонини йўлга қўйган киши ҳисобланади.

Кейинги мавзулар:

Язид ибн Муовиянинг халифалиги;
Шийъаларнинг қўзғалонлари;
Карбало фожиаси;
Ҳарра воқеаси ва Мадинани мубоҳ санаш;

Иккинчи Муовия ибн Язид.

 

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Нидо қилди... биз ижобат қилдик”

17.09.2025   7286   4 min.
“Нидо қилди... биз ижобат қилдик”

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло бандаларнинг тавба-тазарру қилиши учун турли имтиҳонлар билан синовлар беради. Мана шу синовлардан шукр ва сабр ила ўтганларга Аллоҳ улкан савоблар бериб, гуноҳларини кечиради, мусибатларини аритади.


Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнида туриб Аллоҳга зорланмадиларми?! У зотнинг нолаларига берилган жавоб қуйидагича бўлди: «Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик...»[1].


Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир, Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан! Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилгувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз»[2].


Айюб алайҳиссалом одоб ва ҳаё ила нидо қилмадиларми?! Аллоҳ таоло у зотга ҳам қуйидагича жавоб қилди: «Айюб эса Парвардигорига нидо қилиб: “(Эй Раббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан”, деб илтижо қилган пайтини (эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилиб, ундаги заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилгувчиларга эслатма бўлсин, деб (Айюб­га) оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг баробарида аҳли авлод ато этдик»[3].


Шунингдек, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг дуоларини ҳам ижобат қилиб: «Нуҳни (эсланг!) У илгари нидо қилганида Биз унинг (нидосини) мустажоб қилиб, ўзини ва аҳлини буюк ғамдан қутқардик»[4], деди.


Яъқуб алайҳиссалом ҳам бошига тушган синовни аритишини сўраб Аллоҳ таолога нидо қилди: «...Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан...»[5].

Пайғамбарларнинг энг афзали бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан қувғин бўлиб, ҳатто ёш болалар тошбўрон қилишганида кавушлари қонга тўлиб оламлар Роббига дуою илтижолар ила юзланганлар: “Қувватсизлигим, чорасизликдан ва одамлар олдида хорлигимдан Сенга шикоят қиламан, эй Раббим! Сен Раҳмли Зотсан! Заифҳолларнинг Парвардигорисан ва менинг ҳам Роббимсан! Мени кимга ташлаб қўйдинг? Менга қовоғини соладиган бегонага  ташлаб қўйдингми? Ишимни душманга топшириб қўйдингми? Муҳими, ғазабингга дучор бўлмаган бўлсам, бундан бошқа барчаси бекор! Шундай бўлса-да, офиятинг мен учун кенгдир. Зулматларни ёритган, дунё ва охират ишлари у билан юриб турадиган Важҳинг нури ила паноҳ сўрайман. Ғазабингга дучор бўлиб қолишимдан паноҳ тилайман. Ўзинг рози бўлгунингга қадар розилик Сеникидир[6]. Сендан ўзгада қувват ҳам, куч ҳам йўқ!”.


Бу дуонинг, нидонинг жавоби нима бўлди?!

Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдиларига келиб: “Қавмингизнинг сизга айтган гапларини ва қандай қилиб сизни қувғин қилганларини Аллоҳ кўриб турибди. Аллоҳ таоло тоғларга масъул бўлган фариштани юборди, улар борасида нимани ихтиёр қилсангиз, буюришингиз мумкин”, деди.

Шунда Пайғамбар алайҳиссаломга тоғларга масъул фаришта нидо қилиб: “Маккадаги мана бу икки тоғни уларнинг устига қопқоқ қилиб ёпиб қўйишимни хоҳласангиз, шундай қиламан”, деди. Набий алайҳиссалом: “Аксинча, мен Аллоҳ таоло уларнинг пушти камарларидан Ягона Аллоҳга ибодат қиладиган, У Зотга бирор нарсани шерик қилмайдиганларни чиқариб қўйишини умид қиламан”, дедилар.


Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.


[1]  Анбиё сураси, 88-оят.
[2]  Анбиё сураси, 87–88-оятлар.
[3]  Анбиё  сураси, 83–84-оятлар.
[4]  Анбиё сураси, 76-оят.
[5]  Юсуф сураси, 86-оят.
[6]  Бу мажозий маъноси. Ҳақиқий маъноси: “Сен рози бўлганингча Сендан дакки эшитавераман”.

 

Мақолалар