Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Хадича онамиз вафот этганидан кейин ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишига бўлган муҳаббатлари сўнмади. Агар Хадича онамизнинг қариндошларидан бирор киши у зотнинг олдиларига келса, ҳол-аҳвол сўраб, унга ғамхўрлик қилардилар. Хадича онамизнинг энг қийин дамларда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатган катта ёрдамларини ҳар доим зикр қилардилар. Баъзан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамиз ҳақида яхши гапларни гапирсалар, Оиша онамиз рашк қилган пайтлари ҳам бўларди. Оиша розияллоҳу анҳонинг ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизни эсга олсалар, уни мақтаб, ҳаққига истиғфор айтишдан чарчамас эдилар.
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизнинг меҳрибонлиги ҳақида гапириб қолдилар. Оиша онамиз ҳам ўша ерда эди. У киши ўзларини тута олмай: «Доим Хадича ҳақида гапирасиз. Лекин Аллоҳ сизга ўша кекса кампирнинг ўрнига ёшроқ ва гўзалроқ аёлларни берди», дедилар.
Бу гапдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаттиқ ғазабланганларини кўрган Оиша розияллоҳу анҳо пушаймон бўлиб, ўзига-ўзи: «Ё Роббим! Расулингни ғазаби босилсин, мен бундан кейин Хадичани ёмонлик билан тилга олмайман», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг аҳволини кўриб:
«Йўқ, Аллоҳ менга ундан яхшисини бермади. Аллоҳга қасамки, ҳамма куфрда бўлган бир пайтда у менга иймон келтирди. Ҳамма мени инкор қилган пайтда мени тасдиқлади. Аллоҳ таоло ундан менга фарзандлар ато этди», дедилар.
Шундан сўнг Оиша онамиздаги Хадича онамизга нисбатан рашк ҳисси бутунлай йўқолди. Оиша розияллоҳу анҳо айтган гапларидан хижолат бўлиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни пайғамбар қилиб юборган Аллоҳга қасамки, бундан буён Хадича ҳақидаги хотираларингизни бизга айтиб беришингизни хоҳлайман», дея Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгилларини олдилар.
«Миллионер саҳобалар» китобидан
Амир Темур нафақат буюк саркарда, давлат арбоби, балки ўз даври илм аҳллари ҳомийси ҳам бўлган. У мамлакатни ривожлантиришда илм-фан ва ислом олимларининг аҳамияти беқиёс эканлигини яхши тушунган. “Салтанатда эришган барча муваффақиятим ва мустаҳкам жойларни забт этишим – буларнинг барчаси Шайх Шамсуддин Фоҳурий дуоси, Шайх Зайнуддин Хавофий ҳиммати ва Саййид Барака марҳамати шарофатлари ёрдамида бўлди”, деб таъкидлаган эди[1]. Зар қадрини заргар билади, деганларидек, Соҳибқирон саройида таниқли мутафаккирларни жамлашга ҳаракат қилган.
Мўғуллар давридан кейин, Амир Темур даврида исломга давлат дини мақомининг қайтарилиши янги уламолар табақаларининг шаклланишига олиб келди[2].
Темур давлатида Самарқанд сиёсий пойтахтгина эмас, балки илмий марказ ҳам эди[3]. Бу тўғрида Мовароуннарда бўлган европалик сайёҳлар ва ўша даврда яшаб ижод этган тарихнавис Шарқ олимлари етарли маълумотлар қолдирганлар.
Тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, “Темур олимларга меҳрибон, саййиду шарифларни ўзига яқин тутар эди. Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан тамом муқаддам кўрар эди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб иззату икромини изҳор қилар эди”[4]. Натижада салтанат пойтахти Самарқандда ўз даврининг турли соҳалари бўйича буюк алломалар жам бўлдики, бу жамлашни Соҳибқирондек илм-фанни яхши тушинган ва уни қадрига етган ҳукмдоргина амалга ошириши мумкин эди.
Бунга қуйидаги икки воқеани келтириш мумкин. Амир Темур Хоразмга келганида, Малик Муҳаммад Сарахсий ибн Малик Муъизиддин Ҳусайн Курт ўз жияни Пирмуҳаммад Ғиёсиддин Пиралидан Амир Темурдан Аллома Тафтазоний раҳмутуллоҳи алайҳни Сарахсга таклиф қилишини сўрашни илтимос қилди. Амир Темур Аллома Тафтазоний раҳмутуллоҳи алайҳнинг илмдаги фазлини билиб, у зотни Самарқандга таклиф қилишни афзал кўрди. Аввалига Аллома Тафтазоний раҳмутуллоҳи алайҳ Амир Темурнинг таклифига жавоб бермай турди, сўнг Ҳижозга сафар қилиш нияти борлигини айтиб, узр айтмоқчи ҳам бўлди. Аммо Амир Темур иккинчи бор таклиф юборганидан кейин Самарқандга равона бўлди[5].
“Амир Темур ўта аҳмиятли ва фойдали ишларидан бири бўйича чопар юборди. Чопарга: “Агар йўлда отга ҳожат тушиб қолса, кимни кўрсанг ҳам отини ол, агар ўғлим Шоҳруҳ бўлса ҳам”, деди. Чопар у амр қилган тарафга тезлаб жўнади. Йўлда аллома Тафтазонийга дуч келди. У дам олиш учун бир жойга тушган, отлари чодирнинг олдига боғланган экан. Чопар ўша отлардан бирини олди. Аллома Саъдуддин Тафтазоний чодирдан чиқиб, уни ушлаб олди. Отни чопардан қайтариб олди.
Чопар Амир Темурнинг олдига қайтиб борганида бўлган гапни унга айтди. Шунда Амир Темур қаттиқ ғазабланди. Аммо бироздан сўнг: ”Агар унинг ўрнида ўғлим бўлганида, уни қатл қилардим. Лекин қайси жойга борсам, китоблари у ерга менинг қиличимдан олдин кириб борган одамни қандай қилиб қатл қиламан”, деди[6].
Тошкент ислом институти Қуръон илмлари кафедраси
ўқитувчиси Қурбанов Содиқ
[1]Абулаббос Шиҳобуддин Аҳмад ибн Муҳаммад Димашқий. Ажоиб ал-мақдур фи тарих Таймур. – Байрут: Муассат ар-рисола, 1986. – Б. 48. 13
[2] Алимов У. Самарқандда калом илмининг ривожланиши. – Т.: Мовароуннаҳр, 2008. – Б. 59.
[3]Фернанд Брудил. Тарих ва маданиятлар қоидалари / Ҳусайн Шариф таржимаси. – Қоҳира. Ал-ҳайъа ал-мисрийя ал-омма ли-л-китоб, 1999. – Б. 77.
[4]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф. Самарқанднинг сара уламолари.-Тошкент: Ҳилол нашр, 2019.-Б.7
[5]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф. Самарқанднинг сара уламолари.-Тошкент: Ҳилол нашр, 2019.-Б.17
[6]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф. Самарқанднинг сара уламолари.-Тошкент: Ҳилол нашр, 2019.-Б.19.