Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Доктор Атсуши Камал Окуда Токиодаги Кеё университетида сиёсий тизимлардан дарс беради. Доктор Окуда Қуръони каримнинг бир ояти сабабли Исломни қабул қилди. Мусулмон бўлгунига қадар ўз ҳаёти ҳақида бундай деди: “Исломдан олдин ҳаётим жуда тартибсиз эди. Мусулмон бўлганимдан кейин яратилишимизнинг асл ҳақиқатини англадим. Аллоҳ таоло мени ҳидоятига бошлагани ҳаётимдаги энг бахтли кундир”.
Доктор Атсуши Камал ҳаёт ҳақиқатини излаб кўплаб динларни ўрганди, лекин улар унинг саволларига жавоб бера олмас, бундан унинг ҳафсаласи пир бўларди.
Кунларнинг бирида бир мусулмон олимнинг мақоласини ўқиб қолади. Мақоладаги инсониятнинг келиб чиқиши ҳақидаги оятлар Окуданинг эътибори тортади, чунки у ҳеч қачон бунга ўхшаш маълумотларни ўқимаган эди. Доктор Атсуши Камал Окуданинг Исломни қабул қилишига ушбу оят сабаб бўлганди: “Батаҳқиқ, Биз инсонни қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратдик” (Ҳижр сураси, 26-оят).
Доктор Окуда Ислом тенгликни тарғиб қилувчи дин эканини тушуниб етади. Ислом динини яхшироқ ўрганади ва ниҳоят Исломни қабул қилади.
Бугунги кунда доктор Атсуши Японияда Ислом динини ёйишга хизмат қилмоқда. Исломни қабул қилиш Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъмати эканини ҳамиша таъкидлаб келади. Доктор Окуда: “Аллоҳ таоло менга Исломни берди ва буни бошқалар билан баҳам кўришни ўзимнинг бурчим деб биламан” дея кўп бора такрорлайди ва ушбу оятни эслатади: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни Унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд, тақво қилсангиз” (Анъом сураси, 153-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД
Муҳаммадёқуб домла Абдулҳакимов - Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани “Абдуллоҳ ибн Ҳузофа” жоме масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати