Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Декабр, 2025   |   4 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:03
Хуфтон
18:22
Bismillah
24 Декабр, 2025, 4 Ражаб, 1447

Бир оят сабабли Исломни қабул қилган профессор

18.11.2024   8465   1 min.
Бир оят сабабли Исломни қабул қилган профессор

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Доктор Атсуши Камал Окуда Токиодаги Кеё университетида сиёсий тизимлардан дарс беради. Доктор Окуда Қуръони каримнинг бир ояти сабабли Исломни қабул қилди. Мусулмон бўлгунига қадар ўз ҳаёти ҳақида бундай деди: Исломдан олдин ҳаётим жуда тартибсиз эди. Мусулмон бўлганимдан кейин яратилишимизнинг асл ҳақиқатини англадим. Аллоҳ таоло мени ҳидоятига бошлагани ҳаётимдаги энг бахтли кундир”.

Доктор Атсуши Камал ҳаёт ҳақиқатини излаб кўплаб динларни ўрганди, лекин улар унинг саволларига жавоб бера олмас, бундан унинг ҳафсаласи пир бўларди.

Кунларнинг бирида бир мусулмон олимнинг мақоласини ўқиб қолади. Мақоладаги инсониятнинг келиб чиқиши ҳақидаги оятлар Окуданинг эътибори тортади, чунки у ҳеч қачон бунга ўхшаш маълумотларни ўқимаган эди. Доктор Атсуши Камал Окуданинг Исломни қабул қилишига ушбу оят сабаб бўлганди: “Батаҳқиқ, Биз инсонни қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратдик” (Ҳижр сураси, 26-оят).

Доктор Окуда Ислом тенгликни тарғиб қилувчи дин эканини тушуниб етади. Ислом динини яхшироқ ўрганади ва ниҳоят Исломни қабул қилади.

Бугунги кунда доктор Атсуши Японияда Ислом динини ёйишга хизмат қилмоқда. Исломни қабул қилиш Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъмати эканини ҳамиша таъкидлаб келади. Доктор Окуда: “Аллоҳ таоло менга Исломни берди ва буни бошқалар билан баҳам кўришни ўзимнинг бурчим деб биламан” дея кўп бора такрорлайди ва ушбу оятни эслатади: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни Унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд, тақво қилсангиз(Анъом сураси, 153-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аҳли сунна вал жамоа кимлардан иборат?

22.12.2025   5995   2 min.
Аҳли сунна вал жамоа кимлардан иборат?

Бу уммат бошидан охиригача бир ақида – ашъарий-мотуридийлик ақидасида эди. Муфассирлар, ҳадис шориҳлари, фуқаҳолар, навҳ ва луғат уламолари, буларнинг деярли барчаси эътиқодда бир йўлни тутишган эди. Бу гапни исботлашга ҳожат йўқ, бу ҳақиқат экани кундек равшан аксиомадир. Уламоларнинг таржимаи ҳоллари ҳақида ёзилган китоблар олимларни бу мазҳабларга мадҳ ва мақтов ўлароқ нисбат берганини кўрасиз. Буюк уламолар ҳақида маълумотлар келтирилганда Имом Фалончи, мазҳаби шофеъий, ё ҳанафий, ақидада ашъарий ё мотуридий, дейилган. Кўпинча олимнинг тасаввуфдаги тариқатига ҳам тўхтаб ўтилади. Масалан, Имом Жунайд тариқатида бўлса, Жунайдий нисбати берилади.

Бу одат яқин-яқингача давом этиб келаётган эди. Бунга биров эътироз ҳам билдирмаган, инкор ҳам қилмаган. Бирон олим ҳақида гапирилар экан, фиқҳда тўрт мазҳабда қайсига эргашиши, ақидада ашъарийми мотуридийми қайси манҳажда экани ва тариқатдаги йўли баён қилинмай қолмаган. 

Бу дастур умматни шарқию ғарбини, шимолию жанубини минг йилдан бери ягона қалбга, ягона фикр атрофига жамлаб келади. Бирон одам оғриса, бутун тана ўша касал аъзо учун қайғуриб, даволашга киришарди. 

Тарихимизни зийнатлаб турган, бугунги шармандаликларни бир мунча тўсиб турган тарихий ғалабаларимиз ҳам шу ақида, шу тафаккур воситасида қўлга киритилган.

Ҳиттинда салибчиларни ер тишлатиб, Қуддусни қайтариб олган Салоҳиддин Айюбий ва унинг қўшини айни шу мазҳаб ва тариқатларда бўлишган. Биронталари бугунги салафийликни билган эмас. 

Музаффар Қутз, Зоҳир Бейбарс ва улар билан елкадош бўлган Изз ибн Абдуссалом каби уламолар мазҳабда бўлишган. Айни Жолутда мўғулларни тор-мор келтиришда ҳам асосий қуролимиз бирлик эди. Ўша пайтда бошини баланд кериб: “Бидъатчисизлар, ширк келтиряпсизлар, қабрларни зиёрат қилиш ширк”, деб қичқирадиган шаллақилар бўлмаганди. 
 
Султон Муҳаммадхон Фотиҳ ва унинг қаторидаги олим ва муршидлар динда бир манҳажни тутишган эди. Кофирлар қўлида қолиб кетган шаҳар (Қустантиния)ни фатҳ қилиб, машҳур ҳадисда келган башоратга* ноил бўлишди. Аммо ҳадис мусулмон ашъарий-мотуридий қўмондон ва унинг қўшини ҳақида эканидан қалблари ёниб, ҳасад қилаётган бугунги бемазҳаб тоифалар ҳадиснинг тасдиғини бузиб талқин қилишмоқда. (давоми бор)

Доктор Аҳмад Муҳаммад Фозил,
Истанбулдаги Султон Муҳаммад Фотиҳ жомеъаси,

исломий илмлар куллияси доктори

*Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қустантиния, албатта, фатҳ қилинажак. Унинг амири нақадар яхши амир, қўшини нақадар яхши қўшин!”. (Имом Аҳмад ва Ҳоким ривояти).

Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
Абдулбосит Абдулвоҳид ўғли таржимаси

МАҚОЛА